Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Йирик лойиҳаларни назорат қилиш учун президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилади



Улашинг :


Шавкат Мирзиёев тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефт-газ тармоқларидаги йирик лойиҳаларни назорат қилиш учун Саноат кенгаши тузилишини эълон қилди. Кенгаш корхоналарни трансформация қилиш, маҳсулот таннархини камайтириш ва экспортни ошириш бўйича ҳар ойлик иш режаларини тасдиқлайди.

Иқтисодиётнинг базавий тармоқларда йирик лойиҳалар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилади. Бу ҳақда давлат раҳбари 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ўтказган йиғилишида маълум қилди.

Кенгаш тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефть-газ сектори каби «базавий соҳалардаги» лойиҳаларни мувофиқлаштиради.

«Энди бу тармоқлардаги ишлар ўз вақтида ва камчиликларсиз бажарилишини доимий назорат қилиш бўйича янги механизм жорий этилади. Бунинг учун президент раҳбарлигида саноат кенгаши тузилади», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган репортажда.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, кенгаш фаолияти доирасида йирик корхоналарни трансформация қилиш жараёнларини бошқаришнинг мунтазам механизмини жорий этиш режалаштирилган.

Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Жамшид Ходжаевга тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефт-газ тармоқларидаги ҳар бир йирик корхона бўйича ҳар ойлик иш режаларини тасдиқлаш топширилди.

«Ушбу кенгаш доирасида йирик корхоналарни халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллий контентни ошириш, барча жараёнларни рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ойлик иш режалари тасдиқланади», — деди давлат раҳбари.

Мутасадди раҳбарларга ушбу режалар ижросини ҳар ой жойларга чиққан ҳолда корхонабай танқидий муҳокама қилиш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот киритиб бориш топширилди.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

17 03 2026 / 15:28