Ўзбекистон,
Япония ва БМТТД Оролбўйи ҳудудида сув хўжалигининг иқлим ўзгаришига
чидамлилигини ошириш мақсадида 4,6 млн долларли лойиҳа бошламоқда.
Қорақалпоғистонда сувни рақамли мониторинг қилиш, инфратузилмани
модернизациялаш ва фермерларни сув тежовчи технологияларга ўргатиш режа
қилинмоқда.
2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув тақчиллиги 15
миллиард кубометрга етиши мумкин, Афғонистонда Қўштепа каналининг ишга
туширилиши эса мамлакат учун мавжуд сув ресурсларини янада қисқартириши
эҳтимолдан холи эмас.
Ушбу вазият фонида Ўзбекистон,
Япония ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Оролбўйи ҳудудига иқлим ўзгариши
ва кучайиб бораётган сув тақчиллигига мослашишда кўмаклашишга қаратилган
янги, уч йиллик лойиҳани жорий этишни режалаштирмоқда. Gazeta лойиҳанинг
мақсадлари ҳамда Орол денгизи минтақасида татбиқ этилиши кўзда тутилган
технологиялар ҳақида маълумот тўплади.
Нима учун Ўзбекистон сув танқислигига дуч келмоқда?
Сув ресурсларига босим ортиб
бораётган бир пайтда, мамлакатни сув билан таъминлаш Ўзбекистон учун энг асосий
вазифалардан бирига айланмоқда, деб таъкидлади Сув хўжалиги вазирлиги бош
мутахассиси Тимур Баҳронов.
«Иқлим ўзгариши, музликларнинг
қисқариши, аҳоли сонининг ўсиши, урбанизация ва сувга бўлган талабнинг
ортиши бутун Марказий Осиё давлатлари учун янги муаммо ва чақириқларни
келтириб чиқармоқда. Ўзбекистон учун сув хавфсизлиги озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий
ривожланиш, экологик барқарорлик ва миллионлаб инсонларнинг фаровонлиги
билан тўғридан тўғри боғлиқдир», — деди мутахассис.
Сув хўжалиги
вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қарийб 4,3 миллион гектар суғориладиган
ер мавжуд бўлиб,
қишлоқ хўжалиги энг йирик сув истеъмолчиси бўлиб қолмоқда. Марказий Осиё
минтақаси 2030 йилга борибоқ қарийб 7 миллиард кубометр ҳажмдаги сув
тақчиллигига дуч келиши мумкин. БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси раҳбари Алишер
Утемисовнинг сўзларига кўра, аср ўрталарига бориб мамлакатдаги сув тақчиллиги
15 миллиард кубометрга етиши мумкин.
«Ўзбекистон сув тақчиллиги даражаси
юқори бўлган давлатлар сирасига киради. Прогнозларга кўра, сув дефицити
фақатгина ўсиб боради. Бу вазиятга иқлим ўзгариши, ҳароратнинг кўтарилиши,
Амударё ва Сирдарё оқимининг камайиши, шунингдек, тобора кўпроқ сув
ресурсларини талаб қилаётган аҳоли ҳамда иқтисодиётнинг ўсиши таъсир
кўрсатмоқда», — дея тушунтирди лойиҳа раҳбари.
Семинарда очиқланган маълумотларга
кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллион кишидан ошиши мумкин,
бу эса сув истеъмолининг янада ортишига олиб келади. Шу билан бир
вақтда, дарёлар оқимининг камайиши кутилмоқда: прогнозларга кўра, сув ҳажми
Амударёда 15 фоизга, Сирдарёда эса тахминан 5 фоизга қисқариши мумкин.
Семинар иштирокчилари
Афғонистонда Қўштепа каналининг қурилишини алоҳида риск омили сифатида тилга
олди. Ушбу канал тўлиқ қувват билан ишга туширилганидан кейин Ўзбекистон учун
мавжуд бўлган сув ресурслари ҳажми 15 фоизгача қисқариши мумкин.
