Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Исломий банкинг, сукук ва стандартлар. МБ — Ўзбекистонда исломий молияни ривожлантириш ҳақида



Улашинг :


Исломий банкинг тўғрисидаги қонун дуал моделни — тўлиқ исломий банклар ва анъанавий банклардаги исломий дарчаларни жорий этади, деди Марказий банк раиси ўринбосари. Регулятор исломий молия бўйича 7 тача стандарт ишлаб чиқади ва сукук (облигацияларнинг исломий муқобили) учун ҳуқуқий базани яратади.

Ўзбекистонда исломий молияни ривожлантиришни уч босқичга бўлиш мумкин. Бу ҳақда 16 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форумида Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда мамлакат микромолия сектори билан иш бошлаган. Аввал нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиявий фаолият тўғрисидаги қонун қабул қилинган, кейин эса микромолия ташкилотлари учун исломий молиялаштириш бўйича алоҳида тартибга солиш жорий этилган.

«Яъни биз 2024 йилда микромолия ташкилотларидан бошладик. Ушбу қонун ва тартибга солиш чоралари микромолия ташкилотларига муробаҳа, ижара, салам, музораба ва мушорака каби исломий молиявий шартномаларни таклиф қилиш имконини берди», — деди у.

Ҳозирда Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 12 га яқин микромолия ташкилоти исломий молия маҳсулотларини таклиф қилмоқда.

«Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2025 йилда саккизта микромолия ташкилоти музораба, ижара, муробаҳа ва мушорака хизматларини кўрсатди. Уларнинг ҳажми тахминан 21 млрд сўмни ёки қарийб 1,7 млн долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич босқичма-босқич ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ҳажм аллақачон 22 млрд сўмга етди», — деди Санжар Носиров.

Маълумот учун: муробаҳа — товарни устама билан сотиш. Ижара — исломий лизинг ёки ижара. Музораба — капитал ва меҳнат шерикчилиги (бир иштирокчи маблағ беради, иккинчиси лойиҳани бошқаради, фойда келишувга кўра тақсимланади, бошқарувчи шартларни бузмаган бўлса, зарарни инвестор кўтаради). Мушорака — қўшма шерикчилик (томонлар лойиҳага капитал киритади ва фойдани келишувга мувофиқ тақсимлайди, зарар эса иштирок улушларига мутаносиб равишда бўлинади).

Унинг сўзларига кўра, исломий молиялаштириш таркибида муробаҳа шартномалари устунлик қилмоқда — улар умумий ҳажмнинг қарийб 63 фоизини ташкил этади. Музораба ва мушораканинг улуши эса мос равишда 17 ва 14 фоизни ташкил қилади.

Марказий банк раиси ўринбосари, шунингдек, микромолия ташкилотларидан бири тўлиқ музораба асосидаги инвестиция механизмларига ихтисослашганини маълум қилди.

«Бугунги кунга келиб у 300 дан ортиқ аёл тадбиркорни молиялаштирди. У асосан музораба шартномалари ва аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга ихтисослашган», — деди у.

Исломий банкинг тўғрисидаги қонун

Санжар Носиров исломий молияни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи сифатида исломий банк фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганини қайд этди. Унинг эслатишича, мазкур ҳужжат 29 июнь куни кучга кириши керак.

«Менимча, бу Ўзбекистон молия тизими ривожидаги тарихий воқеадир», — деди Марказий банк вакили.

Унинг сўзларига кўра, қонун исломий банкинг учун янги лицензия турини жорий этади ва дуал (икки тизимли) банк моделини мустаҳкамлайди. Бу тўлиқ исломий банкларни ҳам, анъанавий банклардаги исломий дарчаларни ҳам ташкил этиш имконини беради.

«Яъни икки турдаги банклар пайдо бўлади: тўлиқ исломий банк ва исломий дарчага эга анъанавий банк», — дея изоҳ берди у.

Бундан ташқари, шариат назоратининг икки босқичли тизими жорий этилади. Миллий даражада Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши фаолият юритади. У исломий молия стандартларини ишлаб чиқади ва мазкур соҳада банклар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Алоҳида банклар даражасида ҳам ўзининг исломий молия кенгашлари ташкил этилади — ҳам тўлиқ исломий банкларда, ҳам исломий ойнага эга банкларда.

«У шариат талабларига мувофиқликни назорат қилади ва мазкур банк ичидаги исломий молиявий операциялар билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштиради», — деди Санжар Носиров.

Лойиҳа офиси ва янги стандартлар

Марказий банк раиси ўринбосари қонуннинг қабул қилиниши муҳим босқич бўлганини, бироқ исломий банкингни жорий этиш бўйича асосий ишлар энди бошланаётганини таъкидлади.

«Шунинг учун 2025 йилда Марказий банк исломий молияни жорий этиш ва ривожлантириш билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида алоҳида исломий молия лойиҳа офисини ташкил қилди», — деди у.

Санжар Носировнинг сўзларига кўра, мазкур офис тартибга солишни ишлаб чиқиш, идоралараро мувофиқлаштириш ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича марказий майдон вазифасини бажаради.

Унинг иштирокида банкларни лицензиялаш тўғрисидаги низом ишлаб чиқилган. Шунингдек, Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгаши тўғрисидаги низом устидаги ишлар ҳам деярли якунланган. Ҳужжат Марказий банк бошқаруви кўриб чиқиши учун киритилади ва шундан сўнг уни тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

«Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгаши ташкил этилганидан кейин у исломий молиянинг миллий стандартларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради. Бунда шариат стандартлари ҳам катта даражада инобатга олинади. Жорий йилда ушбу кенгаш ёрдамида тахминан еттита стандарт ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз», — деди у.

Марказий банк, шунингдек, шариат бошқаруви ва пруденциал назорат бўйича янги норматив базани қабул қилишни режалаштирмоқда. У банклар учун «аниқ қоидалар ва тавсиялар»ни белгилаб бериши керак.

Санжар Носировнинг таъкидлашича, Марказий банкнинг устувор вазифаларидан бири исломий молия соҳасида молиявий саводхонликни ошириш ҳамда Марказий банк ва банклар ходимларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш бўлиб қолмоқда. Бунинг учун, унинг сўзларига кўра, Марказий банк алоҳида дастурлар ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиққан ва тасдиқлаган.

Исломий капитал бозори ва сукук

Марказий банк вакили исломий молияни ривожлантиришнинг учинчи босқичи сифатида исломий капитал бозори инфратузилмаси учун ҳуқуқий базани яратишни, жумладан сукукни ривожлантиришни қайд этди (Gazeta 2020 йилда ушбу восита ҳақида ёзган эди).

Сукук — облигацияларнинг исломий муқобили бўлиб, фоизли қарз қимматли қоғози эмас, балки актив, лойиҳа ёки бизнесдаги улушни тасдиқловчи сертификат ҳисобланади. Инвестор даромадни фоиз кўринишида эмас, балки фойда, ижара тўловлари ёки активдан тушган даромаднинг бир қисми сифатида олади.

«Бунинг учун капитал бозори тўғрисидаги янги қонун ишлаб чиқилди ва унда сукукка оид қоидалар ҳам назарда тутилган. Қонунда сукукка бағишланган алоҳида катта боб мавжуд. Ушбу мустақил қонун халқаро стандартлар ва энг яхши амалиётларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда», — деди у.

Санжар Носировнинг сўзларига кўра, мазкур ташаббуслар Ўзбекистонда «исломий молиянинг иқтисодий экотизими»ни шакллантиришга ёрдам бериши керак.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

17 06 2026 / 11:22