Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифида қиймати қарийб 7 млрд доллар бўлган
106 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилишини бошлашга старт берди. Лойиҳалар
доирасида 18 мингта янги иш ўрни яратилиши, 13 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб
чиқарилиши ва 700 млн долларли экспорт салоҳияти шаклланиши кутилмоқда.
Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев йирик
лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлаш маросимида
иштирок этди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Маросимда шаҳар
ва туманларда умумий қиймати қарийб 7 миллиард доллар бўлган 106
та янги лойиҳани ишга тушириш ва қурилишини бошлашга тайёргарлик кўрилгани
ҳақида ҳисобот берилди. Видеоалоқа орқали янги қурилаётган ва фойдаланишга
топширилаётган лойиҳалар раҳбарлари боғланди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиш орқали Самарқанд вилоятида йирик
лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишига старт берди. Улар
орасида тоғ-кон ва геология саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш,
автомобилсозлик, кимё, электротехника, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, таълим,
соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларидаги лойиҳалар мавжуд.
Австрия, Хитой, БАА,
Туркия, Ҳиндистон ва Россия билан ҳамкорликда қиймати 2,4 миллиард
долларли 53 та лойиҳа ишга туширилди.
Бундан ташқари,
Нидерландия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, БАА, Туркия, Россия ва Эрон
билан ҳамкорликда қиймати 4,6 миллиард долларлик 53 та лойиҳа доирасида
қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳаларни амалга
ошириш 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмли саноат маҳсулотлари
ишлаб чиқаришни таъминлаш ва 700 миллион долларли экспорт салоҳиятини
юзага келтириш имконини беради.
Бу саъй-ҳаракатлар
ҳудудий саноатни диверсификация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш занжирларини
барпо этиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши
кутилмоқда.
газета.уз
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 03 2026 / 10:30