Шавкат
Мирзиёев Самарқандда ОТБ президенти Масато Канда билан учрашди. Музокараларда
2030 йилгача мўлжалланган 12,5 млрд долларлик янги стратегик шериклик дастури
муҳокама қилинди. У ижтимоий соҳани модернизация қилиш, камбағалликни
қисқартириш ва «яшил» энергетикани қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи
доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги
делегацияни қабул қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Учрашув аввалида ОТБ раҳбари
мамлакат етакчисига банк Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши
Ўзбекистонда ўтказилишини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган кўмаги учун самимий
миннатдорлик билдирди.
Қайд этилишича, томонлар Ўзбекистон
ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли
ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Ўтган 30 йилда
ОТБ Ўзбекистоннинг стратегик шеригига айланди.
Лойиҳалар портфели қарийб 16 млрд
долларни ташкил этмоқда, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг
минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланди.
Темир ва автомобиль йўллари,
энергетика ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, сув таъминоти
ва канализация тармоқларини янгилаш, қишлоқ хўжалиги ва хусусий
секторни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича муҳим лойиҳалар амалга
оширилди ва давом этмоқда.
Ўзбекистон
президенти ва банк раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан шериклик
бўйича 2030 йилга қадар бўлган даврга мўлжалланган янги дастурга киритилган
умумий қиймати 12,5 млрд долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали
амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликда
ишлашга келишиб олди:
·
ипотека
бозори ва хусусий сектор;
·
ёшлар
ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни
қисқартириш;
·
инклюзив
таълим ва инсон капиталини ривожлантириш;
·
рақамли
инновацияларни жорий этиш ва махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани
модернизация қилиш.
Марказий Осиё минтақасида йирик
инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, банкнинг маблағларни сафарбар
этишдаги етакчилигини кучайтириш орқали илгари суришга алоҳида эътибор
қаратилди.
Президент ОТБ раҳбарияти ва жамоасига Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ва самарали ўтишини тилади.
Учрашув якунида Ўзбекистон
ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган шериклик
дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
04 05 2026 / 12:09