Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади



Улашинг :


Ўзбекистонда 1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади. Хусусий боғча ва мактабларга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади. У ерда таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар томонидан олиб борилади.

5 февраль куни Ўзбекистон президентнинг «Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони [ПФ-19] қабул қилинди.

Фармон билан бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади.

Мактабгача таълим тизимида болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва уларга таълим беришни ижобий муносабатлар орқали амалга ошириш мақсадида ўйинга асосланган таълим жорий этилади.

Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган ва Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этилади.

Фармон била қуйидагилар белгиланди:

· бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳларда амалга оширилади;

· мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:

· мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади;

· мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ҳамда ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2027/2028 ўқув йилига қадар бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилишини инобатга олган ҳолда унинг қайта кўриб чиқиши керак.

«Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари:

· 2026−2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан ташкил этилади;

· давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият олиб боради ҳамда илғор хорижий тажрибалар асосида ўйинга асосланган таълим ва тарбия жараёнларини амалга оширади;

· раҳбар ва педагог ходимлари, жисмоний тарбия йўриқчиси, мусиқа раҳбарлари, психолог, тарбиячи ёрдамчиларининг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида Давлат бюджетидан ҳар ойлик қўшимча устама жорий этилади. Бунда маъмурий-бошқарув ва педагог ходимлар лавозимига қабул қилиш олий маълумотли, юқори салоҳиятли номзодлар орасидан танлов асосида амалга оширилади.

Болаларни ривожлантириш инновацион марказларида:

· болаларнинг ёши ва ривожланиш босқичларига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, жисмоний Фаоллик ва саргузашт, тил ва тасаввур ҳамда робототехника ва илк алгоритмлаш йўналишларида тематик ўйингоҳлар ташкил этилади;

· симуляцион вазиятлар орқали болаларда касбларга қизиқиш уйғотиш, экологик маданиятни шакллантириш каби йўналишлар бўйича таълим-тарбия жараёни амалга оширилади;

· соҳавий олийгоҳ, малака ошириш ва илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда илғор педагогик технологияларни ишлаб чиқиш юзасидан тадқиқотлар олиб борилади, уларнинг натижаларини педагоглар ва ота-оналар ўртасида оммалаштириш бўйича чоралар кўрилади.

«Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги лавозимлар киритилади:

· ҳар бир «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотига 1 та штат бирлигидан Болаларни ривожлантириш инновацион маркази фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари;

· ҳар бир тематик ўйингоҳ учун 1 та штат бирлигидан иборат тарбиячи-йўриқчи.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишган ҳолда 2026 йил 1 июлга қадар қуйидагиларни ишлаб чиқиши керак:

· 1720 ўринга мўлжалланган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотининг намунавий лойиҳаларини;

· мактабгача таълим ташкилоти ва умумий ўрта таълим ташкилоти бир ҳудудда жойлашишини назарда тутувчи намунавий лойиҳани.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврларни тайёрлаш халқаро тажрибаларга мос равишда такомиллаштирилган таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Шундек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун тегишли олий таълим ташкилотларида дуал таълим шаклида (бир кун педагогика олий таълим ташкилотида, беш кун мактабгача таълим ташкилотида) мактабгача таълим йўналишида тўлов-шартнома асосида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунда таълим жараёнларини ташкил этишда талабаларнинг мактабгача таълим ташкилотларидаги амалий фаолиятини методик таъминлаш, мувофиқлаштириш ва баҳолаш механизмлари жорий этилади;

Янги ташкил этилган давлат мактабгача таълим ташкилотларига, биринчи навбатда, олий маълумотли тарбиячилар ишга қабул қилинади. Бунда белгиланган тартибда тасдиқланадиган низомга мувофиқ тарбиячилар танлов асосида саралаб олинади.

Gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

10 02 2026 / 16:09