KOICA
Ўзбекистонда АТ таълим экотизимини ривожлантириш учун 14 млн доллар грант
ажратди. Лойиҳа доирасида ёшлар замонавий IT йўналишларда ўқитилади,
мутахассислар малакаси оширилади ва бир қатор ҳудудларда АТ марказлар
ҳамда ҳаблар ташкил этилади.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги
(KOICA) Ўзбекистонда ахборот технологиялари таълим экотизимини ривожлантиришга
қаратилган лойиҳа учун 14 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Бу ҳақда
Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича,
«Ўзбекистонда АТ таълим экотизимини такомиллаштириш орқали ёшларнинг бандлик
ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ёшлар сунъий
интеллект, prompt муҳандислиги, дастурлаш, нарсалар интернети ва онлайн
маркетинг каби замонавий йўналишларда тўрт йил давомида тизимли ўқитилади.
Шунингдек, 500 нафар АТ
мутахассиси ва ўқитувчиларнинг малакаси оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа
доирасида кореялик етакчи экспертлар иштирокида стартап инкубация дастурлари
ҳам йўлга қўйилади.
Лойиҳа 2026−2032 йиллар давомида
амалга оширилиб, Нукус ва Қарши шаҳарларида иккита замонавий АТ-хаб ташкил
этилади. Бундан ташқари, еттита туманда 14 та АТ марказ қурилиб, зарур
жиҳозлар билан таъминланади.
Вазирликка кўра, мазкур ташаббус
таълим тизимини ривожлантириш, ёшлар бандлигини ошириш ва инновацион
тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Жанубий Корея
компаниясининг 7 млн доллар гранти асосида 100 та тез ёрдам машинасини
харид қилиши маълум бўлган эди. Транспорт воситалари 2026 йилнинг биринчи
ярмида харид қилинади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
27 04 2026 / 16:04