Бундай шароитда
Оролбўйи ҳудуди энг заиф ва ҳимоясиз бўлиб қолмоқда. Бу минтақа
Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган бўлиб, дарё оқими бўйлаб сувни энг
охиргилардан бўлиб қабул қилади. Бундан ташқари, айнан шу ерда Орол
денгизи экологик инқирозининг оқибатлари ўн йиллардан буён аҳолининг яшаш
шароитига, қишлоқ хўжалигига ва атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсир
кўрсатиб келмоқда. Шу сабабли янги лойиҳани айнан Қорақалпоғистонда —
кучайиб бораётган сув тақчиллиги ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашишга
бошқа ҳудудлардан кўра кўпроқ муҳтож бўлган минтақада амалга оширишга қарор
қилинди.
Сув бўйича янги лойиҳа қандай
ишлайди?
«Орол денгизи минтақасида сув
ресурсларини бошқаришни кучайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш»
лойиҳаси БМТТД томонидан ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга
оширилмоқда.
Лойиҳа шу йилнинг февраль ойида
бошланган бўлиб, уни амалга ошириш муддати уч йилга мўлжалланган.
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши
лойиҳанинг асосий шериклари ҳисобланади. Лойиҳа бюджети 4,6 миллион долларни
ташкил этади.
«Бу лойиҳа
ўз турига кўра ноёбдир. Сўнгги йилларда айнан сув секторига тўлиқ йўналтирилган
бундай кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмаган эди. Шу билан бирга,
у бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар вазифаларига
тўғридан тўғри жавоб беради», — дея таъкидлади Алишер Утемисов.
Лойиҳа
Қорақалпоғистоннинг тўртта пилот туманини қамраб олади. Ушбу ҳудудларда яшовчи
аҳолининг умумий сони қарийб 270 минг кишини ташкил этади. Ишлар тўртта
йўналишда олиб борилади: сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, соҳани
рақамлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва сув тежовчи
технологияларни жорий этиш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.
Бошқаришнинг ушбу янги ёндашувлари кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига
ҳам татбиқ этилиши мумкин.
«Лойиҳадан мақсад —
Оролбўйининг қишлоқ жойларида сув ресурсларини янада самарали бошқариш орқали
маҳаллий аҳолининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишдир. У сувдан
фойдаланишнинг деярли барча даражаларини — уй хўжаликларидан тортиб фермер
хўжаликларигача қамраб олади», — деб таъкидлади Утемисов.
Қандай
технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда?
Алишер Утемисовнинг сўзларига кўра,
Қорақалпоғистоннинг тўртта пилот туманида геоинформацион тизимлар (ГИТ),
датчиклар ва турли рақамли воситалар асосида «ақлли сув таъминоти»
интеграциялашган тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу сув сарфи
ва насос ускуналари ишини реал вақт режимида мониторинг қилиш, шунингдек,
ресурслар тақсимотини оптималлаштириш имконини беради.
ГИТ технологиялари
сув инфратузилмаси, каналлар, насос станциялари ва қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати
ҳақидаги фазовий маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга хизмат қилади. Уларни
сув сарфи ҳамда сув хўжалиги объектларининг иши тўғрисидаги маълумотларни
узатиб турувчи датчиклар ва мониторинг қурилмалари тармоғи билан
бирлаштириш кўзда тутилган.
Иқлим
хавфларини баҳолаш ва қурғоқчиликни прогноз қилиш учун сунъий йўлдош
маълумотларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Утемисовнинг таъкидлашича, бу сув
тақчиллиги билан боғлиқ таҳдидларни олдиндан аниқлаш, иқлим хавфларини прогноз
қилиш ва тизимга юклама ортган даврларда ресурсларни янада самарали
тақсимлаш имконини беради.
Лойиҳанинг яна бир унсури — сув
инфратузилмаси объектларининг виртуал моделлари бўлган «рақамли
эгизаклар» (digital twins) бўлади. Бундай тизимлар каналлар, насос
станциялари ва бошқа объектларнинг ишини рақамли муҳитда акс эттириш,
турли сценарийларни моделлаштириш ҳамда бошқарув қарорларининг оқибатларини
улар амалиётга жорий этилгунига қадар баҳолаш имконини тақдим этади.
Алишер Утемисов бу каби
ечимларнинг татбиқ этилиши рақамли воситалар сув ресурсларини бошқариш
самарадорлигини қандай ошириши мумкинлигини кўрсатиб беришига ишонч
билдирмоқда.
