Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Бу — узоқ йўлдаги навбатдаги қадам». Franklin Templeton ҳамда ИМВ — UzNIF IPO якунлари ҳақида



Улашинг :


Миллий инвестиция жамғармаси ўтказган маҳаллий IPOʼда қарийб 5000 чакана инвестор иштирок этиб, рекорд даражада — 17,7 млн доллар сармоя киритди. Жамғарма ҳамда ИМВ вакиллари келгуси IPOʼлар, инвесторлар ҳимояси, жалб этилган маблағлар нималарга йўналтирилиши ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) ўтказган акцияларнинг бирламчи оммавий жойлаштируви (IPO) мамлакат учун бу каби кўламдаги илк халқаро битим бўлди ва Franklin Templeton (жамғармани бошқаради) баҳосига кўра, инвесторларнинг ислоҳотлар ва келгусидаги хусусийлаштиришларга юқори қизиқишини намоён этди.

20 май куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Franklin Templeton вакиллари жалб қилинган маблағлар нималарга йўналтирилиши мумкинлиги, чакана инвесторлар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши, нима учун давлат назорат пакетини сақлаб қолгани ва келгусида қайси компаниялар бозорга чиқиши мумкинлиги ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Давлат назоратни сақлаб қолди, бироқ янги жойлаштирувлар учун имкониятга эга бўлди

Саволлардан бири нима учун давлат жамғарма акцияларининг учдан бир қисмини сотиб, назорат пакетини ўзида сақлаб қолганига тааллуқли бўлди. Templeton Global Investments’нинг инвестициялар бўйича директори Манраж Сехон буни «эҳтиёт чорасини кўришга» уриниш билан эмас, балки компанияларни трансформация қилишдаги босқичма-босқич ёндашув билан изоҳлади.

«Жаҳон иқтисодиёти жиддий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда ва, шубҳасиз, сўнгги можаролар, айниқса, Форс кўрфазида давом этаётган можаро бунга имкон бермади», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, IPO тажрибаси инвесторларнинг кучли раҳбарият, барқарор ислоҳотлар дастури, барқарор ҳукумат ва юқори салоҳиятга эга мамлакатларга инвестиция киритишга тайёр эканини кўрсатди.

«Ўйлайманки, бу борада Ўзбекистон ажралиб туради. Буни биз IPO натижаларида кўрдик. Айниқса, ўзгарувчан бозор фонида шундай кучли натижага эришилганини ҳисобга олсак, бу Ўзбекистон ҳақида ва Миллий инвестиция жамғармасининг жозибадорлиги тўғрисида кўп нарсани англатади», — дейди Манраж Сехон.

У IPO компанияларни трансформация қилиш, қиймат яратиш ва капитал бозорини чуқурлаштириш бўйича «узоқ йўл»нинг фақатгина бошланиши эканини таъкидлади.

«Бир йил аввал Ўзбекистон учун биринчи глобал жойлаштирув доирасида 700 млн доллар жалб қилиш деярли имконсиз эди. Бугун биз аллақачон шу нуқтадамиз», — дейди Templeton Global Investments вакили.

Унинг қайд этишича, давлат томонидан жамғарманинг 60 фоиздан ортиғи ва асосий компанияларнинг назорат пакетлари сақлаб қолиниши трансформациядан олинадиган фойда «мамлакатга» ва «кейинги кўп йиллар давомида Ўзбекистон халқига тегишли бўлишини» англатади.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ масалалари бўйича ўринбосари Хуршед Мустафоев 31 фоиздан ортиқ акцияларнинг жойлаштирилишини «биринчи синов лойиҳаси» деб атади.

«Иккинчидан, тақдимотда айтилганидек, ушбу жамғарма таркибига кирувчи кейинги компаниялар учун ҳам алоҳида IPOʼга чиқиш имконияти яратилмоқда. Яъни бунгача улар учун алоҳида трансформация дастури ишлаб чиқилган», — деди у.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, дастур компанияларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, фойдани кўпайтириш ва жамғарма қийматини янада оширишни назарда тутади, шундан сўнг алоҳида корхоналар мустақил равишда IPOʼга чиқа олади.

