Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда рақамли платформаларнинг рақобатга зид ҳаракатларини аниқлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланилади



Улашинг :


Рақобат қўмитаси трансмиллий рақамли платформалар учун антимонопол тартибга солиш механизмини ишлаб чиқмоқда. Қолаверса, рақамли платформаларни устун мавқега эга деб эътироф этиш чегараларини ошириш режа қилинган. Амалдаги мезонлар 2023 йилги маълумотларга асосланган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси трансмиллий рақамли платформалар учун антимонопол тартибга солиш механизмини ишлаб чиқмоқда.

Бу ҳақда 19 май куни бўлиб ўтган Digital Uzbekistan халқаро PLAS форумида қўмита бош мутахассиси Жавлонбек Исроилов маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.

Мазкур механизмни 2026 йилнинг 1 октябрига қадар ишлаб чиқиш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.

Олтита бозорда устун мавқени эгаллаб турган рақамли платформа операторлари рўйхатидан тўққизта компания жой олган. Булар — Payme, Click, Uzum Market, Uzum Tezkor, Yandex Go, Yandex Eats, Express 24, OLX ва Allplay.

Унинг сўзларига кўра, ушбу устун мавқега эга компанияларга нисбатан антимонопол комплаенс тизими муваффақиятли жорий этилган.

«Рақамли платформаларни устун мавқега эга деб эътироф этиш мезонлари жуда паст даражада, бироқ бу рақамлар 2023 йилдаги бозор кўрсаткичларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган эди. Бугунги кунда қўмита [резидент бўлган рақамли платформаларнинг устун мавқеини эътироф этиш] чегараларини оширишни режалаштирмоқда. Йил якунига қадар ушбу ўзгаришлар эълон қилинади», — деди у.

Шунингдек, рақамли платформаларни қўшиб олиш ва сотиб олиш бўйича шарт ва талаблар ҳам янгиланади. Платформаларнинг рақобатга зид ҳаракатларини аниқлаш учун эса қўмита сунъий интеллектдан фойдаланишни мақсад қилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

01 06 2026 / 13:21