Жорий
йилнинг 30 январ куни Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида Asaka Motors
International, SAIC Motor International ва MAC Trading FZE ўртасида Ўзбекистон
Республикасининг Сирдарё вилоятида MG бренди остида замонавий автомобилларни
ишлаб чиқариш ва дистрибуция қилиш бўйича узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик
шартномаси имзоланди.
Шу билан бирга, ушбу воқеа Asaka Motors
International'нинг навбатдаги йирик халқаро ишлаб чиқарувчилардан бири ҳамда
глобал дистрибуция соҳасида катта тажрибага эга MAC Trading FZE билан
ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.
Эришилган келишувлар доирасида 2026 йилнинг апрель
ойида MG брендининг 4 та моделини ишлаб чиқариш ва савдосини йўлга қўйиш кўзда
тутилган. Жорий йилнинг июль ойида моделлар қатори 6 тага етказилади.
Қолаверса, келгусида истеъмолчилар танловидан келиб чиққан ҳолда 2 та модель
тўлақонли саноат ишлаб чиқаришига (пайвандлаш, бўёқлаш ва йиғиш) ўтказилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Asaka Motors
International бугунги кунда 30 гектар майдонда йиллик 150 минг дона автомобил
ишлаб чиқариш қувватига эга янги завод қурилишини амалга оширмоқда. Лойиҳага
режалаштирилган инвестиция ҳажми 129 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа
2026 йилнинг IV чорагида ишга туширилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий автомобил
саноатини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Шу билан бирга, 3000 дан ортиқ
янги иш ўринлари яратилади.
kun.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
05 03 2026 / 11:33