Сувни
тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган фермерларга субсидия берилади.
У ҳар бир контур учун бир марта ажратилади. Ариза Агропортал орқали
топширилади. Ўз маблағи ҳисобидан жорий этганларга субсидиянинг 50 фоизи
олдиндан тўланади.
Ҳукуматнинг
28 апрелдаги қарори билан қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш
технологияларини жорий этганлик учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартиби
тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий
ахборот» Telegram канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, субсидия Давлат
бюджетидан ажратилади ва у қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ёки технология туридан
қатъи назар, ҳар бир контурда жорий этилган технология учун фақат бир марта
берилади.
Субсидия олиш учун талабгор ўз экин
ер майдонларини контурлар ҳамда етиштирилаётган маҳсулот турлари кесимида
Агропорталга киритган бўлиши керак. Ариза ушбу платформа орқали электрон шаклда
тақдим этилади.
Аризага сувни тежайдиган суғориш
технологиясини қуриш бўйича «Tomchi-reestr»га киритилган қурувчи-пудрат
ташкилоти билан тузилган шартнома нусхаси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш ишлари
якунлангани ҳақидаги далолатнома нусхаси, шунингдек иш бажарилган контурлар
(ҳудуди ва аниқ локацияси) тўғрисидаги маълумотлар илова қилиниши лозим.
Шунингдек, технологияларни ўз
маблағи ҳисобидан жорий этган талабгорларга белгиланган ҳисоб-китобларга
мувофиқ субсидиянинг 50 фоизи олдиндан тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрида
сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда,
трансчегаравий сув омборларини ҳам ҳисобга олганда, сув захиралари 6,5 млрд куб
метрга қисқарганини маълум қилган эди. 2026 йилда 503 минг гектар майдонда сувни
тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда, деган эди у.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль
куни сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи
технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Унда маълум қилинганидек, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг
гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 миллион гектарга ёки жами
суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган. Натижада ҳар йили
3,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, 300 минг гектар ернинг сув
таъминотини яхшилаш ва такрорий экинларни суғориш имконияти яратилади.
Шундан кейин кўп ўтмай, 5 февраль
куни қабул қилинган президент қарорида суғориладиган ерларда сув тежовчи
технологиялар жорий этилмаган ҳолларда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун
солиқ 2 баробар оширилиши белгиланди.
2027 йилдан солиқ ва субсидиялар сув таъминоти даражасига қараб
белгиланади, «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш мажбурий бўлади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
01 05 2026 / 11:53