Ўзбекистон ва Афғонистон преференциал савдо тўғрисидаги битимни кучга
киритишни тезлаштириш ҳамда икки томонлама товар айланмаси ҳажмини деярли
уч баробарга ошириб, 5 млрд долларга етказишни режа қилмоқда.
Ўзбекистон
ва Афғонистон имтиёзли савдо тартибини жорий этишни тезлаштириш
ва товар айланмаси ҳажмини сезиларли даражада кенгайтириш ниятида. Бу
ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.
У Афғонистон саноат
ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий билан
видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.
Ходжаевнинг
маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми
2,5 бараварга ошиб, 2021 йилдаги 653 миллион доллардан 2025 йилда 1,68 миллиард
долларгача етган (ушбу ҳажмдан 1,5 миллиард доллари Ўзбекистон экспорти
ҳиссасига тўғри келади). Кейинги кўзланган марра — 5 миллиард доллар.
Томонлар имтиёзли савдо тартибини
тезроқ ишга тушириш бўйича ишларни жадаллаштиришга, шунингдек, инвестициялар
ва саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга келишиб олди.
Музокаралар давомида ҳудудлараро
алоқаларни ривожлантириш, маҳсулотларни тарғиб қилиш инфратузилмасини яратиш
(шоурумлар, омборлар), қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш
материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлик ҳамда
озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Рамазон ойидан сўнг ўзаро
ҳамкорликни амалий босқичга ўтказиш режалаштирилмоқда — Кобулда
бизнес-форум ўтказиш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича «йўл
харитаси»ни тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
17 январда
тадбиркорларнинг элчилар билан учрашувида Ўзбекистон ва Афғонистон бундан
қарийб икки ой аввал имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолагани қайд этилган эди. Бироқ
тадбиркорлар (хусусан, электротехника ва гилам ишлаб чиқарувчилар) ушбу
механизм ҳалигача тўлиқ куч билан ишламаётганидан шикоят қилмоқда.
Ўшанда бош вазир ўринбосари Жамшид
Ходжаев ўзбек товарлари афғон бозорига ортиқча божларсиз кириши учун ушбу
битимни ишга туширишни икки ҳафта ичида тезлаштириш бўйича топшириқ берганди.
Аввалроқ Афғонистон ташқи ишлар
вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Ўзбекистон ташқи ишлар вазири
Бахтиёр Саидов билан телефон орқали мулоқотида Афғонистоннинг минтақавий
лойиҳалардаги ролини кучайтириш масаласини муҳокама
қилганди.
Шунингдек, у яқин орада
Трансафғон темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш
бошланишини маълум қилган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
04 03 2026 / 13:19