Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон Янги тараққиёт банки учун 4,5 млрд долларлик лойиҳалар тайёрлади — улар орасида транспорт, АЭС ва Янги Тошкент лойиҳалари ҳам бор



Улашинг :


Ўзбекистон Янги тараққиёт банкидан молиялаштиришни жалб этиш учун 4,5 млрд долларлик лойиҳалар портфелини шакллантирди. Ушбу маблағларни транспорт, энергетика, жумладан, АЭС ва Янги Тошкент лойиҳалари, шунингдек, ижтимоий соҳа, банклар ва саноат зоналарини ривожлантиришга йўналтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон БРИКС Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш жараёнида қиймати 4,5 млрд долларлик 20 дан ортиқ лойиҳадан иборат портфель бўйича таклифлар тайёрлади. Бу ҳақда 19 май куни Сенат мажлисида инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шоҳрух Ғуломов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дунёдаги глобал ўзгаришлар ва номутаносибликлар шароитида банкнинг молиявий ресурсларидан тўғри ва самарали фойдаланиш масаласи Ўзбекистон учун асосий вазифалардан биридир.

У 2,8 млрд доллар инфратузилма лойиҳаларига, жумладан, транспорт соҳасига йўналтирилиши режалаштирилганини айтди. Гап асосан темирйўллар ва пуллик автомобиль йўлларини қуриш каби давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳақида бормоқда.

«Энергетика соҳасида маблағларни атом электр станцияси лойиҳаларига йўналтириш кўзда тутилмоқда», — деди Шоҳрух Ғуломов.

Шаҳарсозлик соҳасида Янги Тошкент шаҳри инфратузилмасини молиялаштириш учун Янги тараққиёт банки ресурсларини жалб қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вазирлик вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ижтимоий соҳада — таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларида қарийб 450 млн долларлик лойиҳаларни шакллантирган.

«Шунингдек, ҳозирда тижорат банкларимиз учун қарийб 500 млн долларлик банк ресурсларини жалб этиш масаласини ўрганяпмиз», — дея қайд этди у.

Яна қарийб 750 млн доллар саноатга — ҳудудлардаги ривожланаётган саноат ва иқтисодий зоналарга жалб этилиши режалаштирилмоқда.

Банк билан ишлаш механизмлари ҳақида гапирар экан, Шоҳрух Ғуломов улар уч йўналишда йўлга қўйилишини маълум қилди.

«Биринчиси — суверен молиялаштириш, яъни лойиҳаларни давлат кафолати остида молиялаштириш. Иккинчиси — носуверен молиялаштириш, яъни хусусий секторни тўғридан-тўғри молиялаштириш. Учинчи йўналиш — давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни молиялаштириш», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, халқаро молия институтларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш, мувофиқлаштириш ва келишиш масалалари Президентнинг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сонли қарори билан тартибга солинади.

«Ушбу механизм ва мазкур қарорга мувофиқ, бугунги кунда биз тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Янги тараққиёт банки билан лойиҳаларни олдиндан ишлаб чиқмоқдамиз, уларнинг концепцияларини, зарур ҳолларда эса лойиҳаларни баҳолаш ҳужжатларини тайёрлаяпмиз», — деди вазир ўринбосари в.б.

У кун тартибида Янги тараққиёт банкидан техник ёрдам, яъни грантлар жалб қилиш масаласи ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Банкка аъзо бўлиш жараёни тўлиқ якунлангач, биз дарҳол ушбу вазифалар ва ишларни амалга оширишга киришамиз. Бу масалаларнинг барчаси пухта ўрганиб чиқилади, шундан сўнг таклифлар ҳукуматга киритилади», — деди Шоҳрух Ғуломов.

Сенаторлар ушбу йиғилишда Ўзбекистоннинг БРИКС мамлакатлари томонидан ташкил этилган халқаро молия институти — Янги тараққиёт банки тўғрисидаги битимга қўшилиши ҳақидаги қонунни маъқуллади. Банк инфратузилмавий, «яшил», рақамли ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиради.

Кичик АЭС қиймати ва уни молиялаштириш

2025 йил март ойида «Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмедхаджаев Ўзбекистондаги кичик АЭС қиймати 2 млрд доллардан кам бўлишини маълум қилганди. Ўша пайтда умумий қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт) бўлган олтита реакторли станция қуриш кўзда тутилганди.

Ўшанда у лойиҳани Россия маблағларини жалб қилмаган ҳолда, ташқи инвестициялар ва Хитойнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилаётганини айтганди. Давлат бюджетидан минимал даражада фойдаланиш кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманида қуриладиган атом станциясининг конфигурациясини ўзгартирувчи ҳужжатларни имзолади. Олтита кичик энергоблок ўрнига иккита, шунингдек, ҳар бирининг қуввати 1 ГВт бўлган яна иккита йирик реактор қурилиши режалаштирилган.

Кичик ва йирик АЭСларни бир вақтда жойлаштириш ҳисобига «МВт/соат нуқтаи назаридан максимал даражада тежамкор вариант»га эришиш кутилмоқда.

Октабр ойида АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдужамил Қалмуротов кичик АЭС лойиҳаси қиймати 1 млрд доллардан ошмаслигини, якуний сумма эса шартномада қайд этилишини маълум қилди. У, шунингдек, қурилиш давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилишини таъкидлади.

«Ҳа, бу давлат бюджети. Буни давлат қурмоқда — бу тўлиқ Ўзбекистон лойиҳаси. Молиялаштириш манбаи — бизнинг бюджетимиз. Атом лойиҳаси миллий бўлиши керак», — дея баёнот берди у.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

22 05 2026 / 12:34