Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Шавкат Мирзиёев ЖБ делегацияси билан узоқ муддатли мамлакат дастурини ишлаб чиқишни муҳокама қилди



Улашинг :


Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегация билан ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қамраб олувчи янги узоқ муддатли мамлакат дастурини ишлаб чиқишни муҳокама қилди. Учрашувда банк гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг «Швейцария гуруҳи» йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Антонелла Бассани давлат раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг саломи ва тилакларини етказди.

«Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил сентябрь ойида Нью Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти билан эришилган олий даражадаги келишувлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда.

Йиғилишда 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режаларини қўллаб-қувватлади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

30 06 2026 / 11:15