Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши 120 та янги таклиф тайёрлади



Улашинг :


Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши 120 та янги таклиф ва ташаббусни тайёрлади, деди Шавкат Мирзиёев. Улар инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ ва банк-молия тизимлари, кадастр, энергетика, корпоратив бошқарув, СИ ва рақамли иқтисодиёт масалаларини қамраб олади.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши 120 та янги таклиф ва ташаббусларни тайёрлади. Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 18 июнь, пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган кенгаш ялпи йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу таклифларни таҳлил қилиб, уларни еттита устувор йўналишга бирлаштирди: инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ тизими, кадастр, энергетика, молия ва банк тизими, корпоратив бошқарув, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт масалаларидир.

Президент энг долзарб таклифлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтди:

· валюта айланмасидаги мониторинг жараёнларини енгиллаштириш;

· исломий суғурта, «яшил» кредит, банкларнинг муаммоли активлари савдосини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий қилиш;

· корхоналарда атроф-муҳит, ижтимоий масъулият ва самарали бошқарувни ўз ичига олган ESG тамойиллари қўлланишини рағбатлантириш.

Президентнинг айтишича, ҳар бир йўналиш бўйича масъул шахслар белгиланиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқилган. Таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларга Vision Invest, BDO, Crowe, OTP Group, Franklin Templeton, Ernst & Young, Costa Legal ва ACWA Power компаниялари раҳбарлари ҳамраис этиб тайинланган.

Кенгаш ҳақида

Хорижий инвесторлар кенгаши 2019 йил охирида президент ҳузурида маслаҳат-кенгаш органи сифатида ташкил этилган. Унинг таркибига хорижий компаниялар, банклар, инвестиция ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро молия корпорацияси вакиллари кирган.

Кенгаш ўз фаолиятини ялпи ва оралиқ сессиялар шаклида амалга оширади. Ялпи сессиялар йилига бир марта, оралиқ сессиялар эса камида икки марта ўтказилади. Бу галги ялпи сессия 5-Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланди.

Президент кенгаш фаолияти ҳақида тўхталар экан, у «оддий маслаҳат механизмидан амалий ислоҳотлар майдонига айланганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мустақил ассоциация мақомини олган кенгаш «том маънода кучли институт даражасига кўтарилди».

Ўтган бир йил давомида Кенгашда иштирок этаётган компаниялар сони 54 тадан 85 тага етди. Улар иқтисодиётнинг 23 та тармоғини қамраб олиб, ишчи гуруҳлар фаолиятида бевосита иштирок этмоқда.

Кенгаш фаолияти самараси

Шавкат Мирзиёев кенгаш аъзолари ташаббуслари «давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топаётганини» билдирди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йилги йиғилишдан кейин 21 та ташаббус бўйича ечимлар топилган.

«Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштирдик. Жумладан: Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай бўлган ўзгартиришлар киритилди; компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молия назоратидан чиқарилди; асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди; халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий ширкатлар учун кўплаб мажбурий талаблар бекор қилинди. Бундан ташқари, «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», — деди давлат раҳбари.

Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш дастури тайёрланган.

Хорижий инвесторларга тенг ва адолатли шароит яратиш бўйича халқаро мажбуриятларни зиммага олишда янги қадамлар ташланган. Ўзбекистон яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилишини эълон қилди.

Хорижий инвесторлар учун тенг ва адолатли шарт-шароитларни яратиш бўйича халқаро мажбуриятларни қабул қилиш мақсадида Ўзбекистон яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўпмиллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш учун ариза берганини эълон қилди.

Ҳозирда Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонун ишлаб чиқилмоқда.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

19 06 2026 / 10:22