Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

2025 йилда Ўзбекистоннинг қайси компаниялари энг кўп имтиёз олди?



Улашинг :


Ўзбекистон тадбиркорлари 2025 йилда 178,1 трлн сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди. Уларнинг энг йирик олувчиси Uzbekistan GTL бўлди — 2,8 трлн сўм. Шунингдек, кучли учликдан Uzbekistan Airways (2,4 трлн сўм) ва «Ўзбекнефтгаз» (1,7 трлн сўм) жой олди.

Ўзбекистоннинг хусусий ва давлат компаниялари 2025 йилда 178,1 трлн сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Солиқ имтиёзларидан 143,2 мингта субъект фойдаланган бўлиб, имтиёзлар суммаси 119 трлн сўмни ташкил этди. Шундан 139 дан ортиқ юридик шахс 118,9 трлн сўмлик, 4185 нафар якка тартибдаги тадбиркор эса 120,7 млрд сўмлик имтиёзларни қўллаган.

Муҳим эслатма — кўрсатилган суммалар президент ва ҳукуматнинг ёпиқ қарорлари билан тақдим этилган имтиёзларни ўз ичига олмайди. Масалан, айрим автомобиль ишлаб чиқарувчилар ёпиқ қарорлар асосида алоҳида имтиёзларга эга бўлган.

Солиқ имтиёзларининг энг йирик олувчиси — 2,8 трлн сўм билан Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш заводи бўлди. Қиймати қарийб 3,5 млрд доллар бўлган объект 2021 йил охирида ишга туширилган эди. Ўша пайтда мажмуа фойдаланишга топширилиши билан давлат бюджетига йилига ўртача 2 трлн сўмдан ортиқ солиқ тушумлари тушиши хабар қилинганди, бироқ амалда тўловлар миқдори анча паст бўлиб чиқди.

Кейинги ўринда имтиёзлар бўйича Uzbekistan Airways давлат авиакомпанияси етакчилик қилмоқда — 2,4 трлн сўм (2024 йилда бу кўрсаткич 881,4 млрд сўм эди). Бу ўтган йилнинг охирида Ўзбекистонда йўловчи ва юк ташувчи самолётларнинг ҚҚС ҳамда божхона божларидан озод қилингани билан боғлиқ.

«Ўзбекнефтгаз» нефть-газ компанияси 1,7 трлн сўмлик солиқ имтиёзларига эга бўлди (илгари 58,5 млрд сўм эди).

Энг йирик олувчилар қаторидан, шунингдек, қуйидагилар жой олди:

· «Ўзбекистон темир йўллари» — 1,1 трлн сўм (2024 йилда 529,6 млрд сўм бўлган);

· UzAuto Motors — 898,9 млрд сўм (281,8 млрд);

· Asia Trans Gas — 860,4 млрд сўм (453,7 млрд);

· Luxury Diamond (Ўзбекистондаги энг йирик заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилардан бири — UZGOLD гуруҳига киради) — 811,8 млрд сўм;

· My Freighter авиакомпанияси (Centrum Air бренди остида фаолият юритади) — 660,2 млрд сўм (46 млрд);

· Solutions Lab финтех компанияси — 650,8 млрд сўм;

· Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard оператори) — 542,4 млрд сўм;

· «Ҳудудий электр тармоқлари» — 538,6 млрд сўм;

· UzGasTrade газ сотиб олиш ва сотиш оператори — 515,4 млрд сўм;

· Air Products Netherlands Gases BV (GTL ва бошқа кимёвий лойиҳаларда иштирок этади) — 482 млрд сўм;

· Самарканд туристик маркази — 427,9 млрд сўм;

· Asterium криптобиржаси — 427,4 млрд сўм.

Божхона имтиёзлари 15,35 мингта ташкилотга тақдим этилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 59,1 трлн сўмни ташкил этди.

