Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Солиқ имтиёзлари, креатив ҳаблар ва давлат харидларида иштирок этиш имконияти. Ўзбекистонда Креатив саноат парки қандай ишлайди?



Улашинг :


Ўзбекистонда ижодий бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими — Креатив саноат парки тақдим этилди. Парк иштирокчиларига солиқ имтиёзлари, инфратузилма, давлат харидлари ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш имкони ваъда қилинади. Gazeta кимлар резидент бўла олиши ва экотизим қандай ишлашини ўрганди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижодий касблар ва креатив бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашнинг янги давлат тизими — Креатив саноат паркини (Uzbekistan Creative Park) тақдим этди. Лойиҳа мамлакатнинг ижодий секторини махсус ҳуқуқий режим, инфратузилма, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмларига эга ягона экотизимга бирлаштиради.

Креатив саноат парки директори Ҳасан Солиҳовнинг сўзларига кўра, бу ғоя соҳанинг ўзидан чиққан талабга жавобан пайдо бўлган. Бугунги кунда мамлакатда минглаб дизайнерлар, режиссёрлар, меъморлар, мусиқачилар, ҳунармандлар, рақамли контент ва реклама бўйича мутахассислар фаолият юритади. Уларнинг кўпчилиги юқори солиқ юки, бизнес юритишдаги қийинчиликлар, инфратузилмадан фойдаланишнинг чеклангани ва бошқа муаммоларга дуч келмоқда. Қўллаб-қувватлашнинг янги механизми мамлакат ичида ишлаш ва бизнесни ривожлантириш шароитларини соддалаштириши, имтиёзлар ва платформалардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиши, шунингдек, янги бозорларга чиқишга ёрдам бериши керак.

«Бугунги кунда креатив индустриялар — иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири. Бизнинг вазифамиз эса креатив тадбиркорларга ўз салоҳиятини шу ерда, ўз ватанида рўёбга чиқариш имкониятини бериш. Истеъдодли инсонлар ёнма-ён ишлаб, бир-бирини қўллаб-қувватласа, бутун бошли соҳаларни ўзгартиришга қодир лойиҳалар туғилади», — деди Ҳасан Солиҳов.

Унинг сўзларига кўра, қўллаб-қувватлашнинг кўплаб унсурлари, хусусан, халқаро дастурлар, таълим ташаббуслари, алоҳида инфратузилма объектлари ҳозирданоқ мавжуд, бироқ шу пайтгача улар тарқоқ ҳолда ривожланиб келган. Парк уларни ягона экотизимга бирлаштиради ва унинг асосини бешта йўналиш ташкил этади: солиқ имтиёзлари ва фаолият юритишнинг соддалаштирилган қоидалари, резидентларни рўйхатдан ўтказиш учун рақамли платформа, креатив майдончалар ва кластерлар тармоғи, профессионал ҳамжамият ва халқаро шериклик, экспорт ҳамда давлат харидларида иштирок этиш.

Креатив индустриялар парки нафақат ижодий ҳамжамият учун қулай шароит яратиш, балки иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ҳам қаратилган. Солиҳовнинг айтишича, соҳанинг мамлакат ЯИМидаги ҳиссаси ҳозирги 3,7 фоиздан 5 фоизгача ошиши кутилмоқда. Креатив индустриялар экспортини 1 млрд долларга етказиш режалаштирилган (2024 йилда бу кўрсаткич 776 млн долларни ташкил этган). Соҳада банд бўлганлар сонини эса 319 мингдан 500 минг кишига етказиш кўзда тутилган.

«Паркнинг кучи унинг резидентларида эканига ишончимиз комил, шу боис биринчи кунданоқ ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга интиламиз. Ғояларимиз нафақат мамлакат ичида, балки халқаро бозорда ҳам рақобатбардош бўлиши зарур», — деб таъкидлади директор.

Креатив саноат паркининг ишга туширилиши креатив иқтисодиёт соҳасидаги кенг қамровли давлат сиёсатининг бир қисмига айланди. Унинг фаолияти «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун, 2026 йил 26 февралдаги президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги 90-сонли қарори билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжатлар янги тизим резидентлари учун фаолият юритиш тартиби, имтиёзлар ва талабларни белгилаб беради.

