Сергели тумани ҳокимлигида сунъий
интеллект асосида вазиятлар маркази ишга туширилди. Президент уни пойтахтнинг
қолган туманларида ҳам жорий этиш, шунингдек, гавжум жойлар ва бозорларда
ИИВга онлайн мурожаат қилиш учун «ақлли» қурилмаларни ўрнатишни кенгайтириш
бўйича топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Тошкент
шаҳрининг Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюриб, у ерда идораларнинг
«ягона дарча» тамойили асосидаги ҳамда «Ақлли туман» платформаси базасидаги
вазиятлар маркази фаолияти билан танишди.
Ҳокимлик биносида туман
маъмуриятидан ташқари яна бешта ташкилот жойлашган. Улар аҳоли
ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатмоқда.
Давлат
раҳбарига Ички ишлар вазирлигига онлайн мурожаат қилиш қурилмаси ҳам
кўрсатилди. Ушбу тизимдан мурожаат йўлланганда навбатчи инспектор видеоалоқа
орқали мурожаат қилувчи билан боғланади. Мурожаат автоматик рўйхатга олинади.
Мурожаатчи иш натижаси, инспектор муомаласи, ҳаракати ҳақида ўзининг
баҳосини қўяди.
Давлат раҳбари бундай «ақлли»
қурилмаларни аҳоли гавжум жойлар, бозор ва бошқа объектларга кўпроқ
ўрнатиш бўйича топшириқ берди.
Ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил
этилган. Сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва
ҳал этиш бўйича «Ақлли туман» платформаси ишга туширилган. Вазиятлар марказида
17 та ахборот тизими ўзаро боғланган.
Марказда
ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатларининг
ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти
тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.
Вазиятлар марказини ишга тушириш
доирасида туманнинг 46 маҳалласи билан видеоконференцалоқа йўлга қўйилган
ва марказ билан интеграция қилинган. Шунингдек, тумандаги 25 мактаб
вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.
Платформа таркибидаги «Хавфсиз
туман» тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини
таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик
субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ
тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга
қаратилган. «AI Davomat» тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш
ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини
олишга мўлжалланган.
Шавкат
Мирзиёев вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни
пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди.
Аввалроқ президент Тошкентнинг
Сергели туманидаги янгиланган Янги Сергели кўчасини кўздан кечирганди.
Кўчанинг 2,1 километрли қисмида инфратузилма модернизация қилиниб, кеча-ю
кундуз ишлайдиган савдо, умумий овқатланиш ва дам олиш масканлари ташкил
этилди.
Шунингдек, Сергелида ерусти метроси
остида савдо ва хизматлар ривожлантирилади.
Президент Тошкентнинг 12 та тумани учун «Янги авлод» саноат зонасидан жой
ажратишни топширди. Бу пойтахтдаги ер тақчиллиги сабабли саноат
лойиҳаларини жойлаштиришдаги тўсиқларни камайтиришга қаратилган.
газета.уз
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
07 07 2026 / 11:15