Шавкат Мирзиёев жаҳонда рўй бераётган воқеалар фонида озиқ-овқат маҳсулотларини ҳаво йўли орқали экспорт қилиш ва тадбиркорлар учун арзонлаштирилган тарифларни жорий этиш чораларини кўришни топширди. Шунингдек, инфляцияни 2026 йилда
6−6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш муҳим вазифа экани айтилди.
30 март куни Шавкат Мирзиёевга 2026-йилнинг биринчи чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда президент матбуот
хизмати хабар қилди.
Йиғилишда қисқа вақт ичида дунёдаги вазият кескин ўзгариб, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлиги, ташқи савдо йўлаклари ва импорт нархларига қўшимча босим юзага келтираётгани таъкидланди. Бундай шароитда ҳар бир тармоқ ва
ҳудуд раҳбари вазиятни олдиндан баҳолаб, турли сценарийлар асосида проактив
ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Инфляцияни 2026 йилда 6−6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилди. Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат
маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил
йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг хомашё, бозор ва кредит билан боғлиқ муаммоларини ҳозирдан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Экспортчилар томонидан кўтарилаётган асосий масалалардан бири транспорт-логистика экани, жаҳонда рўй бераётган воқеалар таъсирида экспорт юк ташишларида узилишлар ва қимматлашув жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўшни давлатлар билан транспорт ва савдо масалалари бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини авиаташув орқали экспорт қилиш ва тадбиркорлар учун арзонлаштирилган тарифларни жорий этиш чораларини кўриш топширилди.
Хорижий инвестициялар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Таҳликали халқаро вазият айрим
лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилди. Шу муносабат
билан амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани мунтазам таҳлил қилиб бориш
ва инвесторлар билан кунлик мулоқот ўрнатиш вазифаси белгиланди.
Банк-молия соҳасида бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар динамикаси ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари жорий рақамлар ижобий бўлишига қарамасдан, ҳеч бир раҳбар хотиржамликка берилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Ҳозирги мураккаб вазиятда
хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, уларни юмшатиш бўйича аниқ режалар билан
ишлаш, тармоқлар ва ҳудудларда муаммоларни кутиб ўтирмасдан, уларга тезкор ечим
топиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
31 03 2026 / 11:25