Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ғоядан экспортгача: Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади



Улашинг :


Президентнинг 11 февралдаги қарори билан Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўрт босқичли экотизими жорий этилади. Ҳужжат стартап ғояларини шакллантиришдан тортиб, уларни ишга тушириш ва хорижий бозорларга чиқаришгача бўлган тўлиқ тизимни назарда тутади.

Президент қарорига мувофиқ, мамлакатда стартап ғояларини аниқлашдан бошлаб, уларни масштаблаштиришгача бўлган босқичларни қамраб олувчи комплекс экотизим йўлга қўйилади. 2030 йилгача стартаплар сонини 5 мингтага етказиш, венчур инвестициялар ҳажмини 2 млрд долларгача ошириш ва 20 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Ҳужжат стартапларни ривожлантиришни тўрт босқичга — ғояни шакллантириш, лойиҳани ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва масштаблаштиришга (экспорт қилиш) ажратади.

Мактаб ва коллежларда стартап ғоялари шакллантирилади

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактабларнинг 9−11-синфлари ҳамда ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари учун ҳар ойда камида 2 маротаба стартап ғояларни яратишга қаратилган «Моҳирлик ва бизнес соати» тадбирлари ўтказилади. Ўқувчилар ўртасида «Энг яхши стартап ғояси» танлови ташкил қилиниб, ғолибларга туман даражасида 5 млн сўмгача, вилоят босқичида 10 млн сўмгача мукофот берилади.

Шунингдек, таълим муассасаларида яратилган маҳсулотларни маркетплейслар орқали сотиш амалиёти жорий этилади.

2026 йил 1 апрелдан давлат органлари ўз соҳасидаги муаммоларни краудсорсинг орқали стартапларга таклиф қилади, ҳар ой «Стартап куни» учрашувлари ўтказилади.

Грантлар, танловлар ва илк молиялаштириш

2026 йилдан ҳар йили давлат олий таълим ташкилотларида «Энг инновацион ғоя» республика танлови ўтказилиб, ғолибларга 100 млн сўмдан грант ажратилади. Республика босқичи учун мукофот жамғармаси 10 млрд сўм этиб белгиланган.

Энг яхши ғоялар (идеатонлар) ва IT ечимлар (хакатонлар) ғолибларига:

· 20 минг долларгача конвертацияланадиган қарз,

· рақамли технологиялар йўналишидаги стартапларга «Рақамли стартаплар» дастури доирасида 10 минг долларгача грант берилиши мумкин.

Университетлар ва технопаркларда инфратузилма яратилади

2027 йилдан ОТМлар ва ёшлар технопаркларида ҳамда Нурафшон шаҳрида лаборатория, рақамли инфратузилма ва коворкингларга эга тадқиқот ва ишланма марказлари (R&D center) ташкил этилади. Йилига 10 тагача истиқболли лойиҳалар учун намунавий модель (MVP) яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисми (50 минг долларгача) қоплаб берилади.

«Олийгоҳлар — стартаплар генератори» дастури доирасида талабалар акселераторлари, стажировка ва алмашинув дастурлари йўлга қўйилади. ОТМларга талабалар ва илмий ходимларнинг истиқболли стартап лойиҳаларига инкубация марказлари ва талабалар акселераторлари орқали ҳар бир лойиҳага 20 минг долларгача эквивалентда ўз маблағларини инвестиция қилиш ҳуқуқи берилади.

Ёшлар стартаплари ва бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланади

2026 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг энг яхши бизнес ва стартап лойиҳаларини аниқлаш ва рағбатлантириш бўйича «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади. Ғолибларнинг 100 тагача лойиҳасига (ҳар бирига) 1 млрд сўмгача инвестиция киритилади. Лойиҳаларни брендга айлантириш учун маркетинг ва консалтинг хизматлари ҳам молиялаштирилади (БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда).

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси кенгаши чемпионат ғолибларини давлат мукофотлари, «Фаол тадбиркор» ва «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонларига тавсия этиш учун ваколатли органларга таклифлар киритади.

Стартапларни ишга тушириш учун имтиёзлар

2026 йил 1 апрелдан бошлаб «Рақамли стартаплар» дастурида иштирок этувчи стартап лойиҳаларга IТ-парк резиденти мақоми берилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган экспортнинг минимал кўрсаткичлари талабисиз тегишли имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга рухсат берилади.

Стартап экотизимининг ягона электрон платформасида рўйхатдан ўтган иштирокчилар учун тегишли йўналишлардаги ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш ҳамда нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган қисми 20 минг доллардан ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Стартап студиялар, инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш учун йилига 20 тагача лойиҳага 1 йил имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз қарз (ссуда) ажратилади.

Шунингдек, маҳаллий инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ бадал тўловлари учун ойма-ой ажратиладиган ва умумий миқдори БҲМнинг 100 бараваридан ошмаган грант берилади.

Ҳудудларда ҳокимлар раҳбарлигида стартап клублари ташкил қилиниб, ташаббускорларга амалий ёрдам кўрсатилади.

Экспорт ва халқаро бозорларга чиқиш

2026 йилдан бошлаб ҳар йили «Стартап экспо» кўргазмаси ўтказилиб, стартап лойиҳалар ташаббускорларининг ғоялари ва маҳсулотлари инвесторлар, венчур жамғармалар, йирик корхоналар, давлат идоралари ва олий таълим ташкилотларига тақдимот қилинади.

Платформадаги муваффақиятли стартаплар давлат харидларида иштирок этганда, шартнома суммаси 500 млн сўмгача бўлса — 50%, ундан юқори бўлса — 30% қисми олдиндан тўлаб берилади.

Платформадаги муваффақиятли стартапларга хорижда компания ёки филиал очиш учун йилига 500 минг долларгача маблағни алоҳида қарорсиз хорижий ҳисоб рақамларга ўтказишга рухсат берилади. Шунингдек, улар учун визаларни енгиллаштириш бўйича музокаралар олиб борилади.

Молиялаштириш ва назорат

2026−2027 йилларда стартап экотизимини ривожлантириш учун жами 160 млн доллар ва 130 млрд сўм йўналтирилади. Маблағлар Жаҳон банки, венчур жамғармалар ва давлат фондлари орқали ажратилади.

Қарор ижроси учун бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров масъул этиб белгиланган, умумий назорат эса бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланган.

кун.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

16 02 2026 / 15:06