Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман иш бошлади



Улашинг :


Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда кенгаш ҳамраислари — Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этди.

Душанба куни Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши фаолиятини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда кенгаш ҳамраислари — Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этди.

«Ушбу тузилма Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали майдонга айланиши шубҳасиз. Бунга мамлакатларимиз президентларининг қатъий сиёсий иродаси мустаҳкам замин яратмоқда», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида.

«Кенгашнинг ташкил этилишига икки давлат президентлари ўртасида қарор топган юксак даражадаги ишонч замин яратди. Кенгаш ҳамраиси, элчи Сержио Гор таъкидлаганидек, сўнгги бир йил давомида АҚШ Марказий Осиёда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий интилишларини амалда тасдиқлади», — дея қўшимча қилди у.

Сержио Гор Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу кенгашнинг ишга туширилиши «тижорат дипломатияси туфайли сўнгги бир неча ой ичида шерикликда эришилган ақл бовар қилмас ютуқларнинг юқори нуқтаси» эканини таъкидлади.

«Президент Трамп ноябрь ойида Вашингтонда C5+1 (Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ мулоқот формати — таҳр.) етакчиларини қабул қилганидан бери, Ўзбекистон Америка компаниялари билан юзлаб миллион долларлик шартномалар имзолади», — дея қайд этди у.

Февраль ойида Саида Мирзиёева Сержио Гор иштирокида кенгашнинг илк йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эди.

Кенгашни ташкил этиш бўйича келишувга Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 4−6 ноябрь кунлари АҚШга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган эди. Кенгаш тузилишининг мақсадлари сифатида Ўзбекистон ва Штатлар ўртасидаги «ўзаро манфаатли савдо-инвестиция ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш», шунингдек, «ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда самарали ишларни ташкил этиш» кўрсатилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 04 2026 / 12:21