
Ўзбекистон туманидаги “Қирқкетмон” маҳалла фуқаролар йиғинида 511 та хонадон бўлиб, 2 минг 416 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар 42 гектардан ортиқ майдондаги томорқадан самарали фойдаланиб, рўзғори ободлигини таъминламоқда. Шунинг учун маҳаллада камбағал оилалар йўқ, ҳисоби. Бугунги кунда юздан ортиқ хонадонда иссиқхоналар бўлиб, тўрт мавсумда ҳам уларда иш қизғин.

Мўминжон Маматовнинг хонадонига барча ҳавас қилади. Боиси, хонадон соҳибининг томорқадаги тажрибасидан ўрнак олса арзигулик. Меҳнат қилган кишининг рўзғорида барака бўлади. Буни саранжом-саришталик ва файз акс этиб турган мазкур хонадондан яққол билиш мумкин.
Мўминжон ака 4 нафар фарзанд ва 5 набиранинг бобоси. 3 қизини турмушга узатган. Бир ўғли томорқа ишлари-ю, рўзғорни бут тутишда яқиндан кўмакчи. Хонадонда ташкил этилган 2 сотихли 2 та иссиқхонада лимон кўчатидан тортиб, картошка, помидор, бодринг, пиёз, турли резавор кўкатлар ва ҳатто қулупнайгача етиштирилмоқда.
Дастлаб, 2012 йилда гулчилик билан шуғулланишни бошлаган миришкор оила томорқачиликнинг ҳақиқий ҳадисини олган. Ўтган йили парваришланаётган 30 хил турдаги гуллардан олинган 20 миллион сўмдан ортиқ даромад чўғини бу йил ҳам пасайтиришмоқчи эмас.

– Картошкани 15 январда эккан эдим, мана илдизини тупроғидан ажратмай алоҳида қопларга жойлаб чиқдим, ривожланиши бинойидек, – дейди Мўминжон ака. – Унинг ердаги ўрнига кўкатлар экканман. Ўзига хос иқтисод-да бу, ердан унумли фойдаланишда фойда кўп.
Мазкур оила томорқадан ташқари паррандачиликни пухта ўзлаштиришган. Икки қават қилиб ясалган катакларда 13 хил турдаги 50 дан ортиқ парранда боқиб, муносиб даромад олишмоқда. Фарзанди Муслимбек бу соҳага қизиққани учун интернет орқали янгиликларни топади. “Ухейилюй” зотли қадимий Хитой ноёб товуғи, Ҳиндистон, Туркия ва Руминия давлатларидан келтирилган “Мрамор брама”, “Рангли брама” каби ноёб зотли товуқлар ва уларнинг тухумларидан сўнгги уч ойнинг ўзида 12 миллион сўмлик соф даромад топишди. Мўъжаз хонадонда қўй ва қорамол боқиш учун ҳам қулай шароит яратилган.
М. Сулаймонов, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 04 2021 / 14:25