Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, замонавий
технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида
тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар, жумладан, Германия билан
аграр соҳада тажриба ва инновациялар алмашинуви алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон фермерлари кенгаши
раиси Актам Хаитов Германия Федератив Республикаси Бундестагининг Қишлоқ
хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича қўмита раиси Херманн Фэрбер
бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ташриф доирасида бўлиб ўтган учрашувда қўмита
котибияти мудири Винфрид Хольц, Бундестаг депутатлари Кристоф Фрауенпрайс,
Штеффен Яних ва Ина Латендорф ҳам иштирок этдилар.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантириш бўйича амалга
оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Жумладан, фермер
хўжаликлари ва чорвачилик билан шуғулланувчи фермерларни қўллаб-қувватлаш,
соҳани рақамлаштириш, экин майдонларида томчилатиб суғориш ва лазерли текислаш
каби замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор
қаратилди.
Шунингдек,
мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, органик маҳсулотларни
сертификатлаш ҳамда бу йўналишдаги қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама
этилди. Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма фаолияти тўғрисида
маълумот берилди. Германиянинг қишлоқ хўжалигидаги ютуқлари, фермерлар
тажрибаси ва агроинновациялар соҳасидаги ечимлар билан танишиш, шунингдек,
ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам
бўлди.
М.Ҳожиакбарова,
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
23 10 2025 / 11:59