Рақамли технологияларни
жорий этишдан ташқари, лойиҳада қишлоқ аҳолисининг сув тақчиллиги ва иқлим ўзгаришларига
чидамлилигини оширишга, шунингдек, аҳолини сув билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги
иши бевосита боғлиқ бўлган объектларни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу борадаги ишлар фермерлар, уй
хўжаликлари, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ва маҳаллий ҳокимият
органлари билан ҳамкорликда олиб борилади. Пилот туманларда сувни тежаш ва
ҳосилдорликни ошириш масалаларида аллақачон ўз самарадорлигини исботлаган
ечимларни татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги
ерлари ва аҳоли пунктлари ўртасида сув тақсимлашда муҳим роль ўйнайдиган айрим
каналлар, насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг маълум
қисмларини қайта тиклаш ҳамда янгилаш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бир параллель
равишда, замонавий суғориш ва сув тежаш усуллари билан яқиндан танишиш
мумкин бўлган демонстрацион майдончалар ташкил этилади. Ушбу масканларда
фермерлар, сув хўжалиги мутахассислари, маҳаллий аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар
сувдан янада самарали фойдаланиш бўйича ўқитилади. Мутахассисларнинг фикрича,
бу қишлоқ хўжалигида янги технологияларни тезроқ жорий этиш ва сув
исрофини камайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида
инновацион ечимларни татбиқ этиш учун илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиш
режалаштирилган. Кўриб чиқилаётган йўналишлар қаторида — тоза ичимлик
сувидан фойдаланиш муаммоси айниқса ўткир бўлган туманларда сувни
чучукллаштириш бўйича пилот лойиҳалар ҳам бор.
Қандай натижалар кутилмоқда?
Сув хўжалиги вазирлиги бош
мутахассиси Тимур Баҳроновнинг сўзларига кўра, янги ташаббус алоҳида ажралиб
қолган эмас, балки Ўзбекистон сув хўжалигида сўнгги йилларда амалга
оширилаётган ислоҳотларни тўлдиради.
«Ўзбекистон ҳукумати сув секторини
ислоҳ қилишни ўз олдига қўйган энг асосий устувор вазифалардан бирига
айлантирди. Бу ўзгаришлардан мақсад оддий — сувнинг ҳар бир кубометридан
янада самарали, шаффоф ва барқарор фойдаланишдир», — деди у.
Ислоҳотларнинг
энг муҳим йўналишларидан бири сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўлди.
Ҳозирда ушбу технологиялар қарийб 2,6 миллион гектар майдонда
қўлланмоқда — бу мамлакатдаги жами суғориладиган ерларнинг тахминан
60 фоизини ташкил этади. Бу ўринда гап томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш,
дискретли, яъни даврий суғориш ҳамда ерларни лазерли текислаш ҳақида бормоқда.
2028 йилга бориб бундай технологиялар жорий этилган ерлар майдонини 3,5 миллион
гектарга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу ҳар йили 3,5 миллиард кубометргача
сувни иқтисод қилиш имконини беради.
Шу билан бир вақтда,
инфратузилма ҳам модернизация қилинмоқда. 2020 йилдан буён мамлакатда каналлар,
гидротехника иншоотлари ва насос станциялари реконструкция қилинмоқда,
шунингдек, ёпиқ қувурли сув тармоқларидан фойдаланиш кенгайтирилмоқда. Вазирлик
маълумотларига кўра, бу аллақачон йилига қарийб 1 миллиард кубометр сув
исроф бўлишининг олдини олиш имконини бермоқда.
«Сувни тежаш
нафақат далада, балки каналлар, насос станциялари, сув омборлари
ва тақсимлаш тизимларида ҳам бошланади. Инфратузилмага киритилаётган
сармоялар мамлакатнинг сув хавфсизлигига тўғридан тўғри таъсир кўрсатади
ва сув йўқотилишини сезиларли даражада камайтириш имконини беради», —
дея таъкидлади Баҳронов.
БМТ Тараққиёт дастури ушбу лойиҳа
нафақат Қорақалпоғистондаги маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш воситаси, балки
кейинчалик Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ва Марказий Осиё давлатларида
қўлланиши мумкин бўлган — сув ресурсларини бошқаришнинг янги ёндашувларини
синовдан ўтказиш майдончасига айланишига ҳам ишонч билдирмоқда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
09 06 2026 / 15:08