Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТИЗИМИ: ҲУҚУҚ, АМАЛИЁТ ВА САМАРАДОРЛИК” мавзусидаги илмий-амалий конференция



Улашинг :


“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТИЗИМИ: ҲУҚУҚ, АМАЛИЁТ ВА САМАРАДОРЛИК” мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференция Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ва Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб қувватлаш маркази томонидан ташкил этилди.

Маълумки, давлат харидлари тизими – бу давлат молиявий ресурсларини тақсимлаш ва улардан фойдаланишнинг энг муҳим институционал шаклларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мазкур соҳада ҳуқуқий тартибга солишнинг самарадорлиги давлат бошқарувининг умумий сифатига бевосита таъсир кўрсатади.

Бу ўринда бир тарафдан буюртмачилар бўлмиш давлат хариди субъекти - бюджет ва корпоратив буюртмачилар қатнашса, бошқа тарафдан тадбиркорлик субъектлари иштирок этишади. Давлат хариди бу тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигидир. Энг молиявий барқарор товар ёки хизматлар етказиб берувчи - контрагент ҳисобланади. Ҳар икки тараф тенг иштирокчи сифатида иштирок этади - бир тарафнинг ҳуқуқлари иккинчи тарафининг ҳуқуқларидан асло устун эмас. Ҳар икки тараф давлат харидлари майдонида манфаатдор бўлиши давлат ҳаридлари тизимининг самарадорлигига боғлиқ.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Бизнес-омбудсманнинг вакиллари, вазирликлар ва идоралар мутасаддилари, маҳаллий хокимиятлар, ҳуқуқни мухофаза этиш ҳамда назорат органлари ва адвокатлар коллегияси вакиллари, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳалардаги тадбиркорлар, фан-таълим соҳаси, инновацион ва инвестицион фаолият билан шуғулланувчи субъектлар ҳамда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши аъзолари ва партия фаоллари ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Маълумки, давлат харидлари давлат ва ижтимоий сиёсатнинг потенциал жиҳатдан муҳим механизмидир. Ўзбекистон Республикаси катта молиявий ресурсларга эга ва бозор муносабатларидаги энг муҳим субект ҳисобланади. Давлат харидлари тизими давлат буджети харажатларини оптималлаштириш воситаси, шунингдек, бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун зарур бўлган рақобат муҳитини яратиш омили бўлиб хизмат қилади ҳамда бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун жуда муҳим саналади.

Давлат ва маҳаллий ҳокимият харидлари тизимини ривожлантириш давлатнинг ўз вазифаларини бажариши, жумладан, иқтисодий тармоқлар ҳамда кичик ва ўрта бизнеснинг барқарор ишлаши ҳамда ривожланишини та’минлаш мақсадида давлат эҳтиёжларини қондириш зарурлигига асосланади. Муҳим шартлар қаторига бозорни аҳоли учун зарур бўлган товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳолининг бошқа ҳаётий эҳтиёжларини қондиришни та’минлаш ҳамда мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш киради.

Илмий-амалий конференцияда таъкидлангандек, бугун давлат харидлари соҳасида Ўзбекистон Републикаси Президенти хузуридаги Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ваколатли орган ҳисобланади. Бу Ўзбеккистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февральдаги ПФ 17 сонли фармони билан белгиланди. Фармондан мақсад – “маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, саноат тармоқлари ва аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришда бозор механизмларини кенг жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини тизимли кенгайтириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар харидини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш”дир.

Мазкур тизимни тартибга солиш “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади. “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун 2021 йил 22 апрелда қабул қилинган бўлиб (85-моддадан иборат), давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тизимли равишда тартибга солади ва унинг 5-моддаси мазкур тизимнинг фундаментал принципларини белгилаб беради.

Конференцияда амалдаги амалдаги қонуннинг стратегик ахамияти, асосий прициплари, уларга боғлиқ ҳуқуқий механизмларнинг ҳолати, давлат харидларини мукаммал ижросисида мутасадди вазирлик ва идораларни ўрни, давлат харидлари соҳасида самарадорлик ва очиқликни таъмилаш, маблағлардан оқилона фойдаланиш каби принципларга амал қилиниши, давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат ва мазкур соҳада хорижий тажриба: услубият ва амалиёт масалалари бўйича мутасадди вазирлик ва идоралари вакилларининг маърузалари эшитилди.

Хусусан, давлат харидларининг асосий принциплари ҳақида тўхталар экан, принциплар - бу ҳуқуқий тартибга солишнинг концептуал асослари бўлиб, улар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши шарт бўлган императив қоидалар тизимини ташкил этиши таъкидлаб ўтилди. Қонунга мувофиқ, ушбу принциплар қуйидагиларни ўз ичига олади: касбий маҳорат, асосланганлик, самарадорлик, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, мутаносиблик, барқарорлик, тизимнинг ягоналиги ҳамда коррупцияга қарши кураш.

Мазкур принциплар нафақат декларатив характерга эга, балки улар давлат харидлари соҳасидаги барча ҳуқуқий муносабатлар учун мажбурий ҳуқуқий стандарт сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга белгиланган принциплар давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этади. Уларнинг самарали амал қилиши эса айнан ҳуқуқий механизмларнинг қай даражада тўғри ва самарали ишлашига боғлиқ.

