Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси бўлиб ўтди



Улашинг :


Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси бўлиб ўтди

2021 йил 16 апрель куни соат 10:00да Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси - O`zLiDeP ҳамкорлигида Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу давра суҳбати Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси - O`zLiDeP, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-Омбудсман) ва Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ташкил этилди.

Тадбир иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-Омбудсман), Ўзбекистон Респубикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодий тараққиёт ва камағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат содиқ қўмитаси, Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институти, Олий Суди ҳузуридаги Судьялар Олий мактаби, Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Олий таълим ва илмий–тадқиқот муассасалари эксперт-олимлари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари вакиллари таклиф этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида келтирилган мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган бизнес соҳасидаги ислоҳатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, жумладан амалдаги 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг сонини қисқартириш ва булар натижасида такомиллашган ягона ҳужжат - Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқишга оид устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Маълумки, бундан 4 йил олдин мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилинган эди. Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида республикамизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг сони икки баробар кўпайиб, 400 мингдан ошиб кетди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбари мораторий муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этди.

Шу билан бирга, бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва замонавий технологиялар асосида ўз фаолиятини юритаётган ҳалол-пок тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан уларнинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш масалаларига ҳам ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, сўнгги тўрт йил мобайнида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 5 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратмоқда, деб айта олмаймиз.

Шу боис, барча тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий нуқтаи-назардан тартибга солиш, мамлакатда бизнес соҳасининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш каби мақсадларни ўзида мужассамлаштирган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва кенг муҳокама асосида қабул қилиш ҳамда соҳага жорий этиш бугунги давр талаби эканлиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155- сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 3.8 бўлими (Хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириишни таъминлайдиган ишбилармонлик муҳитини яратиш) 84-бандида Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Лойиҳада:

-тадбиркорлик тушунчаси, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, шунингдек, уларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш тартиби;

-тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратининг ҳуқуқий асослари;

-тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантирувчи нормалар;

-тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари;

-тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

-тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, коррупция билан боғлиқ омилларнинг шаклланишини олдини олиш, тартиб ва қоидаларни янада соддалаштириш ҳамда такомиллаштириш каби йўналишлар ўз аксини топган.

Давра суҳбатида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда, хусусан ушбу масалага оид Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш юзасидан тадбир иштирокчилари томонидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан:

- тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш;

- солиқ ва божхона сиёсатини, банк-молия соҳасини янада такомиллаштириш;

- хусусий секторни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига имтиёзлар тақдим қилган ҳолда индивидуал имтиёзлар беришдан воз кечиш;

- тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этиш;

- тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш ва ҳимоя қилиш, кафолатлаш ҳамда ҳақиқий ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш;

- давлат органларининг (айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг) тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш ва б.

Шундай қилиб, тадбиркорлик фаолиятини мақсадли тартибга солишнинг адолатли асослари ҳамда аниқ мезонларини вужудга келтириш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг қонуний кафолатларини белгилаш, давлатнинг иқтисодиётга асоссиз аралашишининг олдини олиш бўйича нормаларнинг белгиланиши - тадбиркорлик субъектларига ҳақиқий адолатли иқтисодий ва молиявий эркинликни тақдим этади.

Бундай эркинликнинг ҳуқуқий асослари эса фақатгина қонун даражасида ва албатта, тадбиркорлик кодексида белгилаб қўйилиши лозим. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишга нисбатан ягона шаффоф ва демократик ёндашувларнинг жорий этилишига олиб келади.

Абдураҳим Мамаджанов

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни

қўллаб-қувватлаш маркази эксперти





Сарлавха :
Иқтисодиёт

21 04 2021 / 11:23