Templeton Global Investments Марказий Осиё бўйича бош директори Мариус Даннинг таъкидлашича, листингдан сўнг жамғарма келажакда давлатга ўз улушини қўшимча сотиш орқали тезроқ маблағ жалб этиш имконини берадиган воситага айланди.

«Энди — UzNIF листингдан ўтганидан кейин — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги акцияларнинг 65 фоизига эгалик қилади. Қўшимча жойлаштириш опциони тўлиқ ижро этилгач, агар вазирлик давлат бюджети учун қўшимча маблағ жалб қилишни истаса, бизда аллақачон очиқ компания мавжуд бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, IPOʼга тайёргарлик 12 ой давом этган бўлса, ҳукумат томонидан улушни кейинчалик сотишда аризалар йиғиш орқали тезлаштирилган жойлаштиришга «бир-икки ҳафта» кетиши мумкин.

«Ҳозирча бундай режалар йўқ. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги учун 180 кунлик локап-давр амал қилади, бироқ шундан кейин IPO давомида биз жалб қилишга муваффақ бўлган талабни — 2,8 млрд долларни ҳисобга олсак, шундай имконият пайдо бўлади», — дея қайд этди Мариус Дан.

Жамғарма акциядорлари портфель компанияларининг ҳам акциядорлари бўладими?

UzNIF инвесторлари жамғарма портфелига кирувчи корхоналарнинг акциядорларига айланадими, деган саволга Хуршед Мустафоев ушбу компанияларнинг акциядори — ўзига тегишли улушлар доирасида — жамғарманинг ўзи бўлиб қолишини айтди.

У стратегик корхоналар мавжудлиги IPOʼга бўлган қизиқиш омилларидан бирига бўлиб хизмат қилганини тасдиқлади, бироқ портфелда рентабеллиги пастроқ компаниялар ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Жамғарма таркибида 20 та давлат корхонаси, молиявий муассасалар ва битта банк бўлса, уларнинг орасида ҳаммаси ҳам 100 фоиз фойда билан ишлайвермайди», — деди у.

Вазир ўринбосари IPOʼдан олдин Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жамғармадаги улуши 100 фоизни ташкил этганини эслатди. Акциялар жойлаштирилгач, 65 фоизига вазирлик эгалик қилмоқда, қолгани эса IPOʼда иштирок этган инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Мариус Даннинг қўшимча қилишича, жамғарма портфелидаги аксарият компаниялар ҳозирча листингдан ўтмаган, бироқ активлар орасида оммавий компаниялар — хусусан, «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB), Товар-хомашё биржаси ва «Ўзбектелеком» аллақачон мавжуд.

Унинг сўзларига кўра, битимда айрим оммавий компанияларнинг акцияларига аллақачон эгалик қилган инвесторлар ҳам, янги инвесторлар ҳам қатнашган.

«Инвесторлар битимнинг фаол иштирокчисига айланиши учун фонд биржасида кўплаб янги ҳисобварақлар очилгани жуда муҳим. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, чакана инвесторлар якуний жойлаштириш нархидан 5 фоизлик чегирмага эга бўлди», — деди у.

GDR ва маҳаллий акциялар ўртасида фарқ борми?

Лондонда хорижий инвесторлар учун жойлаштирилган глобал депозитар тилхатларга (GDR) эгалик қилувчи инвесторларнинг ҳуқуқлари алоҳида масала сифатида кўриб чиқилди.

«Акциядорлар ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ. GDR — акцияларнинг ўзи. Бир дона GDR амалда 64 мингдан ортиқ акцияга тўғри келади. Лекин ҳеч кимда ҳеч қандай махсус ҳуқуқлар мавжуд эмас», — деди Мариус Дан.

Унинг таъкидлашича, барча акциядорларга — улар GDR`га ёки Тошкент фонд биржасидаги маҳаллий акцияларга эгалик қилишидан қатъи назар — бир хил муносабатда бўлинади.

«Жойлаштириш вақтида маҳаллий жойлаштириш чакана инвесторлар учун чегирма таклиф қилган ва бунда тақсимот фойдалироқ бўлган. Булар жойлаштиришнинг маҳаллий қисмида қатнашишга қарор қилган инвесторлар учун рағбат эди», — дея қўшимча қилди Templeton Global Investments вакили.