Бугун Ўзбекистонда давлат харидлари тизимида шаффофликни таъминлаш, рақамлаштиришни кенг жорий этиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда унинг ижросини таъминлашга қаратилган қонун ости ҳужжатлари амалиётда кутилган натижаларни бермоқда.

Шу билан бирга давлат харидлари соҳасида вазият қониқарли деб бўлмайди. Ғазначилик хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилдаги давлат харидлари турлари бўйича мамлакатда шартномалар тақсимоти қуйидагича бўлган:

жами 1624691 та шартнома тузилган бўлиб уларнинг умумий қиймати 108742.1 млрд сўмни ташкил этган. Шундан 58 фоизи рақобатли усуллар орқали амалга оширилган бўлиб энг катта улуш электрон дўкон ва электрон танлаш орқали амалга оширилган харидларга тўғри келади.

Шунингдек, давлат харидларининг 42 фоизи рақобатсиз усуллар орқали амалга оширилгани хам кузатилади. Жумладан, ягона етказиб берувчилар билан ва тўғридан тўғри шартномалар орқали амалга оширилган харидлар муайян улушни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакили томонидан такидланишича, давлат маблағлари эвазига товарлар сотиб олиш давлат билан ҳамкорлик қиладиган кўплаб ташкилотлар ва корхоналар фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланган бир вақтда, етказиб берувчилар кўпинча етказиб берилган товарлар учун тўловларни олишда қийинчиликларга дуч келишади. Бу эса иқтисодий низоларни вужудга келтиради.

Давлат харидлари бўйича иқтисодий низолар давлат буюртмачилари ва етказиб берувчилар ўртасидаги иқтисодий низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади. Статистик ма’лумотларга кўра, республика иқтисодий судларида давлат харидларига оид 2019 йилда 1063, 2020 йилда 1122 та, 2021 йилда 1774 та, 2022 йилда 3053 та, 2023 йилда 3993 та, 2024 йилда 3553 та ва 2025 йилда 3078 та ишлар кўриб чиқилган. Биргина, 2024 йилда кўрилган ишларнинг 2885 таси ёки 81,1% қаноатлантирилган ва 402 таси ёки 11,3%ни қаноатлантириш рад этилган бўлса, 2025 йилда бу тоифадаги ишларнинг 2067 таси ёки 67,1% қаноатлантирилган ва 745 таси ёки 24,2%ни қаноатлантириш рад этилган. 2025 йилда бу тоифадаги ишлар асосан Тошкент шаҳри (851 та), Тошкент вилояти (307 та) ва Қорақалпоғистон Республикаси (227 та) ҳиссасига тўғри келади.

Ишлар туркуми жиҳатдан эса, маҳсулот етказиб бериш (984 та), ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш (930 та) ва пудрат (834 та) шартномалари билан боғлиқ низолар кўпчиликни ташкил қилган.

2025 йилда бу тоифадаги ишлар асосан Тошкент шаҳри (851 та), Тошкент вилояти (307 та) ва Қорақалпоғистон Республикаси (227 та) ҳиссасига тўғри келади.

Охирги вақтларда суд амалиётида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмасдан, харид қилиш тартиб-таомилларини четлаб ўтиб, ўзаро муносабатга киришилган, шу орқали ишлар бажарилган, маҳсулотлар етказиб берилган ва хизматлар кўрсатилган ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда.

Бу билан охир оқибатда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этмаган ва харид тартиб-таомилларини четлаб ўтган хўжалик юритувчи субектлар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклаш чорасини кўришмоқда.

Шу ўринда давлат харидларига оид ишларни судда кўришда айрим муаммоли ҳолатлар мавжудлиги конференцияда э’тироф этилди. Хусусан, давлат харидлари бўйича иқтисодий низолар давлат буюртмачилари ва етказиб берувчилар ўртасидаги иқтисодий низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши баробарида, низолар ҳакамлик судларида ҳам кўрилмоқда. Бунда буджет ташкилотлари билан тадбиркорлар ўртасидаги ишларни кўриб, ҳал қилув қарори чиқаришда молия ва ғазначилик бўлинмаларини ишга жалб этилилиши манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Mухокамаларда шунингдек қурилиш ва коммунал хўжалик соҳасида давлат ҳаридлари шаффофлигини таъминлаш, хамда бу борада миллий ахборот тизимида рейтинг тизимини юритилиши, мамлакат озиқ-овқат барқарорлигини таъминлашда давлат харидлари қонунчилиги талабларига амал қилиниши ва ишлар самарадорлиги, давлат харидларининг инвестиция, саноат, савдо ва туризм соҳаларида ахамияти ва ечимини кутаётган масалалар ҳамда мамлакатни инновацион ривожланишини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини молиялашда давлат харидлари соҳасидаги амалий ишларга оид масалалар очиқланди.

Конференцияда иштирок этган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат харидларида бизнеснинг иштироки, уларга берилган имкониятлар ва қўйилаётган талаблар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат харидлари тизимида ечимини кутаёган масалалар кўтарилиб, амалий таклифлар илгари сурилди.

Тадбир якунида маърузаларда, мухокамаларда ва баҳс-мунозараларда билдирилган таклифлар хулосалар асосида тегишли мавзуга оид резолюция қабул қилинди. Резолюция конференция ташкилотчилари томонидан амалдаги қонунчиликдаги такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисдаги ЎзЛиДеп фракциясига тақдим этилади.

Шарипов Ориф Мухамедович

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори ўринбосари





Сарлавха :
Иқтисодиёт

13 04 2026 / 9:19