Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Чирчиқда 4 минг бош ҳайвонни сақлашга мўлжалланган янги питомник қурилади



Улашинг :


Чирчиқ шаҳридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни сақлаш питомниги негизида 4 минг бош ҳайвон сиғимли янги питомник қурилади. Питомник ҳудудида ветеринария пунктлари, карантин зоналари ва изоляция хоналари ташкил этилади. Ҳайвонларни тутиш бўлими штат бирликлари 2 нафардан 15 нафаргача оширилади.

20 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Чирчиқ шаҳрида қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳозирда Чирчиқ шаҳридаги «Маърифат» МФЙ ҳудудида қаровсиз қолган ҳайвонларни сақлаш питомниги фаолият олиб бормоқда. 2024 йилдан бошлаб питомник ташқи бошқарувга берилган. Унда асосан кўнгилли ишчилар (волонтёрлар) меҳнат қилади ва доимий равишда 600 тадан 1000 тагача ҳайвонлар сақланмоқда.

Қарор билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг юқорида қайд этилган питомник негизида замонавий ёндашувлар асосида 4 минг бош қаровсиз қолган ҳайвонларни сақлаш учун мўлжалланган янги питомникни қуриш ва жиҳозлаш таклифи қабул қилинди.

Питомникни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш ишлари бўйича буюртмачи функциясини Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига юкланди. Питомник ҳудудида ветеринария пунктлари, карантин зоналари ва изоляция хоналарини ташкил этилади.

Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасининг Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими штат бирликларини амалдаги 2 нафардан 15 нафаргача ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ҳайвонларни тутиш бўлимига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:

· питомник фаолиятини ягона бошқарув тизими асосида ташкил этиш, қаровсиз ҳайвонларни тутиш, ташиш, вақтинча сақлаш ҳамда уларга ветеринария хизматларини кўрсатиш;

· жисмоний ва юридик шахсларнинг уй ҳайвонларини парваришлаш, стерилизация, вакцинация қилиш ҳамда уларни чиплаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш;

· питомник фаолиятини рақамлаштириш, ҳайвонларни ҳисобга олишнинг ягона электрон реестрини юритиш, ҳар бир ҳайвонга идентификация воситаларини жорий этиш;

· қаровсиз ҳайвонлар сонини қисқартириш (крематорий, стерилизация, кострация ва бошқалар) бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш;

· нодавлат нотижорат ташкилотлари, волонтёрлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, хайрия маблағлари ва грантларни жалб этиш;

· питомникнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, даромад ва харажатларнинг шаффоф ҳисобини юритиш, питомникни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш.

2026 йилда питомникни қуриш, жиҳозлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш бўлимига ажратилган қўшимча 13 штат бирликларини сақлаш — Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан, ҳайвонларни тутиш бўлими учун 2 та махсус автотранспорт воситалари, кийим-кечак ва зарур тутиш анжомларини харид қилиш — Чирчиқ шаҳри маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда питомникни қуриш, жиҳозлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш бўлимига ажратилган қўшимча штат бирликларини сақлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига 8 миллиард сўм ажратади.

Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан қурилиш соҳасида техник назорат қилувчи малакали мутахассисларни (консультантларни) тўғридан-тўғри шартномалар асосида вақтинчалик жалб қилишга рухсат берилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда:

· 2026 йил 1 ноябрга қадар питомникни қуриш, жиҳозлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш чораларини кўриши керак. Бунда питомник инфратузилмасини модернизация қилиш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш мақсадида унинг ҳудудида зоотоварлар дўкони, ветеринария дорихонаси ва ўқув майдончаларини ташкил этади;

· питомник фаолиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритади ҳамда ҳайвонларни асраб олиш маданиятини тарғиб қилади.

2028 йил якунига қадар питомникда пулли хизматлар турларини кўпайтириш орқали уни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

01 06 2026 / 13:03