2021 йил 27 май куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш Маркази Ўзбекистон
Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб
чиқарувчиларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва уларга кенг имтиёзлар
жорий этилиши - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзусида
давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил
(Бизнес омбудсман), Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар, етакчи олимлар, шунингдек
тадбиркорлар, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ва соҳага
алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда
мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор чоралар
амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон дунёда эгаллаган ўрнини мустаҳкамлашга
эришди ва босқичма – босқич ушбу соҳада ўз мавқеини яхшилаб бормоқда. 2017-2021
йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари
бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда хусусий мулк
манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай
имкониятлар яратиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Президент ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
бўйича вакил (Бизнес омбудсман) ўринбосари Жамшид Ўрунов ўз кириш сўзида давлатимиз
раҳбарининг 2021 йил 26 февралдаги ПҚ-5009-сон билан тасдиқланган “Ўзбекистон
Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга
мўлжалланган стратегияси белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида бегиланган муҳим вазифалар тўғрисида тўхталиб
ўтди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол
рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари
етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш
ва жорий этиш каби масалалар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Бу борада Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Барно Мирзамова БМТ томонидан
бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни
мутлақо ўзгартириш бўйича иш олиб бораётганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Б.Мирзамованинг таъкидлашича,
сўнгги тўрт йил ичида республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган
ёндашув мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди.
Шунга қарамасдан мамлакатимизда бу муаммо ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган.
Зеро, айни пайтда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ошаяпти, яъни истеъмол
ҳажми кўпайиб бормоқда.
Шунингдек, тадбир
иштирокчилари ўз маъруза ва тақдимотларида бугунги шароитдан келиб чиққан ҳолда
озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, тақсимлаш, республика ҳудудлари бўйлаб
заҳира базаларини шакллантириш, сифатини назорат қилиш, ўз вақтида аҳоли
истеъмолига етказиш каби масалалар тўғрисида маълумот беришди. Жумладан, аҳоли
сонининг ўсиши, ер, сув ва энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиши,
шунингдек, иқлимнинг кескин ўзгариши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга
таъсир этувчи асосий омиллар бўлиб қолаётганлигига урғу бериб ўтишди.
Шу ўринда қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини етиштирувчи тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан
фойдаланишини кенгайтириш, уларга кўчат, уруғлик олиш, иссиқхона қуришга
молиявий кўмак кўрсатиш, субсидиялар ажратиш ва шу асосда янги иш ўринларини
яратиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг фаолиятини
қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим
омиллари ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз аҳолисига ва ташқи
бозорга йил давомида арзон ва сифатли, рақобатбардош мева-сабзавот
маҳсулотларини етказиб бериш имкониятини яратади.
Республикамизда экин ер
майдонларидан, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали
фойдаланиш, томорқа хизмати корхоналари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва
фаолиятини янада кенгайтириш, аҳоли хонадонларини қамраб олиш даражасини ошириш
ва маҳсулотлар экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтириш озиқ-овқат
хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб вазифаларидан бири бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Умуман, халқимиз
хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада
кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда
нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор
қаратилади. Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади
ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади”,- деб таъкидлаган эди.
Давра суҳбати якунида қишлоқ
хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида
белгиланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид вазифалар ижроси, аҳолини
озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш
ҳамда уларнинг ечимларига доир Ҳукумат томонидан қабул қилинган
қонунчилик-меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштириш бўйича амалий таклиф ва
тавсиялар билдирилди.
Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид
31 05 2021 / 13:36