Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Кооператив ярмаркадан 850 нафар фуқаро иш жойига йўл олди



Улашинг :


Кооператив ярмаркадан 850 нафар фуқаро иш жойига йўл олди

Фуқароларни камбағалликдан чиқариш, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан. Андижон шаҳрида Алишер Навоий номидаги боғда ташкил этилган янги иш ўринлари кооператив ярмаркаси ҳам айни шу мақсадга қаратилди.

Тадбирда ишсиз, кам таъминланган оилалардаги аёллар ва ёшлар билан бирга молия муассасалари, аҳоли бандлигини таъминлашга масъул ташкилотларнинг раҳбарлари, тадбиркор ва ҳунармандлар иштирок этди. Унда ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишини ошириш, янги иш ўринларини яратишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан кўргазма ташкил этилди.

- Бугун бир нарсани унутмаслигингиз керак. Кейинги вақтда орамизда боқимандаликка ўрганганлар оз бўлса-да, учраб турибди. Шу сабаб энди бундай инсонларга биз балиқ ўрнига қармоқ берамиз. Аниқроқ қилиб айтсам, уларни ҳаракатга келтирамиз, — деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. — Амалдаги йилда 114 минг 302 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Бугун мана шу тадбир якунида таклиф этилган 850 нафар иштирокчи тўғри иш жойига йўл олади. Сизлардан фақат ташаббус керак. Тадбиркорлик тўхтовсиз ҳаракатни талаб қилади. Шу сабаб ҳар бирингиз бу каби имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз йўлингизни топишингизга ишонаман. Бу йўлда биз сизларни қўллаб-қувватлаймиз.

Субсидия-зарур ҳолларда бериладиган пул маблағи. Тадбирнинг асосини ҳам айни шу йўл билан иштирокчиларнинг бандлигини таъминлаш ташкил этди. Бунинг учун янги ташкил этилган 17 та кооперативларга 2 миллиард 82 миллион сўм пул ажратилди. Савол туғилади: бу маблағ қандай тартибда ишлатилади?

Кооперативлар 3 та йўналишга ихтисослашган. Ўз қизиқишига қараб кимдир паррандачилик, кимдир қуёнчилик ва яна кимдир тикувчилик йўналишини танлайди. Ҳар бир туманда бу йўналишлар бўйича тадбиркорлар иш олиб бормоқда. Юқоридаги маблағ ҳисобига ёшлар парранда ёки қуён билан таъминланади, тикувчиликка қизиққанлар ишга қабул қилинади.

Яхши томони парранда ва қуёнлар олувчининг хонадонига кооператив томонидан катак ва бир ойлик озуқа етказиб берилади. Кейинчалик тайёр маҳсулотни сотиш, озуқа билан таъминлаш ва ветеринария хизмати ҳам уларнинг зиммасида.

- Корхонамиз оёқ кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, — дейди Балиқчи туманидаги “Юксак обод сари 555” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тоҳир Толипов. — Ҳозирда 15 нафар ёш билан иш олиб боряпмиз. Бериладиган субсидия ҳисобига яна 50 нафар мигрант ва “Темир дафтар”га киритилганларни ишга оламиз. Натижада ишлаб чиқариш суръати ҳам ўсади.

Тадбиркор Нодирбек Мухторов раҳбарлигидаги “JIL VOY WANG” ишлаб чиқариш кооперативи Пахтаобод туманидаги “Нурдиёр” МФЙда амалдаги йил бошида ташкил этилди. Хитой технологиялари асосида ишлаётган корхонада ҳозирда 50 нафар маҳалла фуқаролари иш билан банд. 122 миллион 500 минг сўм субсидия ҳисобига уларнинг сони уч бараварга ортади.

- МФЙ фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб йил бошида вақтинча ишсиз ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларни ўрганиб чиқдик, — дейди Пахтаобод туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Хушнудбек Аҳмадалиев. — Биринчи чоракнинг ўзида 1493 нафарининг бандлиги таъминланди. Эндиликда Н.Мухторовга берилган субсидия яна 100 та оилага қувонч олиб киради. Бир фуқаронинг иш жойига эга бўлиши оила иқтисодининг яхшиланишига хизмат қилади.

Кооператив ярмарка якунида кўзланган мақсадга эришилди. Таклиф этилганлар тўла ишга қабул қилинди.

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

11 05 2021 / 14:49