IPO маблағлари нимага сарфланади?

Шунингдек, журналистлар IPO`дан тушган маблағларнинг қанча қисми жамғарма компанияларини, айниқса, инвестицияга муҳтож энергетика корхоналарини ривожлантиришга йўналтирилиши билан қизиқди.

Хуршид Мустафоевнинг тушунтиришича, IPO тушумлари аввал махсус ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади ва улардан фойдаланиш Президент администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

«Ушбу жамғарма таркибидаги корхоналар инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, модернизация қилиш, шунингдек, ўз ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш учун ҳақиқатан ҳам катта маблағларга эҳтиёж сезмоқда», — деди у.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, маблағлардан фойдаланиш бўйича таклифларни тайёрлашда ушбу корхоналарнинг молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинади.

Нима учун ҳудудларда кенгроқ кампания ўтказилмади?

Мариус Дан, шунингдек, Тошкент биржасидаги талаб юқори бўлганига ва савдоларнинг биринчи кунида нарх ўсганига қарамай, нима сабабдан ҳудудларда кенг кўламли роуд-шоулар ўтказилмагани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

У IPOʼда инвесторлар билан мулоқот қилишнинг қатъий қоидалари мавжудлигини таъкидлади.

«Бирламчи оммавий таклиф ўтказилаётганда мулоқотнинг ўта қатъий қоидалари амал қилади: қачон инвесторлар билан мулоқот қилишга рухсат бору, қачон йўқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ташкилотчилар маҳаллий инвесторларни рағбатлантириш учун икки қадам қўйган: чакана инвесторларга 5 фоизли чегирма тақдим этган ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятларда реклама кампаниясини ўтказган.

«Эҳтимол, шаҳар бўйлаб билбордларни, онлайн рекламаларни, Ўзбекистондаги 500 мингдан ортиқ обуначига юборилган пуш-хабарномаларни кўргандирсиз. Шу сабабли биз ҳақиқатда кўп ҳаракат қилдик, бироқ IPO ҳақида фақат буюртмалар китоби очиқ бўлган икки ҳафталик муддат давомида гапириш мумкин», — деди Мариус Дан.

Унинг маълум қилишича, битимда 5000 га яқин чакана инвестор иштирок этган ва улардан жалб қилинган маблағлар ҳажми 17,7 млн долларни (тахминан 214 млрд сўм) ташкил этган — бу Ўзбекистондаги аввалги барча IPO`лар жамланмасидан ҳам кўпроқдир.

«Бу ҳали биринчи қадам. Ишончимиз комилки, кейинги IPО’ларда бу кўрсаткичлар ўсишда давом этади, чунки аҳолининг кенгроқ қатламлари маҳаллий капитал бозори ҳам қандай даромад келтириши мумкинлигини кўриб боради», — деди у.

Қандай қилиб кўпроқ институционал инвесторларни жалб этиш мумкин?

Мариус Дан қўшалоқ листингни халқаро институционал инвесторларни жалб қилиш ва кейинчалик уларнинг фаоллигининг бир қисмини босқичма-босқич маҳаллий бозорга ўтказиш усули деб атади.

«Қўшалоқ листинг институционал инвесторлар учун биринчи битимга сармоя киритишда ўзига хос магнит бўлиши керак. Лекин кейинги мақсад — уларни бу ерга олиб келиш, маҳаллий фонд биржасида ҳисобварақлар очишга ва келажакда таклифнинг халқаро қисми орқали эмас, балки Тошкент орқали жойлаштиришларда фаолроқ иштирок этишга ундашдир», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, IPOʼда 150 дан ортиқ институционал инвестор иштирок этган. «Биз уларнинг кўпроқ қисмини нафақат халқаро бозорда, балки шу ерда, Тошкентда ҳам кўришни истаймиз», — деб таъкидлади Templeton Global Investments вакили.

Унинг қўшимча қилишича, инвесторларнинг маҳаллий базасини ривожлантиришга тартибга солувчи ўзгаришлар ва капитал бозори тўғрисидаги янги қонун ёрдам бериши керак. Келгусида, унинг фикрича, Ўзбекистондаги акциялар бозорининг фаол иштирокчисига айланадиган Пенсия жамғармасини ҳам кўриш муҳим бўлади.

