Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

ЎзЛиДеП “Креатив тадбиркор ёшлар” форумига старт берди



Улашинг :


Давлатимиз раҳбарининг 21 октябрь куни сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт, таълим, тиббиёт ва бошқарув тизимига жадал татбиқ этиш бўйича видеоселектор йиғилишида илгари сурган ташаббуслари ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Президентимиз томонидан “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳасини кенгайтириш, ёшлар ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада “Сунъий интеллект альянси”ни ташкил этиш таклифлари мамлакатда илғор технологияларга асосланган янги иқтисодий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда O‘zLiDeP томонидан Олмалиқ шаҳрида “Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ташкил этилди. Форумнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида креатив иқтисодиётни ривожлантириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада кучайтиришдан иборат бўлди.

Форум доирасида дастлаб “Креатив ғоялар ярмаркаси” ташкил этилиб, унда 20 нафар стартапчи ёшлар ўз лойиҳаларини тақдим этдилар. Шунингдек, 20 нафар IT ихтирочиларнинг инновацион ишланмалари, 40 нафар муҳандислик йўналишидаги ёшлар ижодий маҳсулотлари ҳамда имконияти чекланган 5 нафар ёшлар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулот ва хизматлар намойиш этилди. Форумда, шу билан бирга, 40 нафар миллий ҳунарманд усталарнинг кўргазмаси ва амалий машғулотлари (мастер-класслар) ҳам ташкил этилди.

Форумнинг “Менторлик сессияси” бўлимларида муваффақиятли тадбиркорлар, стартап асосчилари ва бизнес-тренерлар ёшлар билан учрашиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар инновацион маҳсулотни бозорга чиқариш, лойиҳаларни молиялаштириш, маркетинг стратегиясини тузиш ва бизнес режалаштириш бўйича амалий тавсиялар бердилар. Бу ёшлар учун илҳом манбаи ва амалий тажриба мактаби бўлди.

“Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ёш авлоднинг салоҳиятини очиб бериш, уларни инновацион тафаккурга йўналтириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни қўллаш орқали янги қиймат яратишга ундашда муҳим аҳамият касб этади. Умуман олганда, мазкур форум мамлакатимизда креатив иқтисодиётни ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини амалда қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни замонавий бозор талабларига мос тадбиркорлар сифатида шакллантиришга хизмат қилади. Мазкур форум республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил қилинади.

ЎзЛиДеП сайтидан





Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

27 10 2025 / 11:51