Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Келгуси йилда ҳам экин майдонларига ўз вақтида сув етказиб берилади



Улашинг :


Келгуси йилда ҳам экин майдонларига ўз вақтида сув етказиб берилади
15.10.2025

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасиҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида “Навоий” насос станциясида амалга оширилаётган ишлар, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс тур ташкил этилди.

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги “Навоий” насос станцияси Қизилтепа туманида жойлашган бўлиб, сувни Аму-Бухоро машина каналидан олиб, “Навоий” каналига ташлаб беради. Ушбу насос станцияси жамоаси вилоятнинг Қизилтепа ва Кармана туманларининг 18,1 минг гектар экин ер майдонларини сув билан таъминлашда хизмат кўрсатади.

– “Навоий” насос станцияси дастлаб 1979 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган бўлиб, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 августдаги “Франция Республикаси Ҳукумати иштирокида “Навоий вилоятидаги “Навоий” ва “Учкара” насос станцияларини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қайтадан реконструкция қилинган, – дейди насос станцияси бошлиғи Жаҳонгир Ибрагимов. – Насос станцияда 12 дона насос агрегатлари мавжуд бўлиб, умумий сув чиқариш қобилияти секундига 22,8 метр кубни, умумий қуввати эса 21,6 минг кВт ни ташкил этади. Насос станцияни сув кўтариш баландлиги 75 метр бўлиб, босимли қувури икки қаторли, диаметри 3240 мм, узунлиги 4400 метрни ташкил этади. Насос станция йилига ўртача 77,4 миллион метр куб сув чиқариб, 16,2 миллион кВт/соат электр энергия сарфлайди.

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфида жами 37 дона насос станцияларида 172 дона насос агрегатлари мавжуд. Уларнинг 32 донаси суғориш насос станциялари бўлиб, 82 минг 360 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришга хизмат қилади. Насос станцияларнинг сув олиш манбаси асосан Зарафшон дарёсининг қуйи қисмидан шаклланади. Мелиоратив насос станциялари сони эса 5 дона бўлиб, 6 минг 474 гектар ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

– Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги насос станцияларни 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 56 дона насос агрегатларида қарийб 830,5 миллион сўм, 53 дона суғориш қудуқларида 172,5 миллион сўм, 40 дона мелиоратив қудуқларида 100,9 миллион сўм ҳамда 13 дона трансформаторларда 66,5 миллион сўм маблағ ҳисобидан жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган, – дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Ғиёс Джанзаков. – Бугунги кунда бошқарманинг насос станциялари ва ер ости тик қудуқларида таъмирлаш бўлимлари томонидан 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, “Конимех-1”, “Жамбул”, “Шодибек”, “Бўстон-2”, “Кенгсой”, “Навоий”, “Юлдуз”, “Тосс”, “Шовот-2”, “Кўксарой” ва “Касаба” насос станцияларидаги насос агрегатлари ҳамда ЭЦВ русумли насосларда тасдиқланган режа графикка асосан ишлар олиб борилмоқда.

Пресс тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

15 10 2025 / 11:31