Ислоҳотларга нисбатан «катта ишонч вотуми»

«UzNIF IPOʼни Ўзбекистон иқтисодиёти учун тарихий деб ҳисоблаш мумкинми?» деган саволга жавобан Манраж Сехон сўнгги 10 йил ичида мамлакат ислоҳотларнинг сезиларли йўлини босиб ўтганини қайд этди.

«Ислоҳотлар дастури 10 йил аввал бошланган ва қисқа вақт ичида эришилган натижалар ҳайратланарли. Дунё бўйлаб сармоядорлар билан олиб борган суҳбатларимиздан шуни биламизки, кўплаб инвесторлар Ўзбекистонни жуда диққат билан кузатяпти», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ислоҳотлар, рақамлаштириш, табиий ресурслар, географик жойлашув ва жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг уйғунлиги туфайли нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида ҳам ажралиб туради.

«Ўзбекистон қилиши керак бўлган ҳамда биз компаниялар ва ҳукумат билан биргаликда амалга ошириш учун бор кучимизни сафарбар этадиган иш — жамғарманинг сармоядорларга берган ваъдасини бажариш: трансформация, компаниялар шаффофлигини ошириш, кейинги ислоҳотлар, самарадорликни ошириш ва кўпроқ қиймат яратиш», — деди Манраж Сехон.

Мариус Дан жамғарманинг IPOʼсини жаҳон институционал сармоядорлари томонидан билдирилган «катта ишонч вотуми» деб атади.

Навбатда қайси компаниялар IPOʼга чиқиши мумкин?

Кейинги жойлаштирувлар ҳақида сўз юритар экан, Мариус Дан мамлакатдаги 29 та йирик корхонани хусусийлаштиришни назарда тутувчи президент қарорига (ПҚ-145) ҳавола қилди.

Унинг сўзларига кўра, яқин уч йил ичида жамғарма портфелидаги компаниялар, жумладан, коммунал корхоналар, телекоммуникация бизнеси, гидроэнергетика ва авиакомпания бозорга чиқиши керак. 2028 йилгача қуйидаги компаниялар IPO ўтказилиши кутилмоқда (дастлабкилари 2026 йил охиригача бўлиб ўтиши мумкин):

· Uzbekistan Airways;

· «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»;

· «Ўзбектелеком»;

· "Ўзбекгидроэнерго";

· "Ҳудудий электр тармоқлари";

· «Ҳудудгазтаъминот».

«Биз бу компанияларни бозорга олиб чиқишга қатъий бел боғлаганмиз. Ўйлайманки, жамғарманинг ўз IPOʼсида қатнашган инвесторлар табиий харидорлар бўлиб, улар ушбу алоҳида компанияларнинг, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа компаниялари IPOʼсида ҳам иштирок этади», — дея таъкидлади у.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафоев 2030 йилгача IPOʼга чиқарилиши ёки хусусийлаштирилиши керак бўлган активлар рўйхатига аниқлик киритди.

У алоҳида IPOʼга чиқиши мумкин бўлган компаниялар қаторида Uzbekistan Airways авиакомпанияси, «Ўзбекгидроэнерго», «Миллий электр тармоқлари», шунингдек, жамғарма портфелига кирмаган «Ўзтрансгаз» ва бошқа корхоналарни санаб ўтди.

«Ушбу инвестиция жамғармаси ва унинг портфелига кирган компаниялар ҳозирда Franklin Templeton билан ҳамкорликда трансформация дастуридан ўтмоқда. Қолган компаниялар ҳам бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Жамғарманинг ҳозирги портфелига кирмаган компанияларда ҳам трансформация жараёнлари давом этмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундай корхоналарнинг аксариятида аллақачон халқаро стандартлар (MHHS) бўйича ҳисобот юритилмоқда, халқаро кредит рейтинглари олинган, айрим компаниялар эса ESG-рейтингларини олиш жараёнида.

«Айрим компаниялар аллақачон евробондлар чиқариб, мустақил равишда, давлат кўмагисиз халқаро молия бозоридан маблағ жалб қилган», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Жамғарма давлатнинг нобозор таъсиридан қандай ҳимояланади?

