Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Ҳамманинг айланмаси миллиард-миллиард. Уларни расмий миллионер қилиб қўйдингиз» — тадбиркор президент билан учрашувда



Улашинг :


Grand Pharm Trade фармацевтика компанияси асосчиси бизнес учун шароитлар сезиларли даражада яхшиланганини ва соҳа тадбиркорлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга муваффақ бўлганини айтди. «Ҳамманинг айланмаси миллиард-миллиард. Уларни расмий миллионер қилиб қўйдингиз», — деди у президентга.

Ўзбекистонда бизнес юритиш учун шароитлар сезиларли даражада яхшиланди. Бу ҳақда 5 март куни президент раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Grand Pharm Trade фармацевтика компанияси таъсисчиси Азизхўжа Аббосхўжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда тадбиркорлар учун ишлаш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш анча осонлашган.

«10 йил ичида солиқларимиз икки бараварга тушиб кетди. Бемалол, очиқ кўрсатяпмиз ҳамма нарсамизни, оборотимиздан маза қилиб ишлаяпмиз. Олдинги ишхонамизда кичкинагина жойда ўтирардик, чет элликлар келса, бизга маҳсулот беришга қўрқарди. Конвертацияни деб ойлаб, йиллаб ўтирардик, охири чет эллик ишонмасди, „сенга бермайман бошқа мол“ дерди. Кейин охири мажбур бўлардик, биржага борардик, схемалар қилардик, бир амаллаб тўлаб берардик чет элликка. Ҳозирги кунда қаранг, ҳисобимизда турган пулни бир соатда, бир кунда чиқариш мумкин. Ҳеч қанақа муаммо йўқ», — деди у.

Аббосхўжаев, шунингдек, соҳадаги кўплаб тадбиркорлар ўз бизнесини сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлганини таъкидлади.

«Ҳаммамиз маза қилиб юрибмиз. Ҳамма тадбиркор: мана шу ерда заводларнинг акционерлари ўтирибди. Ҳаммасининг айланмаси миллиард-миллиард. Ҳаммани расмий миллионер қилиб қўйдингиз. Шунинг учун ҳамманинг номидан катта раҳмат айтаман сизга», — деди у ва президентнинг табассумига сабаб бўлди. Компания сайтидаги маълумотларга кўра, 2025 йилда Grand Pharm Trade тушуми 536 миллион долларни ташкил этган ва у бозорда 24 фоизли улушга эга.

«Янада самаралироқ ишлаш учун бизга иккита масалада ёрдам керак. Заводимиз ишлаши учун йўлимиз йўқ. Иккинчиси эса — электр энергияси йўқ», — деб таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёев ушбу муаммони қайд этишни топширди ва бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Икковини ҳам протоколга ёзинглар. Инфраструктура бўлмаса, бўлмайди бу ишлар. Азиз, мана кўрдинг, қандай жўшқинлик билан гаплашяпсан. Ишонч пайдо бўлди сенда. Ғурур пайдо бўлди. Ҳамкорлар ишоняпти. Янги Ўзбекистон шабадаси киргани рост бўлсин, илоҳим», — деди у.

Президент, шунингдек, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.

«Тадбиркор иккита болани иш билан таъминлаганда, елкамда кўтараман деб ваъда берганман. Албатта, ҳамма тадбиркорларни қўллайман. Лекин фармацевтика саноати бўйича тадбиркорларни алоҳида қўллаб-қувватлашга яна бир марта мен сизларнинг олдиларингизда буни айтмоқчиманки, бутун командам билан, фақат президент эмас, ҳамма сизларни қўллаб-қувватлайди. Ишларингизга муваффақият», — деди Мирзиёев.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида таъкидлашича, 2016−2017 йилларда мамлакатда дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 7,3 триллион сўмга етди.

«Бугун фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан гаплашсангиз, уларда амбиция, қизиқиш ва ишонч пайдо бўлгани кўринади. Улар импорт қилинадиган дорилар ўрнини босиш керак, экспортга йўналиш олиш керак, дейишмоқда. Бу соҳа ривожланиш учун жуда катта салоҳиятга эга экани ҳақида тушунча пайдо бўлди», — деди у.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов аввалроқ «импортни инвестицияга айлантириш» ва дори воситалари сифати устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлаганди. Қўмита раҳбарининг маълумотларига кўра, 2025 йилда фармацевтика соҳасидаги айланма ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этган, бу 2024 йилга нисбатан 18 фоизга (тахминан 300 миллион долларга) кўп демакдир. Экспорт ҳажми эса 32 миллион долларга етган.

Унинг сўзларига кўра, импортнинг асосий улушини Ўзбекистоннинг Grand Pharm Trade, шунингдек, Meros Pharm, Farm Lyuks Invest, GD Pharm, Eurofarm Business ва Astor Alliance компаниялари таъминламоқда.

Йиғилишда президент ҳокимларни фармзоналар бўш тургани ва лойиҳалар йўқлиги учун танқид қилганди. 1 апрелдан Ўзбекистондаги дори воситалари ишлаб чиқарувчилари қаерда жойлашганидан қатъи назар, ер солиғидан озод қилинади. Фармацевтика лойиҳаси ишга туширилгандан кейин уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги чора-тадбирларни эълон қилган. Хорижий фармацевтика компанияларини жалб қилиш учун роялти солиғи 5 фоизгача туширилади. Tashkent Pharma Park ҳудуди Жанубий Корея компанияларини жалб қилган ҳолда яна 100 гектарга кенгайтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштироки оширилади.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

13 03 2026 / 10:30