Ўзбекистонда янги ботаника боғлари
ва дендропарклар камида 50 мингта дарахтдан иборат яхлит яшил комплекслар
сифатида барпо этилади. Бунда улар ҳудудида қурилиш ва аттракционлар
тақиқланади, объектларнинг ўзи эса умуммиллий аҳамиятга эга мақомга эга бўлиб,
хусусийлаштирилмайди.
Ўзбекистонда 2028 йилга қадар ҳар
бир ҳудудда камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология парклари барпо
этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 23 март куни президентга экологик лойиҳалар
тақдимоти чоғида маълум бўлди.
Асосий мақсад — 2030 йилга
бориб мамлакатда кўкаламзорлаштириш даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш,
аҳолининг яшил ҳудудлар билан таъминланганлигини эса киши бошига 9−10 квадрат
метрга етказишдан иборат.
Бу ҳаводаги PM2,5 ва PM10
ифлослантирувчи заррачалар концентрациясини 20−25 фоизга камайтириш, шунингдек
шаҳарларнинг марказий қисмларида ҳаво ҳароратини 1,5−2 фоизга пасайтириш
имконини бериши кутилмоқда.
2025 йилда
ботаника боғларига муҳофаза этиладиган ҳудуд мақоми берилган. Янги лойиҳа
доирасида шундай мақомни ташкил этиладиган дендрология паркларига ҳам бериш режалаштирилмоқда.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни
кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳиддиновнинг
маълум қилишича, янги объектлар яхлит комплекс шаклида ташкил этилади.
Ҳар бирида камида 50 мингта
манзарали, япроқбаргли ва игнабаргли дарахтлар ҳамда буталар экиш
режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, паркларда аҳолининг дам олиши учун
шароитлар яратилади.
«Шунингдек,
аҳоли дам олиши учун, яёв юриш учун, оила билан юриш учун, велосипедда юриш
учун йўлаклар яратилади. Очиқ осмондаги кутубхоналар, пикник зоналари ташкил
этилади. Лекин боғлар ҳудудида қурилиш ва аттракцион қўйиш қатъиян ман
этилади», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Муҳиддиновнинг таъкидлашича, янги
объектлар алоҳида мақомга эга бўлади.
«Фармоннинг муҳим томони шундан
иборатки, ботаника ва дендропарклар умуммиллий аҳамиятга молик
ҳисобланади. Яъни уларни бегоналаштириш, хусусийлаштириш, уларнинг ҳудудини
камайтириш қатъиян ман этилади», — деди у.
Ҳозирда
ҳудудларда бундай лойиҳалар учун ер участкалари ажратилган. Жумладан,
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 77 гектар майдонда биринчи дендропаркни
ташкил этиш бошланган, у ерда аллақачон тахминан 10 мингта дарахт экилган.
Ўрмон хўжаликлари бошқа ҳудудларда
парклар ташкил этиш учун уруғлар ва ниҳоллар тайёрлашни ҳам олиб бормоқда.
Бундан ташқари, ушбу объектлар
базасида Green University («Яшил университет») ва ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот
институтлари билан ҳамкорликда континентал иқлимга мослашган —
қурғоқчиликка, тупроқ шўрланишига, ёзги иссиқликка ва баҳорги совуқларга
чидамли дарахт ва буталарни етиштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳудудларда
кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб экиш материалларини тарқатиш учун оналик
плантациялари яратилади.
Тошкентда
бугунги кунда 893 гектар жамоат боғлари мавжуд. Бироқ белгиланган меъёр 17−19
кв. м бўлса ҳам, амалда ҳар бир аҳолига бор-йўғи 2 кв. матрофида яшил ҳудуд
тўғри келмоқда, деган эди Урбанизация
қўмитаси раҳбари Шерзод Кудбиев. Муаммони ҳал қилиш учун 140 гектар майдонда
тўққизта боғ яратиш режалаштирилмоқда.