Ўзбекистонда
ер ижараси ҳуқуқи кенгайтирилиб, ундан кредит, ипотека ва лизинг учун
гаров сифатида фойдаланиш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, ер назорати
кучайтирилади, ноқонуний олди-сотди учун жавобгарлик қайта кўрилади
ва бизнеснинг ерга бўлган эҳтиёжини қондириш учун жараёнлар
соддалаштирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни
ўтказилган йиғилишда ерга бўлган ижара ҳуқуқини молиявий восита сифатида
кенгайтириш ва ер назорати йўналишида жавобгарликни кучайтириш
бўйича топшириқ
берди.
Давлат раҳбари ижара ҳуқуқидан нафақат тижорат кредитлари, балки лизинг, ипотека ва банк кафолатини олиш учун ҳам гаровга қўйиш имкониятини яратиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, ер участкасини бўш турган ер сифатида ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш, ерларни қайта ижарага беришда шартномаларни ҳақ эвазига ёки текинга тузиш мумкинлигини аниқ белгилаш таклиф этилди.
Шундан келиб чиқиб, ер олди-сотдисига оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш учун жавобгарликни фақат суғориладиган ерлар учун эмас, қолган барча турдаги ер участкаларига нисбатан ҳам татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, инфратузилма лойиҳаларини рағбатлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Жумладан, темирйўллар, автомобиль
йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари, сув иншоотлари
ва тармоқларини қуриш мақсадларида ерларнинг тоифаси ўзгартирилганда
нобудгарчилик тўловидан озод қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, ер жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганида тўланадиган компенсация тўловларини солиққа тортмаслик режалаштирилмоқда.
Келгусида қишлоқ хўжалиги ерлари ижарачиларига ҳудудлардаги 13 та дирекция орқали, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга эса 14 та инвестиция компанияси орқали хизмат кўрсатилиши, ушбу ташкилотлар ўз йўналишларида давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида «кўприк» вазифасини бажариши таъкидланди.
Президент масъул идораларга ер ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқиш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар учун янада очиқ ва тушунарли тизим яратиш, шунингдек, соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда яна 100 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини янги тизим бўйича — экинларни эркин танлаш ҳуқуқи билан 49 йилга ижарага бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек,
индустриал плантациялар учун ер участкаларини сотиш ва аукционларни
кенгайтириш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича аукционларда чет элликларнинг иштироки чекланиб, устуворлик маҳаллий тадбиркорларга берилади. Инвесторлар
учун эса иккиламчи ижара ҳамда 10 млн доллардан юқори бўлган йирик лойиҳалар
орқали имконият сақланиб қолади. Шу билан бирга, уларга узоқ муддатли
кафолатлар бериш ва жараёнларни соддалаштириш ваъда қилинмоқда.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 04 2026 / 15:58