Ўзбекистон
Франция билан узумзорларда мавсумий ишларга фуқароларни жалб қилиш бўйича
келишувга эришди. Ёздан бошлаб 50 нафар номзод пилот тарзда ишга юборилади.
Шунингдек, кадр танлаш ва «таълим + иш» дастурлари бўйича ҳамкорлик йўлга
қўйилди.
Ўзбекистон Франция билан қишлоқ
хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириб, ўзбекистонликларни узумзорларда
мавсумий ишларга жалб қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Миграция
агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Миграция
агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси
вакилларидан иборат делегация Францияда ҳамюртларни қонуний ва тизимли
ишга жойлаштириш масалалари бўйича учрашувлар ўтказган. Унда Франция Қишлоқ
хўжалиги ишлаб чиқарувчилари федерацияси (FNSEA) билан узумзорларда мавсумий
ишларга ўзбекистонликларни жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.
Қайд
этилишича, жорий йил ёз ойларидан бошлаб пилот лойиҳа доирасида Францияда
ишлаш истагини билдирган 50 нафар номзод илк бор ушбу давлатга юборилади.
Шунингдек, Францияда кадр танлаш
ва бандликни таъминлашга ихтисослашган Sélect Recruiting Service ташкилоти
билан номзодларни саралаш ва ишга жойлаштириш бўйича битим имзоланган.
Бундан ташқари, CFA AC Paris
компанияси билан «таълим + иш» форматида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Унга кўра,
Францияда ресторан соҳасида ўқиш ва ишлаш имкониятини яратиш бўйича дастур
ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Келишувларни амалга ошириш
ва ташкилий-ҳуқуқий масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Франциянинг
Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Таълим вазирликлари мутасаддилари, шунингдек,
France Travail давлат бандлик хизмати, CCI Île-de-France савдо-саноат палатаси
ҳамда AP-HP Париж давлат шифохоналари хизмати вакиллари билан музокаралар
ўтказилган.
Аввалроқ Япониянинг Willer Express
компанияси ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш ва ишга
жойлаштиришни йўлга қўйиши хабар
берилган эди. Тошкентда ўқув полигони очилади, амалиёт учун ўнг
рулли автобуслар олиб келинади. Лойиҳани ҳудудларга ҳам кенгайтириш
режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда меҳнат
миграцияси географиясини кенгайтириш ва хориждаги юқори ҳақ тўланадиган
ишлар учун кадрлар тайёрлашни кучайтириш режалаштирилмоқда.
Хориждагилар аллақачон 100 мингдан ортиқ мутахассисга талабнома юборган.
Ҳукумат тил ўрганиш ва имтиҳонлар харажатларини қоплашни таклиф қилмоқда.
20 апрель куни президент ҳузурида
ўтказилган йиғилишда мавсумий иш йўналишларини ҳам кенгайтириш зарурлиги қайд
этилиб, бу борада аграр ва туризм соҳаларида имзоланган 12
та янги халқаро битим асосида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Испания,
Италия, Туркия ва Корея каби давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш топширилди.
Gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
28 04 2026 / 14:16