Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш режалаштирилмоқда



Улашинг :


Ўзбекистон президенти қишлоқ хўжалигига оид тақдимот билан танишди. Унда пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш мақсад қилингани айтилди. Бунинг учун 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси харид қилинади.

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини махсус техника билан таъминлаш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида механизация даражаси 81 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган мавсумда 2,1 миллион тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олинган. Бунинг ҳисобига кейинги беш йилда қўл меҳнати 1,8 баробар қисқарди.

Тақдимотда пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш мақсад қилингани айтилди. Бунинг учун 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси, шунингдек, 6 мингта сеялка, трактор ва комбайн харид қилиниши режалаштирилган. Умуман, йил давомида 10 мингта янги техника харид қилиниб, қишлоқ хўжалиги техникалари парки 292 мингтага етказилиши кўзда тутилган.

Янги техникаларни фермерларга қулай шартларда лизингга бериш мақсадида халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб қилинади. Техникалар миллий валютада 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 18 фоиз ставкада берилиб, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

Тақдимотда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш устувор вазифа экани таъкидланди.

2026−2028 йилларда маҳаллий ишлаб чиқариладиган техника ва агрегатлар ҳажмини 5 баробарга, маҳаллийлаштириш даражасини қўшимча 10 фоизга ошириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, 2026 йилда ишлаб чиқариш 6 минг донагача етказилиши, 2028 йилга қадар маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ўзиюрар техникада 30−35 фоизга, осма ва тиркамали техникада 60−65 фоизга чиқарилиши режалаштирилган.

Техника ва агрегатларни сотиб олишда субсидиялашнинг амалдаги тизимини маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган техникага татбиқ этилмоқда. Тақдимотда талаб юқори бўлган 3 турдаги импорт техника бўйича ҳам субсидия ажратишни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Умуман, 2026 йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия йўналтирилиши кўзда тутилган.

Тақдимотда Тошкент трактор заводи фаолиятини соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Соҳада замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий қилиш борасидаги ишлар ҳам тақдимот қилинди.

2025 йилда «Агробанк» АТБ томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси учун 1,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,9 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Бундан ташқари, мижозларга комплекс қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади ва уларда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади. Ушбу зоналарда фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматлари, агроном маслаҳатидан фойдаланишлари, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.

Банкнинг чорвачилик ва мевачиликда, сувни сарфини «ақлли» бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида стартапларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 100 миллиард сўмлик янги венчур компаниясини таъсис этиш борасидаги режалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, рақамли платформалар орқали мониторинг ва молиявий хизматларни яхшилаш юзасидан мутасаддиларга бир қатор кўрсатмалар берди.

Пахта теримини механизациялаш бўйича режалар

2013 йилнинг октябрида ўша пайтда бош вазир лавозимида фаолият юритган Шавкат Мирзиёев 2016 йилга келиб пахта теримининг механизациясини 80−90%га етказиш режалаштирилганини таъкидлаган эди.

2017 йил октябрь ойида собиқ бош вазир ўринбосари ва «Ўзагротехсаноатхолдинг» собиқ раҳбари (ҳозирда тугатилган) Нодир Отажонов 5 йил давомида пахта терими механизацияси 80%га етишини маълум қилган эди. Ўшанда у 2018 йилдан Сирдарё вилоятида пахта теримининг механизациясини 80%га етказиш режалаштирилганини айтган эди.

2019 йилнинг декабрида Нодир Отажонов 2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш даражаси 50%га, кейинги йилларда 80%га етишини маълум қилган эди.

2020 йилнинг январь ойида қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, биринчи босқичда (2020−2022 йилларда) Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида, иккинчи босқичда (2023−2026 йилларда) қолган ҳудудларда механизация жорий қилинишини тезлаштириш назарда тутилган эди.

Ўтган йилнинг апрелида президент Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»га пахта теримини механизациялашни тезлаштириш ва 2020 йилнинг сентябригача ҳудудларга 1000 тадан кам бўлмаган миқдорда пахта териш машиналарини етказиб бериш ҳамда ҳудудлар марказларида сервис марказларини ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган эди.

Пахта теримини механизациялашнинг аҳамияти

2016 йили Жаҳон банки «Ўзбекистонда пахта теримини механизациялашнинг ижтимоий таъсирини баҳолаш» ҳисоботини эълон қилган эди. Унда Ўзбекистон пахта терими жараёнини механизалаштирмаган ва қўлда пахта теришга таянишда давом этаётган пахта етиштирувчи кам сонли мамлакатлардан бири эканлиги айтилган эди. 2014 йилда ҳукумат пахта теримини механизациялашга қарор қилди — бу қисман халқаро ҳамжамияти босимига жавоб эди, дейилади ҳисоботда.

Давлат буюртмаси тизимида (бу амалиёт 2020 йилдан бошлаб бекор қилина бошлади) Ўзбекистондаги фермерлар кўпинча пахта етиштиришдан бошқа нарса қила олишмасди. Улар шартномага асосан ҳар йили ҳукумат томонидан белгиланадиган квоталарда назарда тутилган ҳажмда пахта етиштиришлари ва пахтани давлат томонидан ўрнатилган нархларда давлатнинг ўзига сотишлари керак эди.

Пахта терими жараёнининг механизациялаштирилиши пахтани териш бўйича ташкиллаштирилган меҳнатга эҳтиёжни камайтириши мумкин, бироқ пахта терими муҳим даромад манбаси бўлган аҳоли қатламлари учун бу салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дейилган эди ЖБ ҳисоботида.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

24 02 2026 / 9:54