
Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани 3-сектори ҳудудидаги "Ўртабўз" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 13 нафар ва Бургалик маҳалласида яшовчи 10 нафар "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турувчи ёшга ҳудуддаги фермер хўжалигининг унумдор ерларидан 25 сотихдан 1 йил муддатга фойдаланиш учун ер майдонлари ажратилган эди.
Бугун ёшларга ажратилган ер майдонлари туман ҳокимлиги ташаббуси билан экишга тайёрланиб, дуккакли экинлар экилди.
Ҳозир Оққўрғон туманида “Ёшлар дафтари”га киритилган жами ёшлар 2 минг 112 нафарни ташкил этади. Шуларнинг ичидан ер олиб, деҳқончилик қилиш истагини билдирган ёшларга ўзлари яшаётган ҳудуддан 30 сотихдан ер майдони ажратиб берилмоқда.
Жумладан, “Тортувли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 23 нафар ёшлар ўзларининг яшаш ҳудудларига яқин жойлардан деҳқончилик қилиб даромад олишлари учун ер майдонлари тақсимлаб берилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар замирида ҳукуматимиз томонидан ҳар қандай вазиятда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш ва шу билан аҳоли турмуш тарзини ва фаровонлигини янада ошириш сингари мақсадлар ётибди.
Жорий йилнинг 17 апрел куни Юқори Чирчиқ тумани ҳокими У.Атемов раҳбарлигида "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган ижтимоий-иқтисодий, психологик, ногиронлиги мавжуд ёшларга ер ажратилди. Ҳудуддаги "Ийк ота" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 10 гектар ер майдони 40 нафар ногиронлиги мавжуд ёшларга 25 сотихдан тайёр ҳолатда топширилди.
Юқори Чирчиқ тумани кесимида жами 357 нафар ёшларга 89 гектар 25 сотих ер фойдаланиш учун берилди.
Ушбу амалий тадбирда туман ҳокимининг Ёшлар сиёсатини ижтимоий ривожлантириш маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Асқаров, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Р.Утамалиев, туман Ёшлар ишлари Агентлиги раҳбари Н.Хожиев, маҳалла раислари ҳамда ёшлар иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 04 2021 / 14:00