Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Ўзбекистонда ҳудудларни «яшил» ривожлантириш учун 9 млн евро грант ажратади



Улашинг :


Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонда ҳудудларни мастер режалар асосида «яшил» иқтисодий ривожлантириш учун 9 млн евро грант ажратади. Лойиҳа 2026−2029 йилларга мўлжалланган бўлиб, мастер режалар ишлаб чиқиш, пилот ташаббуслар ва янги туманларда лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонда ҳудудларни мастер режалар асосида «яшил» иқтисодий ривожлантириш учун 9 млн евро грант ажратади, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Бу бўйича келишув 30 апрель куни вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, GIZ`нинг Ўзбекистондаги раҳбари Йоахим Фриц ва лойиҳалар раҳбари Беате Шорейт иштирокида имзоланган.

Учрашувда вазирлик, GIZ, UzAgrostar холдинги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этган. Томонлар GIZ билан ҳамкорликда мастер режалар соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгуси режаларни муҳокама қилган.

Қайд этилишича, GIZ томонидан аввал ажратилган грант маблағлари ҳисобидан 12 та туман бўйича комплекс ривожлантириш мастер режалари (стратегиялар) ишлаб чиқилган ва 24 та пилот лойиҳа амалга оширилган.

Жумладан, Шаҳрисабз туманида 500 гектар майдонда агротуризм мажмуаси ташкил этилган. Амударё, Чимбой, Булунғур, Каттақўрғон, Миришкор, Хива ва Ҳазорасп туманларида касбга ўқитиш марказлари, интенсив балиқ етиштириш лойиҳалари, ижтимоий объектларда энергия тежовчи иссиқлик насослари, IT ва ҳунармандчилик марказлари йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳалар учун 1,3 млн евро грант маблағлари йўналтирилгани қайд этилган.

Янги келишув 2026—2029 йилларга мўлжалланган бўлиб, у доирасида мастер режалар ишлаб чиқиш ва «яшил» пилот лойиҳаларни молиялаштириш назарда тутилган. Ҳамкорлик доирасида мастер режаларни ишлаб чиқишда сунъий интеллект ва инновацион таҳлил усулларини жорий этиш, 12 та туман бўйича ишлаб чиқилган мастер режалар асосида пилот лойиҳаларни давом эттириш, шунингдек, Баҳмал, Бойсун ва Сўх туманларида янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича лойиҳа офислари ходимлари ва хусусий сектор вакиллари учун малака ошириш семинарлари ва тренинглар ўтказилиши кўзда тутилган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва белгиланган вазифаларни тизимли амалга оширишга келишиб олган.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2023 йилда жамият «яшил» саноатлаштириш доирасида хусусий сектор салоҳиятини ошириш ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашув лойиҳаси учун 9 млн евро грант ажратган. 2024 йил ноябрида эса шу йўналишдаги лойиҳа доирасида яна 3 млн евро грант берилиши маълум қилинган.

Шунингдек, 2024 йил декабрида GIZ Ўзбекистонда «яшил» мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун 9 млн евро грант ажратиши ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун: Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Германия федерал ҳукуматига тегишли халқаро ташкилот бўлиб, 130 дан ортиқ мамлакатда турли соҳаларда фаолият юритади. Федерал ташкилот сифатида у барқарор ривожланиш йўлида халқаро ҳамкорлик бўйича Германия ҳукумати мақсадларини амалга оширишга кўмаклашади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

04 05 2026 / 11:43