Ким резидент мақомини олиши мумкин?

Компаниялар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар Парк резиденти бўлиши мумкин. Асосий шарт — 142 та фаолият турини ўз ичига олган креатив иқтисодиётнинг тасдиқланган 15 та йўналишидан бирида фаолият юритиш. Булар қаторига тасвирий ва амалий санъат, адабиёт ва ноширлик, кино ва аудиовизуал маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мода ва дизайн, архитектура ва урбанистика, медиа, реклама, ахборот технологиялари, музей иши ҳамда маданий меросни сақлаш билан боғлиқ лойиҳалар киради.

«Парк нафақат тор маънодаги маданият соҳасига, балки ижодий тадбиркорликка ҳам йўналтирилган: кичик дизайн-студиялар ва продакшнлардан тортиб, архитектура бюролари, fashion брендлар ва рақамли жамоаларгача», — дея изоҳ берди Ҳасан Солиҳов.

Резидент мақомини олишнинг асосий шарти «80 га 20» қоидаси бўлади: компания ёки тадбиркор йиллик даромадининг камида 80 фоизини креатив соҳаларнинг тасдиқланган рўйхатига киритилган фаолиятдан олиши керак. Парк директорининг сўзларига кўра, бу имтиёзларни бизнесининг асоси ҳақиқатан ҳам ижодий фаолият бўлган шахсларга йўналтириш имконини беради.

Резидент бўлиш учун аризани Паркнинг расмий сайтида қолдириш мумкин. Аризани кўриб чиқиш 15 кунгача давом этади. Парк дирекцияси аризаларни баҳолашга соҳа мутахассисларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Стратегик масалаларни кўриб чиқиш учун алоҳида республика кенгаши тузилади.

Резидентлар тизимнинг ички қоидаларига риоя қилишлари ва рамзий резидентлик тўловларини амалга оширишлари керак бўлади: якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланманинг 0,1 фоизи ҳамда юридик шахслар (МЧЖ) учун 0,3 фоизи. Ҳасан Солиҳовнинг тушунтиришича, ставкалар бундай тўловлар айланманинг 1 фоизига етиши мумкин бўлган кўплаб хорижий аналогларга қараганда атайлаб пастроқ белгиланган.

Резидентлар учун имтиёз ва преференциялар

Парк креатив соҳа вакилларининг ишини соддалаштириш, бизнесга тушадиган молиявий ва маъмурий юкни камайтиришга қаратилган. Бунинг учун махсус солиқ ва ҳуқуқий режим назарда тутилган.

Юридик шахслар айланма солиғини 4 фоизлик ставкада қўллай олади, шунингдек, жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқнинг 6 фоизгача пасайтирилган ставкаларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланма солиғи ҚҚСга ўтмаган ҳолда 1 фоизни ташкил этади. ЯТТлар учун ижтимоий солиқ 50 фоизга камайтирилиши назарда тутилган, ўзини ўзи банд қилганлар учун эса уни пасайтирилган ставкада тўлаш ихтиёрий бўлади.

Рақамли маъмурчилик платформаси тизимнинг алоҳида элементига айланади. У орқали рўйхатдан ўтиш, давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ҳисоботларни тақдим этиш амалга оширилади. Бу бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириб, маъмурий жараёнларни соддалаштиришга имкон бериши кутилмоқда.

Қўллаб-қувватлашнинг яна бир йўналиши давлат харидларида иштирок этиш имконияти билан боғлиқ. Резидентлар учун махсус рақамли платформа яратилиб, унинг ёрдамида креатив хизматлар ва маҳсулотлар бўйича тендерларда қатнашиш имкони тақдим этилади. Бу кичик студиялар, продакшнлар ҳамда мустақил мутахассисларнинг имкониятларини кенгайтириши лозим.

Бундан ташқари, агар Ўзбекистонда муқобили ишлаб чиқарилмаса, резидентлар креатив маҳсулотлар яратиш учун зарур бўлган хомашё ва материалларни импорт қилишда божхона божларидан озод этилади.

