Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Япония Оролбўйида сув ресурсларини бошқаришни мустаҳкамлаш учун 4,6 млн доллар ажратди



Улашинг :


Япониянинг 4,6 млн долларлик молиявий кўмагида БМТ Тараққиёт дастури Оролбўйида сув ресурсларини бошқаришни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳани ишга туширди. Ташаббус сувдан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, инклюзив барқарорликни таъминлашни мақсад қилган.

БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистонда Оролбўйи ҳудудида сув ресурсларини бошқаришни мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгаришига барқарорликни оширишга қаратилган янги лойиҳани ишга туширди. Ташаббусга Япония ҳукумати томонидан 4,6 млн доллар миқдорида маблағ ажратилди, дея хабар бермоқда дастурнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.

27 февраль куни ўтказилган ҳужжатларни имзолаш маросимида сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Ҳирата ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии иштирок этди.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги долзарб ривожланиш муаммоларидан бирига ечим топишга қаратилган бўлиб, 2026−2028 йилларда амалга оширилади. Ташаббус Оролбўйи аҳолиси салоҳиятини интеграциялашган ва иқлимга барқарор сув бошқаруви орқали мустаҳкамлашни кўзлайди. Шунингдек, бошқарув тизимларини кучайтириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини кўпайтириш ва инклюзив барқарорликни таъминлаш мақсад қилинган.

Лойиҳа ўзаро боғлиқ тўртта асосий йўналишга таянади: миллий ва маҳаллий сув бошқаруви институтларини мустаҳкамлаш, сув бошқаруви тизимларини рақамлаштиришни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида фермерлар ҳамда кичик хўжаликлар учун сув инфратузилмаси ва салоҳиятини ошириш, шунингдек, минтақавий билим алмашинуви, адвокасия ва коммуникацияни ривожлантириш.

Акико Фужиининг сўзларига кўра, лойиҳа орқали Оролбўйи ҳудудидаги фермерлар ва маҳаллалар манфаатлари учун масъулиятли сувдан фойдаланиш маданияти ҳам шакллантирилмоқда.

«Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари билан сув ресурсларини бошқаришни мустаҳкамлаш йўлидаги умумий миссиямиз доирасида ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз. Биз иқлим ўзгариши таъсири ва сув билан боғлиқ муаммоларни самарали сиёсий механизмлар, мустаҳкам институционал салоҳият, ишончли маълумотлар базасидан кенгроқ фойдаланиш имконияти ҳамда замонавий инновацион технологиялар орқали ҳал этиш учун энг илғор глобал тажрибаларни жорий этишга содиқмиз», — деди у.

«Лойиҳа доирасида гендер тенглиги асосий тамойил сифатида интеграция қилинган. Сув бошқаруви, салоҳиятни ошириш ва қарор қабул қилиш жараёнларида аёлларнинг фаол иштироки мақсадли қўллаб-қувватлаш орқали устувор йўналиш сифатида рағбатлантирилади. Гендер кесимидаги маълумотлар эса режалаштириш ва амалга ошириш давомида инклюзив натижаларни мониторинг қилишга хизмат қилади», — деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии.

«Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурсларини адолатли ва барқарор бошқаришга ҳисса қўшишига чин дилдан умид қиламан», — деди элчи Кенжи Ҳирата.

Қайд этилишича, лойиҳа сиёсий ислоҳотлар, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш орқали шаффоф ва иқлимга барқарор сув бошқаруви тизимларини яратади. Бундан ташқари, марказлаштирилган GIS тизимлари ва реал вақт режимидаги мониторинг платформаларини жорий этиш маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишни таъминлаб, барча даражаларда ҳисобдорликни кучайтиради.

Суғориш инфратузилмасини тиклаш, аниқ суғориш технологиялари, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги ёндашувлари ҳамда инновацион ечимлар, жумладан, оқова сувларни қайта фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия асосидаги тузсизлантириш технологиялари 1000 дан ортиқ фермер ҳамда хонадон учун сувдан фойдаланиш самарадорлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини сезиларли ошириши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2023−2025 йилларда БМТ Тараққиёт дастури ва Япония ҳукумати ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида иқлимга барқарор қишлоқ хўжалиги орқали ўзини ўзи таъминлашни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси амалга оширилди.

Мазкур ташаббус 4 та туман ва 65 та аҳоли пунктида жамоаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаб, 376 мингдан ортиқ аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилди. 7 мингдан ортиқ аҳоли барқарор электр энергияси билан, 7700 дан зиёд киши тоза ичимлик суви билан таъминланди, 6200 дан ортиқ фуқаролар учун таълим ва соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яхшиланди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

02 03 2026 / 12:14