Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда 2026 йил охиригача 13 та ГЭС фойдаланишга топширилади



Улашинг :


Ўзбекистонда йил якунига қадар 13 та гидроэлектр станцияни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Уларнинг умумий қуввати 114 мегаваттни ташкил этиб, йилига 537 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади. Президент мазкур лойиҳа тақдимоти билан танишди.

Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 150 минг километрдан ортиқ дарёлар, сойлар ва каналлар мавжуд. Бу манбалар нафақат ичимлик суви ва суғориш, балки энергетика, иқтисодиёт ҳамда экология нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.

Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг катта қисми табиий газ ва кўмирга боғлиқ. Гидроэнергия улуши эса 10−12 фоиз атрофида. Шу боис, гидроэнергетикани ривожлантириш энергия тизимини барқарорлаштириш, ёқилғи ресурсларига боғлиқликни камайтириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади.

Тақдимотда 2026−2032 йилларда умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлган 73 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Бунинг натижасида қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилиши кутилмоқда.

Жорий йилда 13 та ГЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 114 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 537 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар доирасида 254 та иш ўрни яратилади. Бунга қўшимча Бўстонлиқ туманида 28 миллион долларлик грантлар ҳисобидан 20 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда.

Қайд этилишича, йирик лойиҳалар қаторида Бўстонлиқ туманидаги Юқори Пском ГЭС қурилиши алоҳида аҳамиятга эга. Қиймати 365 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг қуввати 160 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 484 миллион киловатт-соат бўлади. Бу 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳада маҳаллий компонентлар улуши 82 фоизни ташкил этади.

Фарғона вилояти Сўх туманида «миллий лойиҳа» тамойили асосида Сўх ГЭС қурилиши режалаштирилган. Қуввати 15 мегаватт бўладиган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, тумандаги электр эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Юқори Тўпаланг ҳудудининг гидроэнергетика салоҳияти ҳам кўриб чиқилди. «Тўпаланг» сув омборига қуйиладиган дарё ва сойларда 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 541 мегаватт қувват яратиш, йилига қарийб 1,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

30 04 2026 / 13:21