Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон Жаҳон банкининг Water Forward сув хавфсизлиги ташаббусига қўшилди



Улашинг :


Ўзбекистон Жаҳон банкининг Water Forward глобал ташаббусига қўшилди. У 2030 йилгача 1 млрд аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Дастур сув инфратузилмасини модернизация қилиш, ресурсларни тежаш ва соҳада ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳининг 2030 йилгача 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Water Forward глобал ташаббусига қўшилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Ташаббус 15 апрель куни Вашингтонда ўтказилган Жаҳон банки гуруҳининг баҳорги йиғилишлари доирасида тақдим этилди. Унда Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда қатор халқаро молия институтлари ва давлатлар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.

Маълум қилинишича, Water Forward ташаббуси аҳоли учун тегишли хизматларнинг ишончлилигини ошириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва сув тизимларининг қурғоқчилик ва сув тошқинларига чидамлилигини мустаҳкамлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва сув инфратузилмасини модернизация қилишга кўмаклашади.

Ташаббус доирасида иштирокчи давлатлар сув хўжалиги тизимларини модернизация қилиш ва ислоҳ қилиш учун халқаро молия институтлари, ҳукуматлар, хайрия ташкилотлари ва хусусий сектордан молиявий ҳамда таҳлилий ресурсларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Жаҳон банки 2030 йилгача ўз операциялари доирасида 400 миллион киши учун сув хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олган. Бу сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, ирригация тизимлари ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, сув манбаларини тиклаш ҳамда табиий офатлардан ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига олади.

Қўшимча равишда ҳамкор ташкилотлар ҳиссаси билан ташаббус қамровини 1 миллиарддан ортиқ аҳолига етказиш режалаштирилган. Унда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва Ислом тараққиёт банки иштирок этмоқда.

Ташаббуснинг асосини иштирокчи давлатлар томонидан ишлаб чиқиладиган миллий сув пактлари ташкил этади. Уларда сув соҳасидаги ислоҳотлар устувор йўналишлари белгиланади ва халқаро шериклар билан ҳамкорликда молиялаштириш таъминланади.

Тадбирда 14 давлатдан иборат биринчи гуруҳ ташаббусга қўшилгани эълон қилинди. Улар қаторида Ўзбекистон, Албания, Ангола, Боливия, Вьетнам, Конго Демократик Республикаси, Иордания, Камбоджа, Камерун, Кения, Кот-д'Ивуар, Сенегал, Сьерра-Леоне ва Ямайка бор.

Жамшид Қўчқоров ўз нутқида Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликда миллий сув пактини ишлаб чиққанини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат 2030 йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясига мос бўлиб, суғориладиган ерларнинг 100 фоизида (4,1 млн гектар) сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғоришдаги сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш, аҳолини тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштиришни назарда тутади.

Ўзбекистон учун сув пакти нималарни ўз ичига олади?

Мамлакат учун сув пакти Ўзбекистонда кучайиб бораётган сув танқислигига эътибор қаратади. Сўнгги 20 йилда мамлакатда аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи тоза сув ресурслари ҳажми 25 фоизга қисқарган, шу билан бирга сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги томонидан истеъмол қилинади.

Қўшимча юкламани эскирган инфратузилма, сув ва энергия йўқотишларининг юқори даражаси, шунингдек, аҳолининг атиги 27,1 фоизини қамраб олган канализация хизматларидан фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги юзага келтирмоқда.

Пакт доирасида Ўзбекистонда 3,8 миллион киши учун сув хавфсизлигини таъминлаш ва 2,2 миллион киши учун ирригация хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш режалаштирилган. Бу 80 минг агрокластер ва фермер хўжаликлари, 525 минг якка тартибдаги хўжаликлар ва 6200 маҳаллани қамраб олади.

2030 йилгача инфратузилмани кенг кўламда янгилаш назарда тутилган:

· 1,7 миллион гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва улар билан қамровни суғориладиган ерларнинг 100 фоизигача (юқорида қайд этилганидек — 4,1 миллион гектар) етказиш;

· 10,9 минг км магистрал каналлар ва 44 минг кмдан ортиқ коллектор-дренаж тармоқларини модернизация қилиш;

· 21,5 минг кмдан ортиқ сув таъминоти ва 10 минг км канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш;

· 200 мингта сув олиш нуқтасини рақамлаштириш ҳамда ирригацияда сув йўқотишларини 25 фоизга, сув таъминоти тизимида эса 30 фоизга камайтириш;

· насос станциялари томонидан йиллик электр энергияси истеъмолини 6,5 млрд кВт/соатдан 6,0 млрд кВт/соатгача қисқартириш.

Экологик йўналиш доирасида дренаж тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали шўрланган ерлар майдонини 1,7 млн гектаргача камайтириш кўзда тутилган. Гидрометеорологик ҳодисаларни мониторинг қилиш ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш ҳамда улар билан қамровни 96 фоизгача етказиш режалаштирилган. Шунингдек, тозалаш иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш (шу жумладан, оқова сувларни ташлайдиган 425 та корхонада) назарда тутилган.

Ҳужжат институционал ислоҳотларни ҳам назарда тутади — сув таъминоти тарифларини босқичма-босқич ўзини қоплаш даражасигача ошириш, истеъмолчиларнинг 100 фоизига сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ва сув ресурсларини бошқаришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.

Зарур инвестициялар умумий ҳажми 10 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Маблағларни давлат бюджети (1,7 млрд доллар), халқаро молия институтлари (1,27 млрд) ва хусусий сектор (1,25 млрд) ҳисобига жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, тахминан 6,1 млрд доллар миқдорида молиялаштириш етишмовчилиги сақланиб қолмоқда. Жаҳон банки қўшимча ҳамкорлар ва инвестицияларни жалб қилиш учун яна 500 млн доллар сафарбар этишни режалаштирмоқда.

Дастур амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишга (айниқса қишлоқ ҳудудларда) хизмат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Gazeta сув масаласида Марказий Осиё олдидаги муаммолар ва экспертларнинг ечимларини тақдим этган эди. Минтақада сув муаммоси унинг танқислиги билангина чекланиб қолмаяпти. Иқлим ўзгариши сабабли ресурслар олдиндан айтиб бўлмас ҳолга келиб қолмоқда, мамлакатлар эҳтиёжлари ўртасидаги фарқ эса кескинликни оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар эскирган газ узатиш инфратузилмасидаги сизиб чиқиш ҳолатларини камайтириш ҳамда мамлакатдаги уй хўжаликлари ва саноат корхоналарини таъминлаш учун табиий газни тежашга йўналтирилади.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

17 04 2026 / 13:58