Лойиҳаларга жалб этиладиган хорижий контрагентлар учун ҳам алоҳида имтиёзлар назарда тутилган — улар ҚҚС (12%), фойда солиғи (20%) ва ЖШДС (12%) тўлашдан тўлиқ озод этилади. Парк вакилларининг таъкидлашича, бу хорижий режиссёрлар, продюсерлар, мусиқачилар ва кураторларнинг мамлакатдаги қўшма лойиҳаларда иштирок этишини осонлаштириши лозим.

Шунингдек, резидентлар парк инфратузилмаси: креатив ҳаблар, коворкинглар, устахоналар, ишлаб чиқариш майдончалари ва ҳудудий кластерлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Тизим маҳсулотни яратишнинг тўлиқ цикли — ғоядан тортиб, бозорга чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олади. Бундан ташқари, таълим ва акселерация дастурлари ҳам кўзда тутилган.

Янги креатив маконлар қаерда пайдо бўлади?

Креатив саноат паркини бутун мамлакат бўйлаб майдончалар миллий тармоғи сифатида ривожлантириш режалаштирилмоқда. Уларнинг ҳар бири иш, таълим ва ишлаб чиқариш вазифаларини ўзида мужассам этади, шунингдек, контент яратиш, кўргазмалар ўтказиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланилиши мумкин.

Флагман ҳаб Тошкент шаҳрининг Фаробий кўчасида, собиқ шаҳар онкология шифохонаси ҳудудида жойлашади. Ҳасан Солиҳовнинг сўзларига кўра, лойиҳа учун қарийб тўққиз гектар ер ажратилган бўлиб, келажакда бу ерда турли ижодий касб вакилларининг ҳамкорликда ишлаши учун креатив кампус барпо этилади. Унинг таркибидан резидентлар учун офислари бўлган бизнес марказ, коворкинглар, кўргазма ва концерт майдончалари, анжуманлар заллари, меҳмонхона инфратузилмаси ҳамда спорт ҳудуди ўрин олади.

Пойтахтдаги яна бир йирик майдон Central Asia University ва «Янги Ўзбекистон» боғи яқинида жойлашган «Янги Тошкент» кампуси бўлиши кутилмоқда. У овоз ёзиш студиялари, кино ва видео ишлаб чиқариш зоналари, бадиий устахоналар, офислар ҳамда резидентлар учун иш жойларига эга бўлган ижодий саноатнинг ишлаб чиқариш базаси сифатида кўзда тутилган. Парк директорининг сўзларига кўра, бу ерда йирик мусиқий жамоалар ва оркестрларни қабул қила оладиган студия ташкил этиш ҳам режалаштирилган бўлиб, бу Ўзбекистонда халқаро мусиқий лойиҳалар ва контент ишлаб чиқаришни ривожлантиришга имкон беради.

Нукусда реконструкция қилинган ангар негизида «Истиқлол» боғи барпо этилади ва унинг ҳудудида шу йилнинг ўзидаёқ кўргазма заллари, рассомлар учун иш жойлари, жамоат зоналари ва болалар кутубхонасига эга кўп функцияли маданият маркази очилади. Шунингдек, бу ерга EXPO 2025 Osaka кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони ва Milan Design Week 2026ʼда тақдим этилган деконструксия қилинган ўтов кўчирилади. Ҳасан Солиҳовнинг сўзларига кўра, ҳар иккала объект нафақат меъморий элемент, балки маданий диққатга сазовор маскан сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хивада — асосан маданий мерос объектлари негизида — креатив кластерлар яратиш режалаштирилмоқда. Парк дирекциясининг ғоясига кўра, бу бир вақтнинг ўзида тарихий биноларга янги вазифа юклаш ҳамда тадбиркорларнинг мамлакат сайёҳлик марказларидаги майдонлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Маданий мерос объектлари учун алоҳида преференциялар кўзда тутилган. Резидентлар биноларни аукционнинг бошланғич нархидан 50 фоизгача арзонлаштирилган ставкада ижарага олишлари мумкин бўлади.

Ф.Хамидова, Gazeta


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

05 06 2026 / 13:51