Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон ва Беларусь товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказишни муҳокама қилди



Улашинг :


Ўзбекистон ва Беларусь 2030 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказиш дастурини ишлаб чиқмоқда. 2025 йилда ўзаро савдо 25% га, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса деярли 50% га ўсди. Ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилишида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Беларусь 2030 йилга келиб товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш дастурини ишлаб чиқмоқда. Бу масала икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилишида муҳокама қилинди. Тадбир 19 май куни Тoшкент вилоятидаги Amirsoy тоғ-курорти ҳудудида, икки мамлакат бош вазири ўринбосарлари — Жамшид Ходжаев ва Юрий Шулейко ҳамраислигида бўлиб ўтди.

2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ўсиб, 965 млн долларни ташкил этди (2024 йилда — 774 млн, 2023 йилда — 654,7 млн), 2026 йилнинг биринчи чорагида эса деярли 50 фоизга кўпайиб, 259,7 млн долларга етди. Беларусь ўтган йили Ўзбекистоннинг 14-ўриндаги энг йирик савдо ҳамкори бўлди. Мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими жорий этилган.

Ўзбекистоннинг Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси матбуот хизматидан Gazeta`га хабар беришича, йиғилишда савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, енгил саноат, мебелчилик соҳаларидаги ҳамкорликни ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг ёзда Беларусга амалга ошириладиган бўлажак давлат ташрифи ҳам муҳокама қилинди.

Устувор йўналишлар сифатида электротехника, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак соҳалари белгилаб олинди.

Делегациялар барқарор транспорт коридорларини мустаҳкамлаш ва халқаро автомобиль ташувларини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги юк ташиш ҳажми 6 фоизга ўсиб, 796,6 минг тоннадан зиёдни ташкил этди.

Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. 2017 йилдан буён Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг 40 дан ортиқ ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Таълим, маданият, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқалар фаол ривожланмоқда.

Томонлар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026−2030 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси»ни қабул қилиш ниятида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 245 та корхона фаолият юритмоқда, Беларусда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 110 та корхона ташкил этилган. Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 341 млн долларни ташкил этади.

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия 2001 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бундан олдинги йиғилиш 2025 йилнинг июнь ойида Минск шаҳрида бўлиб ўтган эди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

22 05 2026 / 12:53