Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун 150 млн доллар ажратади



Улашинг :


Жаҳон банки Ўзбекистонга «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурининг иккинчи босқичи учун $150 млн миқдорида имтиёзли молиялаштириш маблағлари ажратилишини маъқуллади. Дастур 2031 йилгача олтита вилоятнинг 296 та маҳалласида йўллар, сув ва электр тармоқларини яхшилашга хизмат қилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) 150 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли молиялаштириш маблағлари ажратилишини маъқуллади, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

Маблағлар «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурининг иккинчи босқичини амалга оширишга йўналтирилади. Банкнинг қайд этишича, ушбу дастур мамлакатнинг олтита вилоятидаги қишлоқ ҳудудларида жамоат инфратузилмаси ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.

«Ўзбекистоннинг 38 миллионлик аҳолисидан қарийб ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бироқ кўплаб қишлоқлар ҳанузгача сифатли йўллар, мактаблар, тиббиёт муассасалари, шунингдек, сув ва электр таъминоти хизматларидан фойдаланишда ишончли имкониятга эга эмас. Ушбу камчиликлар маҳаллий ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишни ҳам чеклаб қўймоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда Жаҳон банкининг ХТУ (100 миллион доллар) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (82 миллион доллар) молиявий кўмагида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурини амалга оширишни бошлаган эди.

Дастур 2026 йилнинг июнь ойида якунланишига қадар, унинг доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг қишлоқ туманларидаги 306 та маҳаллада 900 дан ортиқ сублойиҳалар молиялаштирилди.

Ушбу сублойиҳалар, хусусан, 340 дан ортиқ йўллар, 220 та электр таъминоти тизими, 160 та сув таъминоти тизими, 100 га яқин мактаб, 40 та мактабгача таълим ташкилоти ва 10 та кўприкни қуриш ёки модернизация қилиш ишларини ўз ичига олди. Банкнинг таъкидлашича, ушбу яхшиланишлар умумий ҳисобда 1 миллионга яқин қишлоқ аҳолисига тўғридан-тўғри фойда келтирди, уларнинг ярмини хотин-қизлар ташкил этди.

Шу билан бирга, Жаҳон банки инфратузилмани ривожлантириш бўйича сублойиҳаларни танлаб олиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бевосита маҳаллий аҳоли томонидан, маҳаллани ривожлантириш гуруҳлари орқали амалга оширилишини қайд этди. Бундай гуруҳлар иштирокчиларининг камида 50 фоизини аёллар ташкил этади.

«Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастури иккинчи босқичининг умумий бюджети 340 млн долларни ташкил этади. Дастур Жаҳон банки (150 млн доллар), ОИИБ (120 млн доллар) ва Ўзбекистон ҳукумати (70 млн доллар) томонидан молиялаштирилади.

Дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та маҳаллада амалга оширилади. Жаҳон банки томонидан молиялаштириш маблағлари аниқ натижаларга ва дастур ижросининг асосий босқичларига эришилишига қараб траншлар шаклида ажратиб борилади.

Дастур 2031 йилга бориб транспорт инфратузилмаси, ичимлик суви ва электр таъминоти тармоқлари ҳамда бошқа объектларни ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар ҳисобига олтита вилоят маҳаллаларида жамоат инфратузилмаси ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Ушбу ўзгаришлардан қарийб 1,2 млн қишлоқ аҳолиси, жумладан, 600 минг аёллар ва 300 минг ёшлар наф кўради.

Бундан ташқари, 15 та пилот маҳаллада бизнесни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорларга молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда маҳсулотларини сотиш бозорларини диверсификация қилишда кўмаклашади.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида 1500 га яқин тўғридан-тўғри иш ўринлари яратилиши ва маҳаллий бизнес муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшилиши кутилмоқда.

Жаҳон банкининг молиявий иштирокида қишлоқ хўжалиги ҳамда микро, кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантиришга қаратилган бошқа лойиҳалар билан бир қаторда, ушбу дастур лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудлардаги маҳаллаларда яна 25 мингга яқин янги ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилишига қўшимча туртки бўлади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

18 06 2026 / 16:01