Ўзбекистонда
қишлоқ хўжалиги ерлари учун ўтказиладиган аукционларда чет элликларнинг
иштирокини чеклаш ва устуворликни маҳаллий тадбиркорларга бериш режа
қилинмоқда. Инвесторлар учун ердан фойдаланиш иккиламчи ижара ва қиймати 10 млн
доллардан юқори бўлган йирик лойиҳалар орқали сақланиб қолади.
Ўзбекистонда чет эллик инвесторларга қишлоқ хўжалиги
ерларини ажратиш тартиби ва шартлари қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда 21
апрель куни президент Шавкат Мирзиёевга ўтказилган тақдимот давомида
сўз борди.
Қайд этилишича, бундан буён уларга фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар доирасида, яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан иккиламчи ижарага бериш тартиби қўлланади.
Адлия вазири Акбар Тошқулов ушбу ёндашувлар президент томонидан қўллаб-қувватланганини тасдиқлади. Шу билан бирга, қўшимча
топшириқлар, энг аввало, амалга оширишнинг аниқ механизмларини яратиш бўйича
кўрсатмалар берилди.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги ерларини тақсимлашда асосий устуворлик ички меҳнат бозорига берилади.
«Қишлоқ хўжалиги ерлари чекланганлигини ҳисобга олиб, устуворлик Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлашга қаратилиши керак. Шу сабабли чет эллик
инвесторлар учун иккиламчи ижара механизми жорий этилмоқда», — дея
таъкидлади Тошқулов.
Шу билан бирга, ҳукумат йирик инвесторлар учун узоқ муддатли кафолатлар тақдим этиш орқали шароитларни яхшилаш ниятида.
«Йирик инвесторлар учун ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан президент
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ижарага бериш муддатини 25 йилдан 49
йилгача ошириш таклифини маъқуллади», — деди вазир.
Шунингдек, барча турдаги ерлар, жумладан, саноат ва қурилиш лойиҳаларини амалга ошираётган чет эллик инвесторлар учун ижара муддатини ягона — 49 йил этиб белгилаш таклиф қилинди.
Тақдимотда таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича аукционларда иштирок этиш ҳуқуқини фақат маҳаллий фермер ва тадбиркорларга бериш режалаштирилмоқда. Ерларнинг
айрим тоифалари — мудофаа, чегара ҳудудлари, тарихий-маданий ва ўрмон
фонди ерлари — истисносиз фақат мамлакат фуқаролари учун очиқ бўлиб
қолади.
Инвесторлар
дуч келаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ер тоифасини
ўзгартириш ва компенсация миқдорини ҳисоблаш жараёнлари ҳалигача қоғоз
шаклида қолмоқда, бу эса муддатлар чўзилишига ва бизнеснинг
норозилигига сабаб бўляпти.
Шу муносабат билан, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда ерлардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бунда ернинг мақсадли ишлатилиши,
сув истеъмоли ва тупроқ сифати ҳисобга олинади.
«Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги ерларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган тоифага ўтказиш президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан амалга оширилмоқда, бироқ бу жараённинг аниқ тартиби белгиланмаган. Янги
лойиҳаларда инсон омилисиз ишлайдиган шаффоф электрон тизимни жорий этиш таклиф
қилинмоқда», — деди Адлия вазири.
Бундан ташқари, ер участкаларини ижарага бериш муддатини узайтиришни соддалаштириш таклиф этилди. Хусусан, қарздорлик ва низолар
мавжуд бўлмаган тақдирда, ижара муддати қишлоқ хўжалиги ерлари учун 30 йилгача,
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун эса 49 йилгача электрон платформалар
ва давлат хизматлари марказлари орқали узайтирилиши мумкин.
«Умуман олганда, қонунчиликни қўллаш амалиёти асосида муаммоли масалалар аниқланмоқда ва улар бўйича ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрланяпти. Шу билан бирга, ер сотиб
олаётган фуқаролар ва тадбиркорлар учун кафолатлар кучайтирилмоқда: сотиб
олингандан сўнг ер уларнинг мулкига айланади ва ҳуқуқлари Конституция
билан ҳимоя қилинади», — дея таъкидлади Акбар Тошқулов.
Ўзбекистонда яна 100 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини янги тизим бўйича — экинларни эркин танлаш ҳуқуқи билан 49 йилга ижарага бериш режалаштирилган. Шунингдек,
индустриал плантациялар учун участкаларни сотиш ва аукционларни
кенгайтириш кўзда тутилган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 04 2026 / 15:40