Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Бу аслида текин пул дегани» — вазир Лазиз Қудратов Ўзбекистон ташқи қарзи ўсиши ҳақида



Улашинг :


Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ташқи қарз аҳоли эртага эмас, ҳозир яхши яшашини таъминлаш, зарур инфратузилмани яратиш имконини беришини айтди. У маблағлар жуда қулай шартларда: 40−45 йилгача муддатга, паст ставкаларда жалб қилинаётгани, «бу аслида текин пул» эканини қайд этди.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Alibaev.Politika Youtube канали «Эксперт» лойиҳасига берган интервьюсида тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг ўсиши масаласига тўхталди.

Лойиҳа мезбони Сергей Алибаевнинг «Ташқи қарзнинг кўпайиши мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлашнинг табиий механизми сифатида қаралиши мумкинми?» деган саволига жавоб берар экан, вазир ташқи қарз маблағлари «аслида текин пул» эканини таъкидлади ва уларнинг мамлакат ривожи учун зарур инфратузилмани барпо этишдаги ролига эътибор қаратди.

2025 йил якунига кўра, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати 27,1 фоизни ташкил этди. Халқаро меъёрлар ва стандартларга кўра бу кўрсаткич, унинг қайд этишича, «жуда паст ва мўътадил» ҳисобланади.

Фақат бюджет имкониятларига таяниб зарур инфратузилмани яратиш кўп вақт талаб қилади. Ташқи қарз маблағлари эса, Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, аҳоли турмуш даражасининг тезроқ ўсишини таъминлаш имконини беради.

«Фақат давлат бюджети имкониятларига таянган ҳолда инфратузилмани такомиллаштириб, йўллар, мактаблар ва шифохоналарни барпо этиб, табиий ривожланиш йўлидан боришимиз мумкин. Бунга ўнлаб йиллар сарфланган бўлар эди. Бироқ биз, биринчидан, аҳоли эртага эмас, ҳозир яхши яшашини таъминлашимиз, иккинчидан, саноат ривожланиши ва инвесторларни жалб қилиш учун инфратузилма ва пойдевор яратишимиз лозим. Автомобиль ва темир йўллари, электр энергияси, сув, мактаб ва шифохона бўлмаган жойга инвесторлар келмайди», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳукумат инвесторларни жуда қулай шартларда, паст фоиз ставкалари асосида жалб қиляпти. Инвестицион лойиҳалар орасида узоқ йиллик, жумладан, 20−25 йилдан 40−45 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган лойиҳалар бор.

«Бу аслида текин пул дегани, — деди Лазиз Қудратов. — Бу орқали биз тезкор равишда ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ривожланиш учун зарур бўлган инфратузилмани қуришга эришамиз. Бусиз ҳозирги Ўзбекистон иқтисодиёти эришган натижаларга эришиш қийин бўлар эди. Ўтган йили ЯИМ ўсиши 7,7 фоизни ташкил этди ва холисона айтганда турмуш даражаси 2017 йилгача бўлган ҳолатдан анча юқори. Буни ҳеч ким инкор этолмайди».

Унинг таъкидлашича, бу борада халқаро молия институтлари иштирокида ва ҳукумат кафолати остида молиялаштирилаётган барча лойиҳалар шаффоф тарзда амалга оширилиши, инвестициялар қай даражада самарали ва сифатли ўзлаштирилаётгани юзасидан ҳукуматнинг ҳисобдорлиги йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.

Президент топшириғи асосида ташқи маблағларни жалб қилиш жараёнларига куч ишлатар тизимлар, назорат органлари, ҳисоб палатаси, бош прокуратура, шунингдек, парламент ҳам тўлиқ жалб қилинган ҳамда барча лойиҳалар тўлиқ текширувдан ўтказилади. Хусусан, давлат кафолатлари остида молиялаштирилаётган ҳар бир лойиҳа депутатлар томонидан маъқулланиши талаб этилади. Улар лойиҳа ғоясини кўриб чиқади ва амалга оширилиш жараёнини кузатиб боради. Бу, вазирнинг таъкидлашича, «давлат кафолати остида амалга оширилаётган барча лойиҳалар устидан жамоатчилик, халқ назорати ўрнатилиши таъминлайди».

«Давлат қарзи жуда катта миқдорга етди, деб хавотирланишга асос йўқ. Буни барча халқаро молия институтлари тасдиқлайди: ЯИМнинг 27 фоизи халқаро стандартлар бўйича жуда паст кўрсаткич», — дея қайд этди Лазиз Қудратов.

Вазир, шунингдек, давлат қарзини жалб қилиш чегаралари белгиланганини эслатиб ўтди. Жалб қилишга рухсат этилган ташқи маблағларнинг умумий миқдори йилига 2,5 млрд доллардан ортмаслиги лозим. Ушбу маблағлар мамлакатда асосий ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади. Ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича жорий этилаётган янги механизмлар «жиддий назорат ва текширувларни, парламент назоратини назарда тутади».

«Келгусида ҳар бир лойиҳа, унинг ҳар бир компонентини одамлар, халқимиз ҳам тўлиқ кўра олиши мумкин бўлиши учун шароит яратамиз. Менимча, бу ёндашув ҳозирда ижтимоий тармоқлар ва медиа маконда муҳокама бўлаётган барча масалаларни бартараф этади», — деди Лазиз Қудратов.

2025 йилнинг дастлабки уч чораги якунларига кўра Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларни ташкил этди. Умумий ташқи қарз ҳажми тўққиз ойда рекорд даражада — 11,3 млрд долларга кўпайган. Бу статистика юритила бошланган 2013 йилдан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади — 2024 йил давомида умумий ташқи қарз 10,8 млрд долларга ошганди. Сўнгги марта мамлакатнинг ташқи қарзнинг юқори суръатларда ўсиши пандемия давридаги 2020 йилда (9,2 млрд доллар) ва 2023 йилда (9,8 млрд доллар) кузатилган.

Маълумот ўрнида, мамлакатнинг ташқи қарз давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарзлардан иборат ҳисобланади. «Хусусий» секторда қайд этилганлар орасида асосан давлат улушдор бўлган компаниялар ва банклар бор (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эгалик қилади, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами миллиардлаб долларлик қарз қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» каби ташкилотлар эгаси ёки улушдорларидан бири ҳисобланади). Сўнгги йилларда давлат ташқи қарзининг ўсиш суръати бироз пасайди, бироқ корпоратив (хусусий) қарзларнинг кескин ўсиши кузатилмоқда.

Январда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2025 йилнинг уч чорагида мамлакат ташқи қарзи рекорд даражада ўсгани тўғрисидаги хабар фонида мавзуга доир изоҳли материал эълон қилганди. Унга кўра, қарз жалб этишдан мақсад — аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ташқи молиялаштириш иқтисодиёт тезроқ ўсиши учун ресурсларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ. Вазирлик ўз изоҳида Ўзбекистон давлат қарзининг ҳозирги даражаси халқаро таснифга кўра «мўътадил ва бошқариладиган» эканини қайд этган.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўтган йилнинг июнь ойида иқтисодиётнинг ўсиши инвестицияларни талаб қилиши ва харажатларнинг бир қисми ташқи қарз ҳисобидан қопланишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, қарз ўртача даражада қолмоқда ва инфратузилма, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. «Бунда ҳеч қандай уятли ва муаммоли нарса йўқ», — деган эди у.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари бюджет тақчиллиги билан бевосита боғлиқлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ташқи қарзнинг мутлақ миқдори ошганига қарамай, унинг ЯИМдаги улуши камайиб бормоқда.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

31 03 2026 / 11:02