Янги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим
муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фанини ўқитиш йўлга қўйилиши
режалаштирилмоқда. Бу орқали талабаларда бизнес кўникмаларини шакллантириш
ва уларни тадбиркорлик учун мавжуд имкониятлар билан таништириш мақсад
қилинган.
Президент Шавкат
Мирзиёев мамлакат олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини
таъминлаш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот
хизмати хабар берди.
Тақдимотда қайд этилишича, 2026 йилда
республика олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битириши кутилмоқда. Олий таълим
билан қамров кенгайиб бораётгани сабаб меҳнат бозорига кириб келаётган
ёш мутахассислар сони ҳам ортмоқда.
Шу муносабат билан битирувчиларни
иш билан таъминлаш, уларни бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик
ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва карьера марказлари фаолиятини
кучайтириш бўйича қатор таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб
барча олийгоҳларда «Тадбиркорлик асослари» фанини жорий этиш ташаббуси
билдирилди. Ушбу фан талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш,
бизнес юритиш асосларини ўргатиш ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот
беришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, олийгоҳларда талабаларнинг
стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, спин-офф корхоналарга ёшларни жалб
қилиш, кафедраларнинг тармоқ корхоналарида филиалларини очиш ҳамда битирув
ишлари ҳимоясини иш берувчи ташкилотларда ўтказиш амалиётини кенгайтириш
чоралари муҳокама қилинди.
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
09 06 2026 / 12:15