Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда $200 млн қийматга эга тадқиқот ва ишланмалар маркази ташкил этилади, шунингдек, СИ инфратузилмаси кенгайтирилади



Улашинг :


Ўзбекистонда 24 млн долларлик GPU кластери негизида СИ инфратузилмаси яратилиб, йил охиригача уни яна 45 млн долларга кучайтириш режалаштирилган. Президентга $200 млн қийматга эга тадқиқот ва ишланмалар маркази ташкил этиш, ҳудудларда IT Park Uzbekistan тармоғини кенгайтириш лойиҳаси тақдим этилди.

Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши ва устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш учун қиймати 24 миллион долларлик ГПУ кластери аллақачон яратилган. Йил охиригача яна 45 миллион долларлик ускуналарни жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ушбу қувватлардан самарали фойдаланиш ва уларни иқтисодиёт тармоқлари учун амалий ечимлар билан интеграция қилиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Тақдимотда соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, божхона ва солиқ тизимлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишлардаги 130 дан ортиқ маълумотлар базасини тизимлаштириш режалари тақдим этилди. Ушбу маълумотлар асосида ягона маълумотлар билан ишлаш муҳити яратиш ва сунъий интеллект моделларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бу давлат хизматлари кўламини кенгайтириш, таҳлил ва бошқарув қарорлари сифатини ошириш, шунингдек, иқтисодиётдаги харажатларни қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Шу билан бирга, бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган: 2030 йилга қадар IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу мақсадда ҳудудларда рақамли экотизимни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва экспортга йўналтирилган хизматлар ҳажмини ошириш назарда тутилган.

Ташаббуслар доирасида IT Park Uzbekistan’нинг Самарқанд, Наманган, Сирдарё ва Бухоро шаҳарларида янги филиалларини очиш, шунингдек, Нурафшон шаҳрида тадқиқот ва ишланмалар (R&D) марказини ташкил этиш режалари ҳам тақдим этилди.

Марказ 7,3 гектар майдонда жойлаштирилиши режалаштирилган: лойиҳа олтита юқори технологияли лаборатория, 200 ГПУга эга ҳисоблаш маркази, стартап кампуси ва тижоратлаштириш марказини ўз ичига олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларга баҳоланиб, 2027−2031 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли, биринчи навбатда ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, мамлакатда стартаплар сони 950 тага етган бўлиб, бу йиллик ҳисобда 37,5 фоиз ўсишни ташкил этмоқда. Венчур фондлар сони 22 тагача ошган, экотизим қиймати эса 4,3 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Стартаплар томонидан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 132 миллион долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар стартаплар сонини 5000 тага етказиш ва венчур инвестицияларини 2 миллиард долларгача жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинганди.

Октябрь ойида Президент Тошкентда IT Park’нинг иккинчи босқичи қурилишига старт берган эди. Лойиҳа доирасида Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси билан ҳамкорликда қуввати 12 МВт бўлган, қиймати 150 млн долларлик дата-марказ барпо этилади. Кейинчалик ушбу йўналишга қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция киритиш ва унинг умумий қувватини 500 МВтга етказиш режалаштирилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

06 05 2026 / 14:58