Евроосиё тараққиёт банки
Тошкентда ваколатхонасини очди ва 2031 йилга қадар Ўзбекистонга 1,5 млрд
долларгача инвестиция киритмоқчи. Очилиш маросимида банк дастлабки келишувларни
имзолади, жумладан, Uzum финтех-компаниясига 70 млн доллар миқдорида кредит ажратилиши
бўйича битим тузилди.
Евроосиё тараққиёт банки
(ЕТБ) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини расман очди. Тантанали маросим 18 май
куни Тошкентда бўлиб ўтди, дея хабар берди Gazeta`га банк матбуот хизмати.
«Ваколатхонанинг очилиши
Ўзбекистоннинг 2025 йилда ЕТБга аъзо бўлишидан кейинги мантиқий қадам бўлди.
Республика ҳукумати кўмагида барча зарур тартиб-таомиллар бажарилди. Банк
мамлакатда тўлақонли инвестициявий фаолиятини бошламоқда», — дейилади
хабарда.
Ўзбекистон бош вазири
ўринбосари Жамшид Ходжаев маросимдаги чиқишида ЕТБ инфратузилмани
молиялаштириш, экспортни қўллаб-қувватлаш, молия бозорини ривожлантириш
ва рақамли трансформация соҳаларида катта тажрибага эга эканини
таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, банкнинг Тошкентда доимий фаолият юритиши
тоғ-кон саноати, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар ва сув
хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга жадаллик бағишлайди.
«ЕТБ яқин стратегик давр
учун 2031 йилга қадар Ўзбекистонга 1,5 миллиард долларгача инвестиция киритишни
режалаштирмоқда, бунга юқори интеграция салоҳиятига эга лойиҳаларга
ажратиладиган қарийб 800 миллион доллар ҳам киради. Бизда барча зарур
воситалар: Техник кўмаклашиш жамғармаси, Рақамли ташаббуслар жамғармаси,
лойиҳавий экспертиза ҳамда Кўрфаз давлатлари ва Осиё капиталидан
фойдаланиш имконияти мавжуд», — деди ЕТБ бошқаруви раиси Николай Подгузов.
Унинг
сўзларига кўра, амалдаги лойиҳалар портфели энергетика, логистика
ва саноат тармоқларини қамраб олган. Очилиш маросимида банк дастлабки
битимларни, жумладан, Uzum финтех-компанияси билан 70 миллион долларлик кредит
шартномасини имзолади. Компания томонидан маълум қилинишича, ушбу маблағлар
фойдаланувчилар ва тадбиркорлар учун рақамли молиявий хизматларни
кенгайтиришга, хусусан, рақамли тўловлар, истеъмолчиларни молиялаштириш
ва «кундалик вазифаларни ҳал этишга қаратилган бошқа хизматлар»ни
ривожлантиришга йўналтирилади.
ЕТБнинг Тошкентда
ваколатхонаси очилиши банкка инвестиция лойиҳаларини тезкорлик билан кузатиб
бориш, давлат органлари ва бизнес вакиллари билан ҳамкорликни
мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига халқаро инвесторларни янада
фаолроқ жалб этиш имконини беради, дея қайд этди молия институти.
Евроосиё тараққиёт
банки — Евроосиёда интеграция ва инфратузилма лойиҳаларини
молиялаштириш мақсадида 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган
халқаро молиявий ташкилот. Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ва
Ўзбекистон ҳам банкка аъзо давлатлар ҳисобланади. Унинг бош қароргоҳи Олмаота
шаҳрида жойлашган.
газета.уз
Сарлавха :
Иқтисодиёт
20 05 2026 / 11:22