Божхона имтиёзларининг энг йирик олувчиси — 2,1 трлн сўм билан UzGasTrade газ сотиб олиш ва сотиш оператори бўлди. Кейинги ўринларни RWS Optimum (Ўзбекистонда темирйўл қурилишида ишлатиладиган темир-бетон шпаллар ишлаб чиқарувчиси, шунингдек, «Портлатишсаноат» компаниясининг 66 фоизини хусусийлаштирган) — 1,4 трлн сўм ҳамда Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги ИЭСни бошқариш бўйича Enter Engineering доимий муассасаси — 1,1 трлн сўм билан эгаллади.

Божхона имтиёзларини олган бошқа йирик ташкилотлар орасида қуйидагилар бор:

· First Fruits (мева ва сабзавотларнинг улгуржи савдоси) — 955,2 млрд сўм;

· Tebinbulak Mechanization Service (автомобиль транспортида юк ташиш, Enter Engineering томонидан таъсис этилган) — 738,5 млрд сўм;

· My Freighter — 645 млрд сўм;

· «Трест-12» қурилиш компанияси — 519,5 млрд сўм;

· Gorilla Energy энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчиси — 414,5 млрд сўм;

· Azia Metall Prof (Самарқанд металлургия заводи) — 391,5 млрд сўм;

· New Logistic (Бойсун газни қайта ишлаш заводи бўйича Enter Engineering доимий муассасаси) — 321,1 млрд сўм;

· RG Brands South (Қозоғистоннинг RG Brands компанияси шуъба корхонаси, Ava, Asu, Piala ва бошқа ичимликлар дистрибьютори) — 302,6 млрд сўм;

· Uzbekistan Airways — 288,4 млрд сўм;

· China CAMCE Engineering EPC-пудратчиси — 285 млрд сўм.

Ўзбекистонда чет эл юридик шахслари томонидан ташкил этилган 75 та доимий муассасага берилган божхона имтиёзлари 2,46 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу сумманинг ярмидан кўпи Enter Engineering тузилмалари ҳиссасига тўғри келди.

Қораўзак туманидаги ИЭС ва Бойсун газни қайта ишлаш заводи билан боғлиқ доимий муассасалардан ташқари, улар қаторига Самарқанд яқинидаги Имом ал-Бухорий мажмуаси, «Самарқандкимё» заводи ва Қоракўл туманидаги газ-кимё мажмуаси лойиҳалари ҳам киради. Шуларни инобатга олганда, Enter Engineering тузилмалари томонидан олинган имтиёзларнинг умумий ҳажми 1,9 трлн сўмдан ошади.

Имтиёз олувчилар орасида Eriell Group тузилмалари ҳам кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Қандим массивидаги лойиҳа 25,6 млрд сўмлик, Муборак туманидаги лойиҳа эса 15,9 млрд сўмлик имтиёзларга эга бўлган.

Тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ ушбу икки компания учун ажратилган имтиёзлар ҳажми 2024 йилда камроқ бўлган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати иш ҳақи бўйича қарздорликни (тахминан 131 млн доллар), шунингдек, бюджет ва банклар олдидаги мажбуриятларни қоплаш учун Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларини сотишни режалаштирмоқда. МТО газ-кимё мажмуаси, Бухоро аэропорти, Тебинбулоқ ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи каби йирик лойиҳаларга янги инвесторларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Давлат аҳамиятига молик лойиҳалар бўйича имтиёзлар 12,6 трлн сўмни ташкил этди. Яна 345 млрд сўм хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва уларнинг дипломатик агентлари ҳиссасига тўғри келди.

Таъкидлаш жоизки, имтиёзларнинг бир қисми тўғридан-тўғри ажратилмайди, балки 1994 йилдаги МДҲнинг Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битими ва бошқа келишувлар доирасида барча импорт қилувчилар учун амал қилади.

2023 ва 2024 йиллар учун имтиёзлар билан ҳаволалар орқали танишиш мумкин.

gazeta .uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

05 05 2026 / 14:44