Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида ҳар
йили 3,6 млн тонна чиқиндиларни қайта ишлайдиган чиқинди ёқиш корхоналари
қурилади. Навоийда 260 млн долларга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича
МДҲдаги илк платформа ташкил этилади. 2030 йилга бориб полигонлар сони икки
бараварга қисқаради.
Ўзбекистонда умумий қиймати 933
млн доллар бўлган чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарувчи олтита завод
қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 30 апрель куни президент ҳузурида ўтказилган
йиғилишда маълум қилинди.
Тақдимотда чиқиндиларни бошқариш
соҳасидаги ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. 2025 йилда санитар тозалаш
хизмати қамрови маҳаллалар кесимида 88 фоизга етди, соҳага махсус техникалар,
мотороллерлар ва контейнерлар етказиб берилди, 132 та полигон атрофи
кўкаламзорлаштирилди, 47 та полигон фаолияти тўхтатилди.
2026 йилда санитар тозалаш хизматлари қамровини 90 фоизга етказиш
режалаштирилмоқда. Бунинг учун санитар тозалаш корхоналарига қўшимча равишда
300 та махсус техника, 80 та мотороллер ва 600 та контейнер
етказиб берилади.
Шунингдек, яна 18 та полигонни
қўшимча рекультивация қилиш назарда тутилган. Полигонлар сонини
қисқартириш даражасини 32,6 фоизга етказиш, 2030 йилга бориб эса улар сонини 50
фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Чиқиндиларни қайта юклаш
станцияларини қуриш орқали логистика харажатларини камайтириш, саралаш ва қайта
ишлаш ҳажмини ошириш, полигонларга тушадиган юкламани қисқартириш муҳимлиги
таъкидланди. 2026 йилда 28 та, 2030 йилгача эса 70 та қайта юклаш станциясини
қуриш кўзда тутилган.Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори ўринбосари
Шуҳрат Ҳайдар «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари
хизматлар сифатини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлаганини айтди.
«Агентлик томонидан жорий йилда 28 та
қайта юклаш станцияларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу нимани беради?
Биринчи навбатда санитар тозалаш корхоналари харажатларини қисқартириш, чиқинди
ҳосил бўлаётган нуқтадан то жойлаштирилгунга қадар бўлган масофани
қисқартиришга эришилади, яъни иқтисодий самарадорлик даражаси кескин ошади», —
деди у.
Маиший чиқиндиларни ёқиш орқали
электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши
тўғрисида ҳам ахборот берилди. Умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6
та заводни қуриш ишлари Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё
ва Тошкент вилоятларида амалга оширилмоқда.
Бу заводлар ишга тушгач, йилига
3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард
киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Чиқиндиларни бошқариш
ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек
Ҳасанов Ўзбекистонда чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарувчи яна бешта
завод қуриш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Давлат раҳбари бешта қийин бўлган
ҳудудларда инвесторларимиз билан биргаликда 633 миллион долларлик чиқинди ёқиш
заводларини қуриш бўйича топшириқ берди», — деди Шарифбек Ҳасанов.
Шунингдек, президент хавфли
чиқиндиларни бошқариш масаласи бўйича алоҳида топшириқ бергани қайд этилди. Хавфли
чиқиндиларни бошқариш бўйича МДҲ ҳудудида илк интеграциялашган платформа яратиш
таклиф қилинди.
Навоий вилоятида амалга оширилиши
режалаштирилган мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида хавфли чиқиндиларни
лабораторияда тавсифлаш, махсус полигон ташкил этиш, чиқиндилардан RDF ёқилғи
ишлаб чиқариш, физик-кимёвий ва термик қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш
назарда тутилган.
Лойиҳа қиймати 260 миллион доллар
бўлиб, йилига 330 минг тонна хавфли чиқиндини қайта ишлаш қуввати яратилади. 2024
йил октябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш
ва улардан электр энергияси ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида
гапирар экан, бу соҳани «шунчаки заводлар эмас, балки тақдирий аҳамиятга
эга масалалардан бири» деб атаган. 2025 йил март ойида у қаттиқ маиший
чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга
ошириш тўғрисида қарор имзолаган.
Шундай лойиҳалардан бири
Самарқандда Хитойнинг Shanghai SUS Environment компанияси билан
ҳамкорликда амалга оширилмоқда. SUS Environment Samarkand заводи «Хушрав» массивидаги «Наврўз»
маҳалласида жойлашган марказий полигон ҳудудида қурилмоқда: лойиҳа учун
полигоннинг 100 гектар майдонидан 15 гектари ажратилган. Корхона пойдеворига
тамал тоши 2025 йил 18 июль куни қўйилган, ҳозирда қурилиш ишлари давом
этмоқда. Ўтган йил ёзида объектни Gazeta журналисти Отабек Турдиев бориб кўрган.
Чиқиндиларни ёқиш заводлари саноат
ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қозонлар ёки печларда термик қайта ишлаш
технологияси асосида ишлайди. Ёниш жараёнида ҳосил бўлган иссиқликдан иссиқлик
ва электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Самарқандда қурилаётган заводни
2027 йил бошида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, у кунига 1,5 минг
тонна чиқиндиларни қайта ишлаши ва йилига 240 млн кВт/соат электр
энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Самарқанд вилояти Чиқиндиларни бошқариш
агентлиги бошқармаси бошлиғи Бекзод Пашановнинг сўзларига кўра, «қаттиқ маиший
чиқиндиларни ёқиш ҳисобига Самарқанд аҳолисининг 70 фоизи ва Пастдарғом
тумани аҳолисининг 27 фоизи электр энергияси билан таъминланади».
Экофаоллар бундай заводларни
ишлатиш учун кўп миқдорда қазиб олинувчи ёнилғи (масалан, дизель) ишлатилиши,
лекин ишлаб чиқарилган энергия миқдори озу, заводдан атмосферага ажралиб чиққан
углерод чиқиндилари кўп бўлишини танқид қилади. Самарқандда қурилиши бошланган
заводнинг экологияга қанчалик фойда-зарари борлиги ҳақида сўралганида, Бекзод
Пашанов «ёнган чиқиндиларнинг кули ҳам қайта ишланиши, брикет ва шунга ўхшаш
қурилиш хомашёлари тайёрланиши»ни айтди.«Дарғом каналидан кунига 5 минг куб сув
олиб келинади, заводдан чиқадиган тутун шу сув билан бостирилади. Бунда
тупроқ зарарланмаслиги кафолатланади, чунки экспертиза хулосаси бўлади», —
деди у.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри
марказидаги Қўшҳовуз ва Ургути маҳаллалари оралаб чиқиндиларни йиғишга
мўлжалланган электр ва бензинли мотороллерлар ҳаракатлана бошлади.
Ўзбекистонда биринчи бўлиб Самарқандда йўлга қўйилган ушбу тажриба доирасида
ҳар бир маҳаллага иккитадан мотороллер бириктирилган (бундай транспорт
воситаларидан эса шаҳарга жами 70 та олиб келинган).
Бундай чиқинди ташувчи
мини-машиналар тажрибаси 2030 йилгача Ўзбекистоннинг барча шаҳар ҳудудларига
(жами 1860 та маҳаллада) босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
05 05 2026 / 13:10