Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Тадбиркорларда жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш вақти келди» — Солиқ қўмитаси вакили



Улашинг :


Солиқ қўмитасига кўра, февралда фуқаролардан, жумладан, терминалга савдо қилмаслик, тўловларни P2P орқали қабул қилиш ҳолатлари бўйича 22 мингга яқин мурожаат тушган. Шундан 6700 таси — такрорий ҳуқуқбузарликлар. Қўмита вакили тадбиркорларда жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш вақти келгани таъкидлади.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, февраль ойининг ўзида қўмитага фуқаролардан, жумладан, даромадларни яшириш мақсадида терминалга савдо қилишдан бош тортиш ва тўловларни P2P ўтказмалари орқали қабул қилиш ҳолатлари юзасидан 22 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Ҳуқуқбузарликни содир этиш ҳолатларининг ортиб бораётгани қўлланиладиган жазо турларини таъсирчанлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев 27 март куни Марказий банк томонидан ташкил этилган медиа-мулоқотда маълум қилди.

Медиа мулоқотда давлат томонидан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини қисқартириш, нақд пулсиз айланмани ташкил қилиш йўлидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳар хил важлар билан тўловларни терминал орқали қабул қилишдан бош тортиш, қонунчиликни «айланиб ўтиш» ҳолатлари ҳали ҳам сақланиб қолаётгани масаласи кўтарилди.

Хусусан, пойтахтнинг «Отчопар», «Абу-Саҳий», «Ўрикзор» сингари йирик бозорларида сотувчилар терминали йўқлиги ёки ишламаётгани тўғрисидаги ёлғон баҳоналар билан тўловларни P2P ўтказмалар орқали қабул қилмоқда. «Маҳалла» радиоканали мухбири Тўлқин Ёрқулов расмийлардан ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва қонунбузарларга нисбатан жавобгарлик масалалари қай даражада инобатга олингани бўйича изоҳ сўради.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг маълум қилишича, истеъмолчилардан келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарияти бевосита тўловларни терминал орқали қабул қилишдан бош тортиш ҳолатларига тааллуқли. Февраль ойининг ўзида 21 964 та мурожаат келиб тушган. Улар орасида, жумладан, харид чеки бермаслик, пластик карта орқали тўловни қабул қилмаслик, пластик карта учун харид суммасини ошириш ҳолатлари бўйича мурожаатлар энг кўп учрайди. Унинг таъкидлашича, қўмита томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ушбу мурожаатларнинг 99,2 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топган. 6700 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик такроран содир этилгани аниқланган.

«Энг аянчли томони шундаки, текширишда аниқланган, жарима қўлланилган, жарима қўлланилган субъектда яна такроран шунақа ҳолат аниқланган… Беш марталаб, олти марталаб такрорланган ҳолатлар бор… Бу тадбиркорлик субъектларида жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш вақти келди деган сигнал», — деди у.

Мурожаатларнинг 15−20 фоизи, Абдиевнинг қайд этишича, айнан тўловни P2P орқали қабул қилиш ҳолатлари билан боғлиқ. Мурожаат ўрганилиб, қонунбузарлик аниқланганида, бундай тадбиркорларга нисбатан жарима қўлланилади. Жарима миқдори 5 млн сўм, бир ой муддат ичида тўланган тақдирда 2,5 млн сўмни ташкил этади.

«Сиз тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Жазо муқаррарлигини билиши керак. Жарима қўлланилгандан кейин ҳам фуқарода жавобгарлик ҳисси пайдо бўлмаса, демак, жарима миқдорини [ошириш], жазони кучайтириш нуқтаи назаридан ёки бошқа бир йўналишда кўриб чиқиш керак бўлади. Ҳозир шу йўналишда таклифларни тайёрлаяпмиз. Таъсирчанлик нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишимиз керак», — дея тасдиқлади Жаҳонгир Абдиев.

Шу ўринда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров қўшимча қилиб, бу борада P2P операцияларига чеклов қўйиш яхши ечим эмаслигини, бу аҳоли орасида нақд пул муомаласининг ортишига олиб келишини таъкидлади.

«Бу табиий жараён, яъни картадан картага ўтказишга чеклов қўйишни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Чунки, биласизлар, агар чеклов қўйиладиган бўлса, аҳоли фақат нақд пулда [савдо қила бошлайди], яна эски ҳолатга қайтамиз. Асосий транзакцияларни нақд пулда амалга оширишга ўтиб кетади. Бизга эса нақд пулга қайтишдан кўра, ўша пул банкда тургани жамият учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам афзал», — деди у.

Унинг қайд этишича, ҳозирда вазирлик пулларнинг «банкдан қочиб кетмаслиги»ни таъминлаган ҳолда жараённи тартибга солиш устида ишлаяпти.

«Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва пулларнинг банкдан қочиб кетмаслиги — иккита масала турибди. Шундай бир баланслашган тизимни ўйлаб топишимиз керакки, биринчидан, яширин иқтисодиётга таъсирини камайтиришимиз керак, иккинчи тарафдан, нақд пулга ўтиб кетишнинг олдини олишимиз керак», — дея таъкидлади Аҳадбек Ҳайдаров.

Вазир ўринбосари бу борадаги ишлар ўз якунига етганида оммавий ахборот воситалари орқали хабар берилишини қўшимча қилди.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

30 03 2026 / 14:03