16−18 июнь кунлари
ўтадиган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми барча йиллар ичидаги энг
йириги бўлади. 2026 йилги форум мавзуси — «Инвестициялар барқарорлиги:
янги уфқлар, янги шериклик» деб номланди. Унда 100 та давлатдан 3400 дан
ортиқ хорижий делегат иштирок этиши кутилмоқда.
16−18 июнь
кунлари бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) бўлиб ўтади ва у
ўтказилган барча йиллар ичидаги энг йиригига айланади. Ўзбекистон
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра,
форумда иштирок этиш учун 8300 дан ортиқ киши рўйхатдан ўтган. Унда 100
та давлатдан 3400 дан зиёд хорижий делегат келиши кутилмоқда.
2026 йилги форум
мавзуси — «Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик» —
таъминот занжирларининг парчаланиши ва геоиқтисодий турбулентлик даврида
глобал капиталнинг олдиндан прогноз қилиб бўладиган муҳитга бўлган талабини акс
эттиради.
Форум дастури
барқарорликнинг учта мезони атрофида тузилган:
·
янги марралар — геология, критик минераллар, «яшил» энергетика
ва сунъий интеллект бозорларига чиқиш;
·
янги шерикликлар — минтақавий иттифоқларни шакллантириш ҳамда Кўрфаз
мамлакатлари, Осиё ва Европанинг суверен капиталини жалб қилиш;
·
барқарорлик — институционал ислоҳотлар, қонун устуворлиги
ва тартибга солиш муҳитининг олдиндан башорат қила олиниши.
Кутилаётган иштирокчилар
орасида 37 мамлакатдан энг йирик корпорациялар раҳбарлари бор. Умуман олганда,
реал секторни 2800 га яқин компания раҳбарлари тақдим этади.
Ҳукумат делегациялари
сони ўтган йилги 26 тадан 62 тагача кўпайди. Очилиш маросимида Россия, Албания,
Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат ва
ҳукумат раҳбарлари сўзга чиқади.
Бундан ташқари, халқаро
молия ташкилотлари ва тижорат банкларининг 370 дан ортиқ вакиллари ташриф
буюрмоқда. Улар орасида — Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда
БРИКС Янги тараққиёт банки президентлари, Европа инвестиция банки вице президенти,
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки,
Евроосиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)
ва ОПЕК жамғармаси раҳбарлари бор.
Форум дастури 36 тадан
79 тача тадбиргача кенгайтирилди. Иштирокчиларни 34 та панель мунозараси,
8 та инвестициявий питч-сессия, 7 та йирик икки томонлама
бизнес-форум (АҚШ, Корея Республикаси, Туркия, Хитой, Озарбайжон, Саудия
Арабистони ва БАА билан), давра суҳбатлари ва ўнлаб сайд-ивентлар кутмоқда.
Энергияга ўтиш ва атом
генерацияси, критик минераллар ва масъулиятли таъминот занжирлари, Ўрта
коридор, рақамли бошқарув ва сунъий интеллект, ислом молияси
ва сукук, агробизнес ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги каби йўналишлар муҳокама
қилинади.
Бунга параллель равишда,
Хорижий инвесторлар кенгашининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади ва унда
75 та энг йирик халқаро компания Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини
яхшилаш бўйича ўз таклифларини тақдим этади.
Дастурда
Ўзбекистоннинг II Инвестициявий салоҳияти кўргазмаси алоҳида ўрин
эгаллаган бўлиб, унда геология, энергетика, кимё, машинасолик, енгил саноат,
электротехника, IT ва сунъий интеллект тармоқлари намойиш этилади.
Инвестициялар, саноат
ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, форум доирасида ўнлаб
миллиард долларлик инвестициявий битимлар имзоланиши устида иш олиб
борилмоқда.
Форумнинг ишчи дастури
илк бор спорт тадбирлари билан бойитилди: улар қаторидан Silk Road Night Run (3
ва 10 км масофага тунги марафон) ҳамда TIIF Open (катта теннис бўйича
турнир) жой олган.
газета.уз
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 06 2026 / 15:23