Жамғармани давлатнинг мажоритар акциядор сифатидаги нобозор таъсиридан ҳимоя қилиш кафолатлари ҳамда портфель компанияларига акциядорларнинг тижорий манфаатларига боғлиқ бўлмаган ҳомийлик, ижтимоий ёки бошқа мажбуриятларни юклаш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан Мариус Дан аниқ «иммунитетлар» ҳақида гапирмай, жамғарма тузилмаси, корпоратив бошқарув ва акциядорлар ҳуқуқларига эътибор қаратди.

«Биз жамғармани бошқаришни бошлашдан аввал ҳам, жумладан, унинг тузилмасини шакллантириш устида ишлаганмиз. Биз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан жуда яқин ҳамкорлик қилдик ва, ўйлайманки, қатъият ҳамда жамғарманинг айнан корпоратив бошқарув ва акциядорлар ҳуқуқларига эга тузилмаси ушбу IPO муваффақиятли якунланишининг асосий таянч нуқтаси ва ҳал қилувчи омили бўлди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Franklin Templeton Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда трансформация устида ҳар куни иш олиб бормоқда.

«Албатта, қиймат яратиш учун ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Ишончим комилки, инвесторлар ҳам бунга амин, бу ишлар давом эттирилади ва натижада алоҳида активлар ҳамда жамғарманинг ўзи янада юқори баҳоланишига олиб келади», — дея таъкидлади Мариус Дан.

У, шунингдек, инвесторларга жамғарма ва портфель компаниялари фаолияти тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботлар тақдим этиб борилишини маълум қилди.

Мариус Даннинг айтишича, инвесторлар «юқори даражадаги шаффофлик»ни кутмоқда ва бошқарувчи компания айнан шуни таъминлашга бутун эътиборини қаратган.

Чакана инвесторларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

IPO давомида акцияларни сотиб олган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши ҳақидаги саволга жавобан Хуршед Мустафоев акцияларни Тошкент фонд биржасида жойлаштиришга қизиқиш юқори бўлганини маълум қилди.

«Бунга 4700 нафар жисмоний шахс қизиқиш билдирди. Бу, албатта, жуда катта рақам», — деди у.

Вазир ўринбосари акцияларни жойлаштиришда жисмоний шахс бўлган норезидентлар ҳам иштирок этганини, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга бўлган ишончдан далолат беришини таъкидлади.

«Улардан ташқари, жисмоний шахслар ҳам, жумладан, Тошкент фонд биржаси орқали IPOʼда қатнашиб, улушга эга бўлди», — деди у.

Хуршед Мустафоевнинг сўзларига кўра, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

«Жисмоний шахслар ҳуқуқлари ҳимоясига келсак, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Давлат уларнинг ҳуқуқларини 100 фоиз таъминлайди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида тегишли қонунчилик ҳужжатлари устида аллақачон иш олиб борилмоқда», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили. Капитал бозори тўғрисидаги янгиланган қонунни 2026 йил охиригача қабул қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, IPO доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ягона акциядор сифатида UzNIFʼнинг жами 1,56 трлн дона акциясини оддий акциялар ва GDR (глобал депозитар квитанциялар) шаклида таклиф қилган эди. Бу қўшимча жойлаштириш опциони доирасида чиқарилиши мумкин бўлган GDRʼларни ҳисобга олмаганда, жамғарма устав капиталининг 31 фоизини ташкил этди. Битта GDR 64 700 дона акцияга тенг.

Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси, қўшимча жойлаштириш опциони доирасида чиқарилиши мумкин бўлган GDRʼларни ҳисобга олмаганда, тахминан 603,6 млн долларни ташкил этди. Уларни ҳисобга олганда, сумма 692 млн долларгача, сотилган акциялар улуши эса 35 фоизгача ошиши мумкин. Бу IPO Ўзбекистон тарихидаги энг йирик биржага чиқиш бўлди.

2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, жамғарманинг соф активлари қиймати 2,44 млрд долларни ташкил қилган (кейинроқ IPO натижаларига кўра капиталлашув 1,95 млрд долларни ташкил этди). UzNIF портфелига Uzbekistan Airways, «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўзбекинвест» каби 13 та давлат компаниясидаги миноритар улушлар киради.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

25 05 2026 / 11:17